12:12 / 15.08.2018
2 962

Ёпиқлиқ қозон ёпиқлигича қолмоқда. Прописка муаммоси қачон ҳал этилади?

Ёпиқлиқ қозон ёпиқлигича қолмоқда. Прописка муаммоси қачон ҳал этилади?
Кейинги икки йилда Ўзбекистон давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида кенг кўламли ижобий ўзгаришлар рўй берди. Бунда асосий эътибор фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва аҳоли манфаатларини амалда таъминлашга қаратилди.

«Инсон манфаатлари – ҳамма нарсадан устун», «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», деган эзгу ғоялар Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичига қадам қўяётганлигини англатмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 22 январда Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилиши белгиланган «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги фармони эълон қилинди.

Фармон билан вақтинча ёки доимий пропискаси бўлмаган ёхуд турар жойи бўйича ҳисобда турмаган фуқароларни ишга олишга оид тақиқ бекор қилиниши керак эди. Ушбу норма фуқароларга мамлакатимизнинг исталган ҳудудида, айниқса, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ишга жойлашишда ҳеч қандай чекловларсиз ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имконини беради. Истиқболли кадрлар қаерда доимий ёки вақтинча прописка қилингани, турар жойи бўйича ҳисобда турганидан қатъи назар, пойтахт минтақасида меҳнат қила олади. Ўз навбатида, иш берувчилар вақтинча ёки доимий пропискаси бўлмаган ёхуд турар жойи бўйича ҳисобдан ўтмаган фуқароларни ишга олганликлари учун жавобгарликдан озод этилади.

Фармон асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва ижро этиш муддати 2018 йил 1 апрель санаси этиб белгиланганди.

Лойиҳаларда:

вақтинча ёки доимий пропискасиз фуқароларни ишга қабул қилишни рад этиш билан боғлиқ амалиётга барҳам бериш;

меҳнат муносабатлари жараёнида паспорт тизими қоидаларига риоя этмаганлик учун иш берувчининг маъмурий жавобгарлигини бекор қилиш;

вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаганлик, яшашга йўл қўйганлик учун маъмурий жазо чораларини енгиллаштириш назарда тутилади, дейилганди.

Тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари устида Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, ИИВ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги иш олиб бориши белгиланганди. Айни вақтда ходимлари Тошкент шаҳрида доимий рўйхатга олинишида имтиёзларга эга ташкилотлар.

Ўзбекистонда прописка, паспорт олиш, таълим, меҳнат қилиш ва бошқа конституцион ҳуқуқларни амалга ошириш билан боғлиқ чекловларни бекор қилиш режалаштирилаётганлигини эшитган фаол фуқароларимиз баъзи бир сайтлар ва ижтимоий тармоқларда ўз хурсандчилигини яшира олмасдан фикрлар билдиришди.

Ўзбекистонда вақтинчалик ёки доимий пропискасиз фуқароларни ишга қабул қилишдаги тақиқ бекор қилинишини кўпчилик катта ҳушхабар сифатида қабул қилди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилардан бири Зафар Ёриев бу хабарни «Йилнинг энг яхши янгилиги», деб атади.

Ободон Рейимбоева — «Ўзбекистон фуқароларининг кониституциявий ҳуқуқлари тикланишига асос солинибди. Вилоятларни ажратиб ташланишининг олди олинибди. Энди Тошкент шаҳри тараққиётига янада кенг йўл очилибди», деб фикр қолдирган.

Нормурод Ҳамроев — «Ҳақиқатдан ҳам ажойиб янгилик! Энди юртдошларимиз давлатимизнинг ҳоҳлаган жойларига бориб қонуний тартибда доимий яшаш жойи пропискаси билан ишга жойлашиш имкониятига эга бўлди. Хусусан, ватанимиз пойтахти Тошкент шаҳрида ҳам. Зеро, пойтахтимизда ишлаш имкониятлари кенг ва ишчи ўринлари бисёр. Олдин пропискаси бўлмаса, ишга қабул қилинмаслиги минглаб юртдошлармиз мутахассисликлари бўйича ишга жойлаша олмаслигига сабаб бўлаётган эди. Муҳтарам юртбошимизнинг қарорларида қайд этилган ушбу имкониятлар билан фақат табриклаш керак!» деб ёзганди.

