
Рашк туфайли севгилисининг машинасини ёқиб юборган қиз икки йилга қамалди.
Бахт билан бахтсизликнинг ораси — бир қадам, дейди донишмандлар.
Ҳақиқатан ҳам, бахтиёр кунларга шукр қилмаслик, беписандлик ва кибр-ҳавога берилиш, охир-оқибат, бундай ношукр кимсани тўғри йўлдан адаштиради, бахтсизлик домига етаклайди.
Афсуски, ҳаётда буни тасдиқлайдиган аччиқ мисоллар бот-бот учраб туради. Бахтиёр (исм-фамилиялар ўзгартирилди) билан Гулсанамнинг қисматини олайлик.
Уларнинг кўча-кўйда, одамлар кўз ўнгида очиқ-ойдин бирга юришганини кўрганлар яқинда икки ёшнинг тўйи бўлади, деб ўйлашгани тайин. Тўй эса, негадир орқага сурилгандан-сурилаверди.
Аслида икки ёш бир-бирига кўнгил қўйган, ўзаро муносабатлари жуда қалин эди. Бундан уларнинг оила аъзолари ҳам яхши хабардор бўлган.
Бироқ ҳаёт фақат ширин дамлардан иборат эмас экан. Бундай дейишимизга сабаб — шу йилнинг январь ойида нима бўлди-ю, Бахтиёр билан Гулсанам гап талашиб қолади. Шундан сўнг Бахтиёр қизнинг хонадонига қадам босмай қўяди. Бунинг устига у май ойида ишлаш учун хорижга кетиб қолади. Гулсанам орадан ўн кун ўтгач, Бахтиёрнинг чет элга кетганидан хабар топади.
Қиз йигитга: «Менга айтмасдан нима учун чет элга кетиб қолдингиз», деб телефон орқали хабар жўнатади. Кўп ўтмай хориждан унга қўнғироқ бўлади. Бахтиёр уни ҳам хорижга олиб келиш ниятида эканини айтиб, қизга тасалли беради.
Аммо ваъда ижобат бўлмайди, бунга имкон ҳам топилмайди. Гап шундаки, Бахтиёр инон-ихтиёрини ўзига топшириб қўйган Гулсанамга хиёнат қилади. Олис юртда бегона жувон билан эр-хотиндек яшай бошлайди.
Бундан хабар топган Гулсанам табиийки, қаттиқ ранжийди, рашк васвасасида ҳаловатини бутунлай йўқотади.
Бу орада Гулсанам айни дамда Бахтиёр билан бирга яшаётган Тойлоқ туманилик ўша нотаниш жувон билан ҳам телефонда гаплашади. Унинг шубҳа-гумонлари тўғри чиқаётганди. Чунки Бахтиёр кейинги пайтларда Тойлоқ туманида ишлаган. Демак, Тойлоқдан ўзига бошқа маъшуқа топган ва сўнг бирга хорижга кетган.
Рашк оловида жизғанак бўлаётган Гулсанамнинг кўзига ҳеч нарса кўринмасди. У Бахтиёрдан ўч олиш пайига тушади. Қандай қилиб бўлса-да, уни яна ўз ёнига қайтариш йўлларини ахтара бошлайди.
Бахтиёр хорижга кетишидан аввал «Нексия» русумли автомашинасини бошқариб юриши учун укаси Элшодга ишончнома расмийлаштириб берганди. Гулсанамнинг ҳаёлига ана шу автомашинани ёқиб юбориб, Бахтиёрдан ўч олиш фикри келади. У қабиҳ режасини амалга оширишдан аввал Бахтиёрга қўнғироқ қилади.
— Қўлингдан келганини қил, — дағдағали жавоб қайтаради Бахтиёр.
