09:28 / 31.08.2018
4 724

​"Бунёдкор" стадиони: бир томонлама ўйин

​"Бунёдкор" стадиони: бир томонлама ўйин
Тошкентдаги “Бунёдкор” стадиони (яқинда “Миллий” номини олган) нафақат пойтахтда яшовчилар, балки бутун Ўзбекистон аҳолисининг ғурур билан тилга оладиган гўшаси ҳисобланади. Ушбу меъморий обидада футбол ўйинлари ва турли машғулотлар ўтказиш учун барча шароитлар яратилган бўлиб, у нафақат давлатимиз аҳолисини, балки хорижий меҳмонларнинг ҳам эътиборини ўзига тортади. Шу туфайли, шу кунларда Интернет тармоғида ушбу спорт мажмуаси қарзлар туфайли сув ва электр таъминотидан узилгани ва футбол билан шуғулланадиган болалар овқат тайёрлаш учун ўтин ёқаётганлари ҳақида тарқаган мақолалар, рости, таажжубга солганди.

Эслатиб ўтамиз, “Бунёдкор” стадионининг очилиши ўзбек спорти ва бутун мамлакатимиз учун унутилмас воқеага айланган эди.

Стадионга ташриф буюриб уни кўздан кечирган УЕФА собиқ раҳбари Мишел Платини, ФИФАнинг ўша даврдаги раҳбари Йозеф Блаттер унга юқори баҳо бериб, бу каби иншоотлар дунёда жуда кам эканлигини таъкидлашган.

Кўпчиликда “Бунёдкор”нинг келажаги порлоқ экани ва унда муаммолалар бўлиши мумкин эмаслиги борасида шубҳа бўлмаган. Айниқса, унинг эгаси давлатимизнинг илғор футбол клубларидан “Бунёдкор” бўлса ва у спорт мажмуасида мунтазам равишда ўйинлар ўтказиб турса.

Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 мартдаги “Футболни янада ривожлантириши бўйича чоралар тўғрисидаги” қарорига мувофиқ, “Бунёдкор” стадиони Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси тасарруфига ўтказилган эди. Аввалида, ҳеч нарса бўлмагандай туюлган эди. Хўп, таъсисчи ўзгарди, хўп, футбол клуби қошида стадиондан фойдаланиш дирекцияси бор эди, эндиликда у Футбол федерацияси юрисдикциясига ўтди.

“Бунёдкор” стадиони директор ўринбосари Виктор Сумбаевнинг журналистларга берган интервьюсида айтишича, “Ҳозирда стадионни молиялаштириш амалга оширилмаяпти.” Ва унинг фикрича, бунда айбдор... Ўзбекнефтгаз АЖ. Чунки “ушбу вазифани бажариш давлатимиз раҳбари ва Вазирлар маҳкамаси қарорлари билан айнан Ўзбекнефтгазга юклатилган” экан.

Жаноб Сумбаевнинг шикоятига кўра, футбол ўйинларини ўтказиш учун деярли маблағ йўқ, чунки 35 минг томошабинга мўлжалланган стадионга бор-йўғи 3-5 минг футбол ишқибозлари келар экан. Одамларни жалб қилиш учун эса қолган чипталарни бепул тарқатишга тўғри келаётган экан.

Умуман олганда, стадион дирекциясининг даъво ва шикоятлар рўйхати жуда узун.

Биз эринмай ҳисоб-китоб қилишга қарор қилдик. Агарда, чипталар энг паст нархда, айтайлик, 5 минг сўмга сотилган бўлганида, бир ўйин учун сотилган чипталардан 15 миллиондан 25 миллион сўмгача фойда қилиш мумкин эди.

Ўзбекнефтгаз АЖ маълумотига кўра, “Бунёдкор” стадиони дирекциясига молиявий кўмак мақсадида шу йилнинг январ ойидан июл ойига қадар компания 4,5 миллиард сўм ажратган, август ойида эса – 746,4 миллион сўм ва шунда ҳомийлик маблағи жами 5,3 миллиард сўмни ташкил қилган.

Ушбу ҳомийлик маблағлари мажмуанинг умумий ҳолатини сақлаш, ишчилар ойлик маошини тўлаш, спорт тадбирларини тегишли даражада ўтказиш ҳамда коммунал хизмати харажатларини қоплаш учун мўлжалланган эди.

Кўриб турибмизки, Ўзбекнефтгаз АЖ томонидан ажратилган маблағ анча катта. Стадионинг даромади эса кандай? Таъкидлаш жоиз, рақамлар жуда кулгили.

2016 йилда стадион даромади 1,9 миллиард сўмни ташкил қилган бўлса, 2017 йилда ушбу кўрсаткич 1,3 миллиард сўмгача тушиб кетган, 2018 йилниг биринчи ярмида эса – стадион 200 миллионга яқин фойда кўрган холос.

