08:31 / 05.08.2018
5 662

Кадрлар танлашда қариндош-уруғчилик методлари ёхуд эҳтиёт бўлинг, непотизм!

Кадрлар танлашда қариндош-уруғчилик методлари ёхуд эҳтиёт бўлинг, непотизм!
Жадаллик билан ўзгараётган дунё ҳозирги кунда хатоларни кечирмайди. Энди ривожланиш йўлига кираётган давлатда эса хатолар янада аянчли оқибатларга олиб келади. Шундай хатолардан бири коррупциядир.

Бу иллатнинг бир неча кўринишлари, турлари мавжуд. Булар бир-бирларидан маълум маънода фарқ қилса-да, оқибати ҳамиша фожиалидир. Коррупциянинг энг хавфли кўринишларидан бири бу – непотизмдир.

Непотизм ўзи нима?

Непотизм сўзи узоқ тарих, “Ренессанс Италияси”га бориб тақалади. Ушбу даврда Рим папалари ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш мақсадида юқори черков мансабларини ўзининг қариндошларига “улашган”. Биринчи бўлиб Папанинг жиянлари бу “ҳиммат”га муносиб кўрилган. Сўнгра, секин-аста уларнинг ўғиллари ва бошқа қариндошлар бундан “баҳраманд” бўлишган ва буни ортидан бир неча сулолалар пайдо бўлди (Орсини, Медичи, Борджа). Кейинчалик ХVII асрда Рим Папаси Иннокентий ХII даврида кардиналлар таркибида фақат бир “nepot” бўлиши белгилаб қўйилди.

Итальянчада “жиян” сўзи nepotismus ҳисобланади. Шу сабабли, қариндош-уруғчиликнинг nepotism сифатида аталиши дунё ҳамжамиятида оммалашди.

Тарих тилга кирганда

Непотизмга тарихдан мисоллар келтирадиган бўлсак, собиқ иттифоқ давлатида Брежнев даври бу иллат жуда авж олганлиги билан эсланади. Ҳаттоки, халқ орасида шундай қочирим гап юрган: “Бу ерда бегоналар юрмайди” (чужие здесь не ходят). Партия ва давлатнинг юқори лавозимлари “бегона” қилинмаган.

Ўзининг инсон ҳуқуқлари ва демократия ҳимоячиси саналмиш АҚШ давлати ҳам бу иллатдан бегона эмас. Масалан, Уллис Грант даврида унинг қариндошлари оз эмас кўп эмас 40 мансабга “муносиб” кўрилган. Бушлар оиласи даврида бундай рўйхатга мисоллар кўп. Масалан, Федерал Сайлов Комиссияси раислиги, бош меҳнат прокурори, Меҳнат Котиби, Менежмент ва Бюджет ташкилоти бош консули каби мансаблар амалдорларнинг қариндошларига “ишониб топширилган”.

ХХ аср Яқин Шарқда коррупциянинг бу кўриниши жуда урф бўлган. Буни айниқса Ироқ давлатида Саддам Ҳусайн пайтида яққол кўришимиз мумкин. Муаммар Каддафийнинг ўғли эса мамлакат футбол федерациясини бошқарган.

Таклиф

Шарқ фалсафаси ҳар бир жабҳада бошқа цивилизацияларга ўрнак бўлиши мумкин. Бу мавзуда ҳам Хитой фалсафаси отаси Конфуций таълимотидан жавоб топиш мумкин. Унинг таълимотига кўра, бу иллатни олдини олиш учун аввало таълим соҳасига эътибор қаратиш лозим. Олий таълим, ўрта мактабдан ташқари айнан раҳбарлик учун махсус таълим жорий этилган. Бирор лавозимга тайинланиши учун албатта Император имтиҳонидан ўтиши лозим бўлган.

15 йил муқаддам Хитойда бу имтиҳонлар яна қайта тикланган. Бу нарса коррупция ва непотизмнинг ўқ томирига болта урган. Албатта, бутунлай йўқ бўлиб кетмаган, аммо юқори лавозимни эгаллаш имконияти “қора халқ” вакилларида ҳам пайдо бўлган.

Бундай тизимга қисман ўхшаш тузилма бизда ҳам мавжуд. Президент қошидаги Давлат бошқарув академияси бу вазифани ўз бўйнига олган. Яъни, велосипедни қайтадан ихтиро қилиш шарт эмас, бундай тизим олдиндан бор. Лекин, бу тизимнинг ишлаш самарадорлиги, тайёрлаган кадрлари ҳали кўзга ташланмади.

Мансабга тайинлаш бўйича ҳам Хитой тажрибасидан фойдаланиш самарали деб ўйлайман. Юқори малакали академиклардан тузилган Комиссия ташкил этилиб, уларнинг фаолиятини мустақил шаклда олиб боришини қонун орқали мустаҳкамлаш лозим. Хитойнинг иқтисодий ўсиши ҳам худди шундай комиссия танлаган кадрлар сабаб, албатта. Мамлакат ва халқнинг аҳволи ўсишда ҳам, пасайишда ҳам инсон бош омил ҳисобланади.

Бу иллат бизнинг мамлакатда мавжуд эмас деб мақтана олмаймиз. Биздек потенциали юқори мамлакатнинг паст иқтисодий кўрсаткичлари вазиятни яққол кўрсатиб турибди. Аммо, ислоҳотлар бошланди ва бутун бошли тизимларни эгаллаган “сулолалар” ўрнини иқтидорли кадрлар эгаллаётгани ўз самарасини беришига умид қиламиз.
Баҳодир Аҳмедов

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Кадрлар танлашда қариндош-уруғчилик методлари ёхуд эҳтиёт бўлинг, непотизм!