Бу пайтда қизнинг ғараз ниятидан мутлақо бехабар Элшод Гулсанамнинг олдига етиб келганди. «Нексия»нинг орқа ўриндиғига ўтиргач, Гулсанам аввал Элшодни, сўнгра қўлидаги гугурт ва қора целлофан идишдаги бензинни суратга туширади.
Шундан сўнг у елим идишдаги ёқилғини автомашина ўриндиқларига сепа бошлайди. Буни кўрган Элшод қизнинг қўлидаги идишни тортиб олишга ҳаракат қилади. Гулсанам эса, гугурт чақади ва автомашина ичида кучли ёнғин бошланади.
Элшод ўзи ўтирган олд тараф эшигини очиши билан ёнғин уни ташқарига итқитиб юборади. Ёқилғини автомашина салонига сепаётган пайтида Гулсанамнинг кийимларига ҳам бензин сачраганди. Эшикни очганида кўйлагини ўт олади…
Ёнғин оқибатида «Нексия» автомашинаси куйиб-кулга айланади.
Жабрланувчи Элшод Мелиқуловнинг автомашина ичида бўлган фуқаролик паспорти, ишончнома, суғурта полиси, автомашинанинг техник ҳужжати, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва огоҳ талони ўрнига берилган вақтинчалик гувоҳнома ҳамда 80 минг сўм пули ёниб кетади.
Суд судланувчи Г. Зубайдуллаева содир этган — ўзганинг мулкини атрофдагилар учун хавфли усулда қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказишда ифодаланган жиноий хатти-ҳаракат дастлабки тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 173-моддаси 2-қисми «б» банди билан тўғри малакаланган деб топди.
Бироқ судланувчи Г. Зубайдуллаевага Жиноят кодексининг 112-моддаси 1-қисми билан қўйилган айб ортиқча квалификация қилинган, деб ҳисобланди. Чунки судланувчи Г. Зубайдуллаева Б. Мелиқуловга «машинангни ёқаман, кейин онангни ўлдираман» деб телефон орқали хабар юборганди.
Иш ҳужжатлари ва суд тергови давомида аниқланган ҳолатларга кўра, судланувчи Г. Зубайдуллаева мазкур иш бўйича тергов органи томонидан жабрланувчи деб эътироф этилган Н. Самариддиновага эмас, балки унинг ўғли Б. Мелиқуловга таҳдид қилган. Бундай ҳолатда судланувчи Г. Зубайдуллаева Н. Самариддиновани ўлдираман деб қўрқитган дея баҳолаб бўлмайди, бунинг учун етарли асослар мавжуд эмас.
Шу сабабли суд Жиноят кодексининг 112-моддаси 1-қисмини судланувчининг айбловидан чиқарди ва ишнинг шу қисмини ҳаракатдан тугатди.
Суд судланувчи Г. Зубайдуллаевани Жиноят кодексининг 173-моддаси 2-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди. Унга нисбатан икки йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Шунингдек, суд ҳукмида судланувчидан жабрланувчи Э. Мелиқуловга акаси Б. Мелиқуловга тегишли «Нексия» автомашинасига жиноят оқибатида етказилган 32 миллион сўм моддий зарар ундирилиши қайд этилди.
Ҳа, Гулсанам ҳаётда адашди — ўшанда Бахтиёр билан танишганидаёқ уни уйига етаклаб келди ва катта хатога йўл қўйди. Бу адашиш оқибати ўч билан якун топди. Афсуски, ўч олиш замирида жиноий қилмиш юз кўрсатди.
Бу билан Г. Зубайдуллаева ўз тақдирига қора қисмат битилишига сабабчи бўлди. Бинобарин, ўзликни унутиш, никоҳнинг муқаддаслигини тан олмаслик, оила қуришда ота-боболаримизнинг миллий урф-одатларига амал қилмаслик, азалий қадриятларга риоя этмаслик, шарм-ҳаё, ибо ва андишадан чекиниш уни шундай бахтсизликка гирифтор этди.
Манба: UzNews.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар