Жамият ривожига, мамлакат тараққиётига жиддий тўсиқ бўлиб, соҳалар юксалишига бевосита таҳдид туғдирадиган асосий иллат бу – коррупция.
Бугун, бутун жаҳон миқёсида ушбу жиноятга қарши курашиш энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда ҳам коррупцияга қарши курашишнинг барча ҳуқуқий асослари яратилган бўлиб, бу борада ҳар биримиздан ҳушёрлик ва масъулиятлилик талаб этилади.
Мажбурий ижро бюросининг Шахсий хавфсизлик бошқармаси ходимлари иштирокида Бюронинг Хоразм вилояти бошқармаси
ва туман (шаҳар) бўлимларида “Коррупцияга қарши биргаликда курашамиз” мавзусида давра суҳбатлари ўтказилди.
Ўтказилган давра суҳбатларида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан тасдиқланган прокуратура органлари ходимларининг “Ахлоқ кодекси”даги асосий тушунчалар, яъни хизмат фаолиятида шуҳратпарастлик, дабдабабозликка йўл қўймаслик, ўз мансабини суиистеъмол қилмаслик, порахўрлик ҳамда тамагирликка йўл қўймаслик бўйича ходимларга тушунчалар берилди.
Шунингдек, прокуратура органлари ходимлари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга, раҳбарлик ёки таъсисчилик қилишга, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда, шу жумладан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда иштирок этишга ҳақли эмасликлари алоҳида тушунтирилди.
Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказишини, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келишини, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилишини, ҳаёт сифатини ёмонлаштиришини ва одамлар хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, ходимларга “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳиятини яна бир бор эслатиб, фирибгарлик, пора олиш, пора бериш ва иштирокчилик қилишда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида қандай чоралар қўлланилиши бўйича батафсил тушунтиришлар берилди. Бу борадаги тадбирлар давом эттирилмоқда.
Бобомурод Умаров
МИБ бошқарма бош инспектори
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!