09:52 / 22.04.2018
6 037

Тошкент кўчасида топилган номаълум иморат тарихи Черняевга алоқадор (фото, видео)

Тошкент кўчасида топилган номаълум иморат тарихи Черняевга алоқадор (фото, видео)
Тошкент шаҳри марказидаги кўчалардан бирида ноодатий ҳолатга дуч келдим. Гап шундаки, “Камолон” маҳалласи ичидан ўтиб кетаётсам, қаршимда осмондан тушгандай, уч асрга гувоҳ бўлган иморат кўримсизгина бўлиб турарди. Маҳалладаги ёши катта инсонлардан сўраб-суриштириб билдимки, бу айни рус генерали Михаил Черняев буйруғига биноан қад ростлаган бутхона ҳисобланади.

1864 йил. АҚШда фуқаролар уруши айни авжига чиққанда рус подшоси "шарқни эгалла" шиори билан ўз сарҳадларини кенгайтириш билан овора. Марказий Осиё билан ҳеч кимнинг иши йўқ, буларнинг барчаси бир пайтда юз берди: Буюк Британия Ҳиндистон чегарасидан кесиб ўтмади, Эрон ички зиддиятлар гирдобида, Хитой эса марказлашган ҳокимият сиёсатини юрита олмай қолган бир давр.

Черняев аскарлари 1865 йили зудлик билан Тошкент беклигини эгаллаб олишни кўзлайди. Москва эса генералнинг Туркистондаги ҳаракатини назоратдан қочирди, вазиятдан фойдаланган губернатор ўзбошимчалик билан армиядаги аскарлар ҳаётини, Чимкент музофотини хавфга қўйди. Гап шундаки, Тошкент аҳолиси минтақада катта таъсирга эга Бухоро амирлиги лашкарини тезроқ шимол томонга силжишини кутарди. Бундан ташқари, халқ орасида катта обрў ва эътирофга сазовор бўлган мулла Алимқул лашкари ҳам Тошкентга келаётгани ҳақида миш-миш тарқади.

Михаил Черняев имкониятни қўлдан бой бермай, бунинг устига Кремль билан маслаҳатлашмай, Тошкент қамалини бошлаб юборди. Алимқул аскарлари шаҳарга яширинча кириб олиб, мудофаани қўлга олди. Улар рус босқинчиларига қарши мардонавор курашди, аммо қўмондон мулланинг ҳалокати аскарларга қаттиқ салбий таъсир кўрсатди.

Шу билан барчаси тугамади: рус разведкаси Самарқандда тўпланиб турган амирлик лашкари ҳақида маълумот етказиши Тошкент теварагидаги вазиятни тезлаштириб юборди.

Шундай қилиб, 1865 йил 14дан 15 июнга ўтар кечаси Тошкент ҳужуми бошланди. Русларнинг катта қисми Камонгарон (ҳозирги Камолон) дарвозасига ташланди. Бу ерда камончилар яшарди, улар турли нуқталардан душманга зарба бера бошлади. Қурбонлар ортиб бориши билан ўзбеклар мағлуб бўлишини англашди. Афсуски, тажрибасиз туб аҳоли русларга таслим бўлишдан бошқа илож тополмади.

Маълум бўлишича, ўша кунги жангда руслар томондан 24 нафар аскар вафот этган бўлиб, уларнинг хотирасига мазкур бутхона қурилган. Бутхона деворлари диний битиклар билан безатилган, қўриқчи навбатчилик қисми ташкил этилган. Ва у ҳақиқатан уч аср юзини кўрди.

Октябрь инқилобидан сўнг, советлар ҳокимиятни эгаллади. Бутхона тақдири эса шу билан ўз якунига етди, яъни бутхона деярли бир аср давомида унутилишга маҳкум бўлган.

Қизиқ, археологлар бир нима қазиб топишади, мен эса ер юзида турган бино ҳақида маълумотлар билиб, ўзим учун янгилик кашф этдим. Яна ўйланиб қолдим, балки бу ҳудудни МДҲ давлатларидан келаётган сайёҳларга қизиқарли масканга айлантириш мумкин. Ахир, биргина бутхона олдида Тошкентнинг забт этилиши ҳақида гапирса бўлади.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкент кўчасида топилган номаълум иморат тарихи Черняевга алоқадор (фото, видео)