Ўзбекнефтгаз АЖ Президентнинг март ойидаги қарорига мувофиқ “Бунёдкор” стадионини қўллаб-қувватлаш мақсадида харажатларнинг бир қисми компания зиммасига юклатилганини тасдиқлади. Шуни ҳам инобатга олиш керакки, харажатларнинг ҳаммасини эмас, балки бир қисмини. Ҳужжатда аниқ бир маблағ миқдори белгиланмаган.

Ҳақиқатдан ҳам, ҳужжат матни диққат билан ўрганилса, стадионни молиялаштириш манбалари орасида биргина Ўзбекнефтгаз АЖ кўрсатилмаган. Рўйхатда спорт мажмуаси дирекцияси ва “бошқалар манбалар” бор. Агар, шу йилнинг ўзида Ўзбекнефтгаз 5 миллиарддан ортиқ маблағ ажратган бўлса, “Бунёдкор” стадиони бинолари ва иншоотларидан фойдаланиш дирекцияси МЧЖ томонидан ажратилган маблағ миқдори қанча? “Бошқа манбалар”дан эса қанча молиявий ёрдам келиб тушган? Ушбу саволларга жавоблар қониқарли бўлиши гумон.

Бир нарсага қўшилмасликнинг иложи йўқ, бизнинг маҳаллий нефт ва газ компанияси бошқа масалалар билан шуғулланиши керак, хусусан, ер ости бойликларини қазиб олиши, уларнинг қидируви билан шуғулланиши, улардан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан аҳолини таъминлаши, ҳамда йирик инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш. Ва, эҳтимол, ҳамма корхонлар каби, компания ҳам пуллари ва харажатларини диққат билан ҳисоблашга мажбур. Бу бозор иқтисодиёти демакдир.

Бироқ, стадион дирекциясининг бу борадаги фикри айро кўринади. Улар ўйлашича, мажмуа сарф-харажатларини бошқа биров кўтариши зарур, уларнинг вазифаси эса – ташқаридан келиб тушган маблағларни сарфлаш. Бунинг турган битгани боқимандачилик! Бир томонлама ўйиннинг ўзи! Айни номли футбол клуби томонига айтилган танбеҳ, спорт мажмуасининг ҳозирги эгаларига ҳам қаратилгани аниқ.

“Ким айбдор?” деган саволдан “Нима қилиш зарур?” деган саволга ўтилса яхшироқ бўлади. Ва бунда хориж тажрибаси диққатга сазовор.

Стадион ўз харажатларини қоплаши учун унинг доимий равишда томошабинлар билан тўлдириш кўрсаткичи камида 70-80% ни ташкил қилиши зарур. Собиқ Совет иттифоқи худудида бунга фақат Донецкдаги “Донбасс Арена” стадиони эришган. Россияда бу кўрсаткич ўртача 20% атрофида. Ўзбекистонда эса бунданда паст. Ундай бўлса, спорт майдонлари “қимматбаҳо ўйинчоққа” айланиб қолиши мумкинми?

Унда масалага бошқача ёндашув зарур: томошабинларни қандай йўл билан жалб қилиш мумкин? Инглиз прмеьер-лигасини оладиган бўлсак, ундаги барча клублар ва уларга қарашли стадионлар эгаларига фақат даромад олиб келади. Улар бунга қандай эришади?

Улар ишонадиларки, кенг аудиторияга мўлжалланган стадионлар нафақат харажатларни қоплашга, балки катта даромад олиб келишга қодир. Масалан, улар томошабинларни IT хизматлари доирасини кенгайтириш билан жалб қиладилар. Ҳозирда ташриф буюрувчилар учун турли мобил иловалар фаол равишда ривожлантирилмоқда: стадион харитаси, статистика, бир вақтда ўтказилаётган ўйинларнинг матни ва видеоузатуви.

Стадионнинг бошқа тадбирларни ўтказиш имкони борли унинг жозибадорлигини янада оширади. Стадион майдони бошқа спорт тадбирлари (енгил атлетика, кураш, якка кураш ва бошқалар) ёки маданий-ҳордик дастурлари (концертлар, шоулар) ни ўтказиш учун тезкор ўзгартириш имконига эга бўлиши кераклигини инобатга олиш зарур. Бу ҳолатда, барча жиҳатларни ҳисобга олиш керак: томошабинлар ўриндиқлари ва стадион майдонини қайта жиҳозлаш, телеузатувни ташкил этиш ва хавфсизликни таъминлаш.

