22:12 / 13.01.2019
3 693

Ўзбекистонда жамоат транспорти тизимидаги муаммоларни қандай ҳал қилиш мумкин?

Ўзбекистонда жамоат транспорти тизимидаги муаммоларни қандай ҳал қилиш мумкин?
Ўзбекистонда жамоат транспорти тизимидаги муаммоларнинг сабаблари нимада ва уларни қандай ҳал қилиш мумкин? Хорижда бу борада қандай амалиёт йўлга қўйилган? Хориж амалиётини Ўзбекистонда ҳам жорий этиш мумкинми? Биз қуйида Канададаги жамоат транспорти тизимини кўриб чиқамиз ва ўз таклифларимиз билан ўртоқлашамиз.

Ягона транзит тизими

Канададаги катта шаҳарларда, мегаполисларда транспорт тизими ягона транзит тизимига бирлашган. Транзит тизими бу - автобус, трамвай, метро барчаси бир тизимга бирлашиши дегани. Бу тизим давлатга қарашли бўлиб, уни шаҳар мэрининг биринчи ўринбосари бошқаради.

Шаҳар транзит тизими қандай ишлайди? Мисол учун, бир жойдан чипта сотиб оласиз ва ана ўша чипта билан манзилга етиб олишингиз мумкин. Неча марта транспорт алмаштирсангиз ҳам – автобусми, трамвайми, метроми - ана ўша битта чипта амал қилади. Бу билан шаҳардаги автомобиллар тирбандлигига барҳам берилади.

Яна бир шаҳарда эса вақт белгилаб қўйилган. Масалан, битта чипта олсангиз, у 1 соату 45 дақиқа давомида ўз кучида туради. Ўша вақт тугагунича сиз хоҳлаган жойингизга бориб қайтишингиз мумкин. Агарда 1 соат 40 дақиқада ишингиз битиб, чиптангиз яроқлилик вақти тугашига 5 дақиқа қолганида автобусга чиқсангиз, ҳайдовчи чиптангизни бошқасига алмаштириб беради ва чипта яна 1 соату 45 дақиқа ўз кучида бўлади.

Шаҳарда автомобиллар тирбандлиги пайдо бўлиши мумкин, лекин автобуслар билан бундай бўлмайди. Йўлнинг ўнг чети автобус ҳайдовчилари учун ажратилган бўлиб, бу йўлда тўхташ, тўсиб қўйиш қонун билан тақиқланади. Фавқулодда вазиятдан ташқари бошқа машиналар автобус йўлига тўхтаб унга халақит берса, автобус ҳайдовчиси рация орқали ўз диспетчерига ўша автомобиль ҳақида хабар беради. Диспетчер эса полиция билан боғланади ва полиция ўша ҳайдовчини жаримага тортади. Бир полосадан иборат йўлда олдингизда автобус бўлса, унинг ортидан кетаверасиз, автобусни қувиб ўтиш мумкин эмас, бу қоидабузарлик ҳисобланади.

Жамоат транспорти иши тонг саҳарда бошланади ва кеч тугайди, ҳар бир бекатга белгиланган вақтда етиб келади. Йўловчилар автобуснинг олд эшигидан чиқишади, ҳайдовчидан чипта олишади ёки ўз чиптасини кўрсатишади ҳамда орқадаги эшиклардан тушишади. Олд эшикдан тушиш мумкин эмас. Барча автобуслар камера билан жиҳозланган.

Автобус ҳайдовчилари мэрия ходими ҳисобланади

Ҳайдовчилар катта танлов асосида ишга олинади, у универсал ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиши керак. Автобус ҳайдовчилари учун алоҳида тоифа мавжуд бўлиб, улар ана шу тоифага эга бўлишлари лозим. Агарда ушбу тоифага эга бўлмаса, ишга қабул қилинганидан сўнг ўзлари ўқитишиб, гувоҳнома олишига ёрдам беришади.

Улар албатта наркологик диспансерда кўрикдан ўтказилади. Ундан ташқари, ҳайдовчи биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш сертификатига эга бўлиши шарт. Агарда бундай сертификати йўқ бўлса, ишга олингандан сўнг ўқиб, сертификат олади. Бу сертификат икки йилда бир берилади ва икки йилдан сўнг имтиҳон топшириб, сертификатини янгилаб олади.

Ишга олингандан сўнг бир ой давомида тажрибали ҳайдовчилардан иш ўрганади ва уч ой синовда бўлади.

Ҳайдовчиларга энг катта талаб бу - олий хизмат ҳисобланади. Хушмуомалалик ва йўловчиларни манзилига хавфсиз ва ўз вақтида етказиш уларнинг асосий вазифасидир. Уларнинг ўз либослари, исм-фамилияси ёзилган кўкрак нишонлари бўлади. Ҳайдовчиларга электрон девайслардан фойдаланишга рухсат берилмайди. Автобус ҳайдовчиларини қолган ҳайдовчилар ҳурмат қилишади ва уларга доим йўл беришади.

Автобус ҳайдовчилари давлат хизматчиси, мэрия ходими ҳисобланишади ва уларнинг ойлик маоши юқори бўлиб, бакалавр дипломига эга бўлган муҳандис ёки иқтисодчининг ойлиги билан тенг. Ҳайдовчининг ойлиги оиласини боқишга бемалол етади.