«Отасига раҳмат, шу қарорни имзолаганнинг, – деб фикр қолдирган фойдаланувчилардан бири Фахриддин Турдиев. – Ўзбекистон фуқароси хоҳлаган жойида яшаши керак. Қандай яхши хабар! Шу вақтгача вилоятликлар камситиб келинганди. Ахир шу юрт учун ишласак, шу юрт учун солиқ тўласак, нима учун ватанимиз пойтахтидан уй-жой олиб яшолмаймиз, деган фикр қийнарди мени. Бугун армонларимиз ушалган тарихий кун бўлди».

Биз бу фикрларни бежизга келтирмадик. Президентимизнинг ушбу фармонидан сўнг минг-минглаб ватандошларимиз орзу-армонлари ушалишига умид қилганди.

Афсуски, йил поёнига етиб бораётган бўлсада, фармон ижросига масъул булган идоралар раҳбарларининг бу ҳақда бош қотиришига ҳали ҳам қимматли вақтлари етмаётгандай кўринмоқда.

Бундай очиқроқ фикр билдиришга ундаган кўплаб мурожаатлардан бирини сизнинг эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.

(Халқ дардини халқнинг ўзидан эшитамиз. Бизга ўз дардини айтган фуқаромиз, истиҳола юзасидан қайси мактаб директорига мурожаат қилганлиги ва ўзининг кимлигини ошкор этмаслигини илтимос қилди)

— Олий маълумотга эгалигим ва ихтисослигим тўғри келгани ҳамда яшаш манзилим яқинлиги боис пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги мактаблардан бирига бориб, иш сўраб мактаб директорининг қабулига кирдим. Маълумотимни кўриб чиқиб, сиздай яхши мутахассис бизга керак, деб айтди. Бу сўзларни эшитиб, қувончим ичимга сиғмай турганида — энг оғриқли, одамнинг жон-жонидан ўтиб кетадиган саволни берди: Тошкент шаҳрида доимий ёки вақтинча пропискангиз борми? Йўқ деб, жавоб қилдим. Ҳеч бўлмаганда вақтинча прописка қилиб келинг, шундан сўнг сизни ишга қабул қиламиз. Қилолмасангиз сизни ишга олишга ҳаққим йўқ деди. Шунда Президентимизнинг фармони билан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий ёки вақтинча пропискасиз бўлса ҳам ишга қабул қилишга рухсат этилганини оммавий ахборот воситаларида қайта-қайта айтишди-ку, дедим. Директор менга қараб, бундан менинг хабарим йўқ экан, деб кулди. Ва ким айтади, нима қилади билмадим. Менга юқоридан пропискаси бўлмаган ходим бўлса ҳам ишга ол деган бўйруқ ҳалигача келгани йўқ. Мен шунга амал қиламан, дедида яхши боринг, деб хонасидан чиқиб кетишимга ишора қилди.

Юқоридаги ҳолатларни кўриб жим кета олмайсан киши. Ўз-ўзидан саволлар пайдо бўлади. Нега масъул давлат идоралари шу вақтга қадар мазкур масала билан боғлиқ ишлар ҳақида ҳеч қандай хабар беришмади? Нега йил якунланаётганига қарамай лойиҳа ижроси нима сабабдан кечикаётганлигини изоҳлашмади? Оддий ҳалқ елкасига ҳам офтоб тегадими ўзи? Ёки қорни оч билан қорни тўқнинг нима иши бор зайлида иш давом этаверадими? Саволлар бисёр. Ҳозирча сукунат. Албатта, мазкур муаммолар бўйича тегишли мутасадди ташкилотлардан жўяли изоҳлар кутиб қоламиз.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ёпиқлиқ қозон ёпиқлигича қолмоқда. Прописка муаммоси қачон ҳал этилади?