
“Телевизор тафаккури заиф, мутолаа ва мулоҳазадан маҳрум одам учун ихтиро қилинган афюндир”, деган эди ўтган асрларда яшаб ўтган турк адиби Жамил Мерич. Бу иштибоҳ ўлкаларда фақат биттагина телеканал фаолият кўрсатадиган, саноқли кўрсатув ва фильмлар, куннинг маълум бир пайтида намойиш этиладиган, кишилар бугунгидек экран қаршисига “мих”ланмаган ўтган асрда ишлатилган. Бу иборани алам билан таъкидлаган уста ижодкор бугунги ҳолимизни, сутканинг йигирма тўрт соати тинимсиз ишлайдиган телевизору телеканалларга қарамлигимизни кўрганида нима деган бўларди?
Мулоҳазаларимиз аввалида таъкидлаб қўйиш ҳуқуқимиз: телевизорни буткул қоралаб, унга қарши уруш эълон қилмоқчи эмасмиз! Зотан, меъёрни билган инсон учун телевизорнинг зараридан кўра фойдаси кўпроқдир. Тамаддун маҳсулининг бари инсоният учун Аллоҳнинг неъмати саналади. Жумладан, телевизор ҳам ижтимоий-маънавий соҳаларда инсонларнинг беминнат ёрдамчиси. Аммо таъкидланганидай, оқилона фойдаланишни билган оқил учун фойдали. Аммо таассуфки, бугун аҳвол бошқача. Бугун хусусий телеканалларда тинимсиз айланаётган маза-матрасиз қўшиқларга ишланган клиплар, ғайрумашруъ ошиқ-маъшуқликни тарғиб қиладиган хорижий сериалларга қаттиқ боғланиб қолганмиз.
“Йигирма йилда оилада берилган тарбияни 5 дақиқалик клип, 30 дақиқалик сериал бузар эканми?!” дея оғзимизга уришга шайланган қадрдон, сўзимизни бўлмай туринг, ўзимизни нима қилсак қилдик, фитрати мусаффо гўдакларимиз ҳам биз билан бирга ўша сериалу клипларга термулиб томоша қиляпмиз. Ўзимиз етмагандек, шу мурғаккиналарнинг ҳам қалбини кирлатишдан чекинмаяпмиз. Гап тарбия ҳақида кетганда эса “Ота-она болани дунёга келтиради, холос. Уни телевизор тарбиялайди” деган тушунчани ҳақли санашга мажбурмиз. “Бу болаларнинг келажаги нима бўлади?”, “Бизнинг болалигимиз бундай эмасди-ку?” деётган ота-оналар билиб қўйсинлар-ки, бундан 20-25 йил олдинги болалар телевизорнинг салбий таъсиридан бугунгидек зарарланмагандилар. Ҳатто бугуннинг ота-оналари орасида болалигида телевизор кўрмаганлар ҳам учрайди. Авваллари болани ота-она тарбияларди, ҳозир бу вазифа телевизорга юкланган. Агар буни тарбия дейиш мумкин бўлса, албатта.
Телевизор бола тарбияси билан бирга кўпгина гўзал урф-одатларимизга ҳам раҳна солди. Меҳмонлар аввалгидек иззат-ҳурмат қилинмаяпти. Меҳмонларни уйга қабул қиламиз, ҳол-хотир сўраймизу, дастурхонга даъват қилиб ё сериал томоша қиламиз, ёки фильм кўрамиз. Уч-тўрт оғиз суҳбат ҳам ё футбол ўйини ёки сериал қаҳрамонлари ҳаёти ҳақида бўлади. Ўзаро мулоқотлар орқали мустаҳкамланадиган қўни-қўшничилик ва қариндошчилик муносабатлари кинотеатрларга йўл олганларнинг муҳаббати билан чекланиб қолади.
Хонадон муҳити-чи? Бу – фарзандингиз улғаядиган муҳит! Бир гул, бир ниҳолни ўстирар экан инсон тупроққа аҳамият беради, мажбур ҳам бунга зотан. Гул экаётганда ахлатхонага яқин жойни мўлжаллайсизми? Гул ўстириш учун балчиқ ва унумсиз ерга меҳнат сарфлайсизми? Болангиз улғаядиган муҳитнинг ҳидиниям, бориниям-йўғиниям сиз танлайсиз. Бугун афсуски, аксарият оилаларнинг муҳити кинотеатрга айланган.
Руҳий муаммолар
Мультфильмлар биз ўйлаганчалик “маъсум томоша” эмас. “Дисней Ленд” мультфильмларининг бари, жумладан Том ва Жерри ҳам болалар онгига таъсир қилади. Медияда намойиш қилинаётган мультфильмларнинг аксариятида ғарб маданияти тарғиб қилинади. Дунёда икки асосий маданият мавжуд, аслида; шарқ ва ғарб маданияти. Ғарб маданияти қандай бўлса-да, эришиш, бошқарувни қўлга киритиш, ҳукмрон кучга айланиш истагидаги худбинликни тарғиб қилади. Шарқона маданият эса баҳамжиҳатлик ва адолатга таянади. Ҳар қандай маданият ёйилган ҳудудида ўзига хос муҳитни шакллантиради. Шу жумладан мультфильмлар ҳам.
