11:27 / 27.06.2018
3 917

Қабул - 2018. Тайёргарлик қай даражада?

Қабул - 2018. Тайёргарлик қай даражада?
Узоқ тайёргарликдан сўнг абитуриентлар ниҳоят, олган билимини синовдан ўтказадиган вақт яқинлашмоқда. 15 июндан юртимизнинг барча олий таълим муассасаларида бошланган қабул жараёни бугун ҳамманинг диққат марказида. Биз ҳам бу жараён билан яқиндан танишиш мақсадида айрим олий таълим муассасаларида бўлдик.

Тошкент давлат шарқшунослик институти. Бу ерда ҳали ичкарига кирмай туриб ҳам, таълим йўналишлари, қабул сони бўйича маълумот олиш мумкин. Дарвоза ёнида барча маълумотлар катта ҳарфларда ёзилган баннерлар илинган. «Қабул» деб ёзилган томонга одимладик.

Ичкарида залга айланасига қилиб стол-стуллар қўйилган. Ҳар бир стол турган жойнинг тепасида факультет номи акс этган ёзувлар бор. Илгари қайси йўналишга қабул қаерда эканини топгунча анча сарсон бўлардик. «Бўларкан-ку, ёзиб қўйса?!» дея хаёлимдан ўтказдим. Институтнинг ўқув ишлари бўйича проректорини бироз кутишга тўғри келди. Кутиш баҳона институт ҳақида маълумотлар билан танишдим. 4 та ғарб, 14 та шарқ тиллари ўқитилиши, улар орасида урду, уйғур сингари тилларнинг ҳам борлигини кўриб, бундай мутахассис бўлишни орзу қилувчилар кўплигини ўзимча тахмин ҳам қилиб кўрдим.

Афсуски, ҳали бирорта ҳам абитуриент қабулга келгани йўқ. Балки бунга байрам шукуҳи ҳали давом этаётгани ёки қабул бошланганига кўп бўлмагани сабабдир. Шунга қарамай, мавжуд шароит, ўзгаришлар ва абитуриентларга яратилаётган қулайликлар билан танишдик.

— Ёшлар орасида ким бўлишини, қайси йўлдан боришини олдиндан режалаштириб, ўз олдига аниқ мақсад қўйганлар бор ва улар қаерга ҳужжат топширишини билади, — дея изоҳ берди институтнинг Ўқув ишлари бўйича проректори Нодир АБДУЛЛАЕВ. — Бироқ қайси олий ўқув юртига топширишини билмай, иккиланаётганлар ҳам анчагина. Уларнинг тўғри танлов қилишида биз ҳам маслаҳат беришимиз лозим. Мана, киришда маслаҳатчиларимиз ўтирибди. Келган йигит-қизларни қизиқишига қараб маълумот бериш, юридик жиҳатдан тушунтириш учун ҳар бир факультет декани, кафедра мудирлари ва ҳуқуқшунослар жалб қилинган. Қабул вақти эрталаб 9:00 да бошланишига қарамай, маслаҳатчилар 8:00 дан ўз ўрнида бўлади.

Бу кичик залда еттита таълим йўналиши бўйича қабул бўлиб, ҳар бирига алоҳида жой ажратилган. Эътиборимизни тортгани, ариза тўлдириш учун намуналарнинг етарли эмаслиги бўлди. Бу масалага намуналар тайёрлаб қўйилгани, қабулга келувчилар кўпайиши билан улар ҳам тарқатилади, деган жавобни олдик. Қолаверса, бир вақтнинг ўзида 35 нафар абитуриентни қабул қилиш имконияти мавжуд экан. Имтиёзга эга абитуриентлар учун алоҳида техник ходим бириктирилган.

Кимларга алоҳида шароит?
Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти 12 та таълим йўналиши бўйича абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилади. Ҳар бир йўналиш ва унда нималарни ўрганиш мумкинлиги қабул ҳовлисига қўйилган махсус баннерларда ёзиб қўйилган. Қизиғи, таълим йўналишлари сони жорий йилда 5 тага кўпайган.