Чипталарнинг тури кўп

Канадада бир марталик, бир кунлик ва бир ойлик чипта сотиб олиш мумкин. Бир кунлик чиптани эрталаб соат 8:00да сотиб олсангиз, соат 00:00гача ўз кучида бўлади. Бу чипта билан исталган жамоат транспортида кун бўйи юриш мумкин. Бир марталик чиптада чегирма йўқ. Чегирма фақат ойлик чипталарда бўлиб, қариялар, ўқувчилар, талабаларга 50 фоизгача чегирма мавжуд. Фуқаро ойлик чиптадан фойдаланиб, ойлик чипта учун тўлаган чекини сақлаб қўйса, йил охирида буни солиқ декларациясига киритади ҳамда шаҳар транспортидан фойдаланганлик учун солиқ тўлашда 15 фоизгача чегирмага эга бўлади. Солиқ декларациясида бунинг учун алоҳида пункт ажратилган. Солиқдан 15 фоизгача чегирмага эга бўлган одам албатта шаҳар транспортидан фойдаланади.

Олий ўқув юрти талабаларининг 90 фоиздан кўпроғи шаҳар транспортидан фойдаланади. Ҳар бир талабанинг ўқишига тўлайдиган йиллик шартнома пулига шаҳар транспортидан фойдаланиш чиптаси чегирмалар билан қўшилади. Талабаларнинг ID-картасига стикер ёпиштириб берилади, бу стикер бир семестрга берилади. Талаба ҳар қандай транспортга чиққанида стикерни кўрсатиб ўз манзилига бораверади. Бу стикер ёзги таътил пайтида ўз кучини йўқотади ҳамда талабалар автобусга чиққанда чипта олишга мажбур бўлади.

Шаҳарлараро автобуслар хусусий

Шаҳарлараро қатнайдиган автобуслар хизмати эса хусусий компаниялар томонидан кўрсатилади. Хусусий компаниялар шаҳарлараро транспорт хизматини кўрсатиш учун қатор стандартларга жавоб бериши лозим. Бу стандартларни автотранспорт вазирлиги чиқаради. Шаҳарлараро қатнайдиган автобусларнинг ўз операторлари, биринчи ёрдам кўрсатиш сертификати бўлиши керак. Ҳайдовчига автобусни 8 соатдан ортиқ бошқариш мумкин эмас ва йўловчилар чарчаб қолмаслиги учун барча автобуслар қулай бўлиши керак.

Ундан ташқари, барча автобуслар почта хизматини ҳам бажаради. Канададаги почта жўнатмаларини автобусга юклаш мумкин ва автобус белгиланган жойга етказиб беради. Автобуслардан фойдаланишнинг белгиланган муддати бор, битта автобусдан ўн йиллаб фойдаланиш мумкин эмас. Автобусда кислород баллони, дори қутичаси, видеорегистратор бўлиши шарт. Автобус манзилига етиб борганда ҳар сафар унинг ҳолати текширилади.

Шаҳардаги ҳалқа йўлига бошқа шаҳарлардан катта трассалар келиб уланган. Бошқа шаҳар ва қишлоқлардан шахсий машиналарида келганлар учун ҳалқа йўли орқасида бепул автотураргоҳлар қурилган бўлиб, шу ерга машиналарини қўйиб, жамоат транспортида керакли манзилга боришлари ва ишини битириб, яна машинасида уйига кетишлари мумкин. Бу билан шаҳардаги тирбандликларнинг олди олинади ҳамда шаҳар бюджетига, транспорт тизимига маблағ келиб тушади. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, Канадада бепул тураргоҳлар олдида савдо мажмуалари йўқ. Бунинг сабаби, агарда тураргоҳ ёнида савдо мажумаси бўлса, тирбандликлар юзага келиши, чиқиндилар кўпайиши мумкин.

Ўзбекистонда ҳам ягона транзит тизимини жорий этиш лозим

Бизда ҳам шундай қилиш мумкинми? Албатта, ҳа! Тошкент мисолида оладиган бўлсак, шаҳарда транспорт қатнови жуда ҳам катта. Бизда автобус ҳайдовчиларини ҳурмат қилишмайди, уларнинг йўлини тўсишади, йўл беришмайди, шунинг учун тирбандликлар юзага келади. Тошкентда ҳам ҳалқа йўли ёнида бепул автотураргоҳлар ташкил этилса ва транзит тизимига ўтилса, шаҳардаги тирбандликлар камида 30-40 фоизга қисқаради. Тошкент вилоятидаги туманлар, водий, воҳа вилоятларидан келганлар бепул тураргоҳга машиналарини қўйиб, битта чипта билан автобусга, метрога чиқиб ўз манзилига етиб боришади.

Бизда ҳам транзит тизими йўлга қўйилса, Ўзбекистонга келадиган туристлар учун ҳам жуда қулай бўлади. Битта чипта билан керакли манзилга борилса, бошқа ҳайдовчилар автобусга йўл берса, йўлнинг ўнг чети ҳар доим автобуслар учун очиқ бўлса, бекатларимиздаги савдо шохобчалари олиб ташланса жуда катта фойда бўлади. Ўзбекистонга келадиган туристларнинг деярли барчаси таксидан фойдаланади ва агар транзит тизимига ўтилса, туристлар автобусда юрадиган бўлади.

Тошкентда юз минглаб талабалар ўқийди. Уларнинг контрактига ойлик ёки семестрлик чипта тўлови киритиб қўйилса, бу шаҳар ҳокимиятига жуда катта тушум бўлади.

Аравачада юрадиган имконияти чекланган кишилар учун эса алоҳида транзит тизими мавжуд. Мисол учун, ногирон киши транзит тизимига 1-2 кун олдин қўнғироқ қилиб, ўзига миниавтобус буюртма бериши мумкин. Айтилган куни ҳайдовчи уни борадиган манзилига олиб оради ва уйига қайтариб олиб келади.
Обидхон Мамадалиев, Канада, Эдмонтон шаҳри

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда жамоат транспорти тизимидаги муаммоларни қандай ҳал қилиш мумкин?