Голландиянинг “Аякс” клуби ҳаммага таниш. Ички ўйинларни клуб “Амстердам Арена” стадионида (ҳозирда стадион “Йохан Кройф” номини олган) ўтказади. Ушбу ўта даромадли стадионнинг эгаси Амстердам муниципалитетидир. “Аякс” чилар эса стадионда ўйин ўтказишлари учун анчагина ижара ҳақи тўлашади.

1996 йилда 140 миллион еврога қурилган бу стадион ишга туширилганидан олти йил ичида харажатларни қоплаб бўлган. Бунга сабаб, аъло даражада ишлаб чиқилган ва ҳисоб-китоб қилинган лойиҳадир. Стадиондан унча узоқ бўлмаган жойда, муниципалитет томонидан ажратилган ер майдонида 14 залга эга кинотеатр, концерт зали ва кўплаб дўконлар (ҳозирда улар жами 350тани ташкил қилади), бир нечта ресторан, меҳмонхоналар ва транспорт тугуни қурилган.

“Аякс” ўйинлари учун сотиладиган чипталардан ташқари, кам бўлмаган даромадни ўйинлар давомида сотиладиган абонемент чипталар ва клубга таалуқли аксессуарлар, ичимликлар ва егуликлар олиб келади.

Даромаднинг кўп қисмини бу ва бизнес класс ҳудудлардаги ўринларга ажратилган чипталар олиб келади. 53 минг кишилик стадиондаги 5 минг ўрин бизнес худудга, яъни 10% ва 600 ўрин 60 та вип худудларда жойлашган. Бундай бир жойнинг бир мавсум қиймати 100 минг еврога яқин. Бизнес ҳудудига абонемент чиптаси 5 мингдан 6 минг еврогача баҳоланади. Бундай худудлардаги ўринларни сотиш икки баробар кўпроқ даромад олиб келади, оддий чипталарни сотишдан йиғилган жами даромадни инобатга олганда ҳам.

Стадион ҳудудида турли анжуманлар, симпозиумлар, кўргазмалар, автосалонлар ўтказилади. Шунингдек, стадионни бошқа байрамлар учун ҳам ижарага олиш мумкин.

Стадионнинг машҳур бўлиб кетишига у ерда ўтказиладиган концерт ва шоулар ҳам ўз ҳиссасини қўшгани аниқ. Стадионда биринчи бўлиб дунёга машҳур қўшиқчи Тина Тёрнер концерт берган. Ижрочининг 1996 йил сентябрда ўтказган учта концертига жами 150 мингга яқин одам келган. “Амстердам Арена”нинг тузилиши бошиданоқ бу каби тадбирларни ўтказишга мўлжалланган: майдондаги майса ўрам шаклида йиғилади - бунинг учун 14 соат вақт сарфланади, ва томошабинлар учун қўшимча майдон очилади - шундай қилиб стадионда ўтказиладиган концертлар мобайнида унга 68 минг киши сиғади.

Шу каби оммавий тадбирларни “Бунёдкор” стадионида ҳам ўтказиш мумкинку? Шубҳасиз, маҳаллий ва ҳориж эстрада юлдузларининг концертларида томошабинлар стадионни тўлдирар эдилар ва чипталар нарҳи ҳам пойтахт театр майдонларидагига нисбатан анча кармонбоп бўларди.

Стадион даромад келтириши учун бошқа кўплаб йўллар мавжуд. Жумладан, мажмуада экскурсиялар ўтказиш, овқатланиш жойларини тўғри ташкил қилиш ва бошқалар.

Агар биз миллий футбол жамоасига раҳбарлик қилишга ҳориждан мураббий ёллашни эп билсак, унда “Бунёдкор” стадионини ривожланган ва даромадли жойга айлантириш учун Тошкентга ҳориждан мутахассислар ва маслаҳатчиларни таклиф қилишимиз мумкинку!

P.S. Айрим Интернет нашрларнинг “Бунёдкор” спорт мажмуаси коммунал хизматлардан қарздорлиги борлиги туфайли сув ва электр таъминотидан узиб қўйилганлиги тўғрисида тарқатган шов-шувли хабарлари аслида қалбаки. Бу ҳолат кўпчилик журналистлар томонидан ҳам тасдиқланди. Хунук хабарлар тарқаганидан сўнг, улар стадионга ташриф буюриб, унинг ҳолати билан яқиндан танишдилар. Маълум бўлишича, электр қуввати фақат бир маротаба кечаси ўчиб қолган, сув эса доим оқиб турган ва футбол майдонларидаги майсалар доимий равишда суғорилиб турган. Ва, албатта, ёш футболчилар машғулотлар давомида овқат тайёрлаш учун ўтин ёқишмаган...

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ​"Бунёдкор" стадиони: бир томонлама ўйин