Қабул комиссияси масъул котиби Камолиддин Зияев билан учрашдик. «Институтимиз реконструкция қилинаётганига қарамай, қабул учун шароит тайёр», дея узун йўлак бўйлаб қабулхонага бошлади. Махсус кўрсатиш белгилари орқали қабулхона қаерда эканини топиш қийин эмас. Ичкарида ота-оналар учун кутиш ва овқатланиш мумкин бўлган ошхона ишламоқда. Ундан нарироқда яна бир хонадан ўтдик. Икки маслаҳатчи ўз иши билан банд. Чап томонда эса махсус зал. Китоб жавонларига тахланган китобларни кўриб, бу ер кутубхонанинг ўқув зали бўлса керак, деб ўйладик. Зал ичида айланасига стол-стуллар қўйилган. Ҳар бир столга факультет номи ёзилган ва махсус ходим ишламоқда.

— Бизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда бошқа имтиёзга эга абитуриентлар учун алоҳида жой қилинган, — деди К.Зияев. — Педагог-психологимиз Вазира Ҳасанова улар билан ишлайди, қабулда қийинчилик бўлмаслигига ёрдам беради. Шундан сўнг ўнг томондаги техник хонада базага киритиш ишлари олиб борилади.

Чиндан ҳам, ногиронлиги бўлган шахсларга енгилликлар яратилгани қувонарли. Айниқса, улар учун 17 та давлат гранти асосидаги квота ажратилгани ногиронларнинг ҳам ҳамма қатори ўқиб, билим олиши мумкинлигидан далолат.

Бир залда 200 ўрин
Тошкент давлат аграр университети кейинги манзилимиз бўлди. Икки маслаҳатчи бошқа институтларда ҳам берилган «Қаерга кетяпсиз?» саволини берди. Жавобимиз эса, уларни керакли одамга бириктириш тараддудига солди. Олдинига Ином акани, сўнг Тўйчи акани қидирдик. Шу вақт оралиғида атрофни кузатиб, кутиш жойига ўрнатилган учта экранга кўзим тушди. Унда қабул бўлаётган заллардан тасвир акс эттирилган. Бу ерда ота-оналар фарзандларини қандай ҳужжат топшираётганини кўриши мумкин экан.

Ниҳоят, сиртқи таълим бўлими бошлиғи Тўйчи Хушвақтов билан учрашдик ва қабул жараёнида абитуриент ўтадиган жараён билан танишдик.

— Олтита таълим йўналишига қабул бўлади, — деди Т.Хушвақтов. — Чап томонда маслаҳатчилар қайси йўналишга топширишига қараб, йигит-қизларни биринчи ёки иккинчи залга йўналтиришади. Шунингдек, ахборот маслаҳат хонасида ҳар бир факультет ҳақида маълумот, тайёрланган махсус видеоролик ҳамда тарқатма материаллар орқали маълумотга эга бўлишлари мумкин.

Икки таълим йўналиши ҳамда ногиронлиги бор, имтиёзга эга ёшлар ва хориждан келган талабгорлар учун алоҳида маслаҳатчилар хизматга шай. Бинога кирдик. Ҳарбий имтиёзга эга бўлганлар учун 12 ўринли махсус қабул хонаси, техник ходим ва ҳар бир столга аризанинг икки — рус ва ўзбек тилларидаги намунаси қўйилган. Ёнидаги хонада эса ногиронлиги бўлган шахслар учун худди шундай шароит қилинган. Учинчи хона хориждан келганларга мўлжалланган бўлиб, ҳужжат топширишда қийинчилик бўлмаслиги учун зарур чоралар кўрилган. Йўлак бўйлаб ўнг томонга юрамиз. Катта зал ва у ерда 200 нафар ёш бир вақтнинг ўзида ариза тўлдириши учун жой ҳозирланган. Ариза намуналари ҳар бир столга қўйилган. Эшик ёнида икки ходим ариза қоғозини тарқатади. Юқори тарафда 8 та компьютерда техник ходим баъзага киритиш билан шуғулланади. Иккинчи қаватга кўтарилдик. Бу ерда яна 50 дан ортиқ ўрин мавжуд. Хуллас, бу ерда қабул учун кўрилган тайёргарлик рисоладагидек.

Ўрганишларимиз давомида 2018 йилги қабул жараёнида ижтимоий тармоқлар орқали ҳам абитуриентлару уларнинг ота-оналари керакли маълумот ва маслаҳат олиш имконига эгалигининг гувоҳи бўлдик.

Нима бўлганда ҳам «Қабул — 2018» энди бошланди. Кузатишда давом этамиз.
Ноилахон АҲАДОВА

Манба: Od-press.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қабул - 2018. Тайёргарлик қай даражада?