Жисмоний муаммолар
Телевизорнинг инсонга етказадиган жисмоний зарарлари ҳақида жуда кам гапирилади. Аксариятимиз билганимиздан кўра кўп зарар етказади телевизор инсонга. Бош мияга гиёҳванд модда таъсирига ўхшаш таъсир кўрсатишини далолат қилади тадқиқот натижалари. Инсон бу техниканинг қаршисида бир неча соат қандай туриши мумкин? Илмий изланишлардан бу саволимизга жавоб топишга ҳаракат қиламиз. Болалар ҳаракатчан бўлади. Бир жойда ўтирмаган, гапга қулоқ тутмаган, онаси уй юмушларига уннаётганда ёнида ўралашган, туғишганлари билан тинимсиз жанжаллашган бола телевизор қаршисига келиб тинчиб қолишига нима сабаб? Телевизор инсонни “михлаб” қўяди. Радио фақат эшитилгани учун телевизор билан таққослаб бўлмайди. Телевизор қаршисида ўтирган, томоша қилаётган дастурига шўнғиб кетган одамни кўрганмисиз?
Германиялик психолог шундай дейди: “Бир соат телевизор томоша қилган одамнинг хотира танбаллигини йўқотиш учун, ўша одам билан бир ҳафта давомида “хотира машқлари” олиб бориш керак бўлади”. Телевизор тафаккурни ўтмаслаштириб, кўрадиган аммо мулоҳаза қилмайдиган кишиларни кўпайтиради. “Болаларимиз фақат болалар учун мўлжалланган дастурларни томоша қилади” деган баҳона билан ўзингизни алдаманг. Болалар мультфильмлар орасидаги рекламалардан ҳам салбий таъсирланиб, оммавий маданият қурбонига айланяпти.
Психолог Юрий Бронфенбреннер телевизор ҳақида шундай дейди:
“Телевизор инсонни инсоний хислатлардан узоқлаштиради”.Бу гап “Телевизор бўлмаса нималарга эришардик?” деган мулоҳазали саволни ўртага ташлайди. Чиндан ҳам ҳеч шундай ўйлаб кўрганмисиз? Бугундан бошлаб уйингизда телевизор бўлмаса турмушингизда нималар ўзгаради? Сиз нима қилардингиз? Эрингиз ёки хотинингиз нималар билан машғул бўларди? Болаларингизнинг вақти қандай ўтади? Тафаккурга ундовчи саволлар, шундай эмасми?
2005 йил ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, аҳоли бир кунда 3,5 соат телевизор томоша қилар экан. Келинг, шуни уч соат деб оламиз. Бир кунда уч соат телевизор томоша қилган киши, бир йилда 1095 соат телевизор томоша қилган бўлади. Бу бир йилда 45 кундан ортиқ дегани. Бир кунда уч соат телевизор томоша қилган киши етмиш беш йил умр кўрса, ҳаётининг тўққиз йилини телевизор қаршисида ўтказган бўлади. Аксарият уй бекалари уч соатдан кўпроқ вақтини телевизор қаршисида ўтказишини жуда яхши биламиз.Бир кунда олти соат телевизор кўрган киши етмиш беш йил умр кўрса, ҳаётининг 18 йилини телевизор қаршисида ўтказган бўлади.
Даҳшатли рақамлар, шундай эмасми? Бир инсон, бир оила ва бир миллат учун жуда катта йўқотиш бу рақамлар. Вақт – инсоннинг энг қиммат хазинасидир аслида. “Беҳуда ўтган вақт исроф эмас, жонига қасд қилишдир” дея ўйлаган одам вақтнинг қадрини англаган бўлади. Давримизга келиб вақтни беҳуда ўтказишни кўпчилик оддий қабул қиладиган бўлди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бекор ўтирган кишига ҳатто салом бермай ўтганларини ҳаммамиз биламиз. “Йўқотиш” деганда фақат вақт йўқотишни тушунмаган маъқул. Телевизор қаршисида ўтган уч соатни фойдали машғулотларга сарфлаш ҳақида ўйласак-да. Масалан, бир кунда уч соат китоб ўқилса? Ўртача олганда, бир кунда уч соат китоб ўқиган лицей ўқувчиси бир йилда университетни тамомлаган инсон каби маданият ва маърифатга эга бўлиши мумкин. Бир кунда уч соат давомида хорижий тил билан машғул бўлса, бир йилда ўша хорижий тилни мукаммал ўрганишига филологлар кафолат беради.
Медия ва бола мавзуида Абдурраҳмон Оқтош шундай дейди:
“Бугун телевидение орқали намойиш қилинаётган фильмлар, сериал ва кўнгил очар дастурлар учун ҳеч ким пул тўламайди. Телевизордаги фильмларни кинотеатрларда кўришга тўғри келса, бир ойлик маошимиз ҳам етмайди. Театр томошаси, кино учун тўлов бору, телевизор учун ҳеч қандай тўлов йўқ. Бунча нарсани нега текинга намойиш қилишади? Демак, инсонлардан жуда қадрли нарсани олмай туриб, текин намойиш қўймайдилар. Телевизор орқали инсонларнинг эркинлиги, мияси, ўй-хаёллари ва олди-сотдисини бошқараётганлари учун ҳамма нарса текинга беришади...”
Умида АДИЗОВА тайёрлади
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар