19:48 / 01.03.2019
5 520

Андижонлик ҳунарманд учта янги мусиқий асбобни яратди

Андижонлик ҳунарманд учта янги мусиқий асбобни яратди
Андижонлик ҳунарманд Абдумалик Мадрайимовни нафақат Ўзбекистонда, балки, кўплаб хорижий давлатларда ҳам яхши танийдилар. Боиси, у яратган мусиқий асбоблар қўшни давлатлардан ташқари чет элларда ҳам жаҳон мусиқа санъати тараққиётига хизмат қилмоқда. Уста яқина уч хил турдаги мусиқий асбобини яратди. “Гижжаки алть”, “Гижжаки бас”, “Гижжаки контрабас” номи билан аталувчи бу чолғу асбоблари ҳам миллий, ҳам жаҳон анъаналарига асосланганлиги билан эътиборлидир.

Янги мусиқий асбоблар илк бор Андижон санъат коллежида синовдан ўтказилди. Улар ижросида янграган мақом ва жаҳон классик куйлари ўзига хос нафислик касб этди. Айни пайтда Глиэр номидаги мусиқа ва санъат мактабида ҳам ушбу асбобларда ижро этиш маҳорати ўрганилмоқда.

Айтиш жоизки, уста ўзининг сўнгги 25 йиллик меҳнат фаолиятини миллий чолғу асбобларини таъмирлаш, янгисини яратишга бағишлади. Натижада унинг маҳорати ила тобора сайқалланган Навоий ва Бобур даврига хос ўнлаб мусиқий асбоблар иккинчи умрини яшамоқда. Боиси, Абдумалик Мадрайимов 1994 йили “Гижжаки Бобурий” номи билан аталувчи хусусий корхонага асос солди. Унда миллий чолғу асбобларини таъмирлаш ва янги асбобларни кашф этиш ишларини бошлади. Бунинг учун, энг аввало, Фаробий, Ал Хоразмий, Абдураҳмон Жомий, Абу Али ибн Сино, Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларини қунт билан ўқиди. Натижада ҳар бир даврнинг ўзига хос чолғу асбоблари ҳақидаги маълумотларга эга бўлди. Бу борада айниқса, Камолиддин Беҳзод асарлари катта аҳамият қозонди. Ҳар бир маълумот унга янги лойиҳалар учун янги режалар тақдим этди. Натижада “Гижжаки Бобурий”, “Дилрабо”, “Дилнаво”, “Мерос”, “Хушнаво”, “Қўштор” каби янги асбоблар дунёга келди. У яратган мусиқий асбоблар орасида айниқса, 2015 йилда кашф этилган чанг чолғу асбоби алоҳида ўрин тутади. Қадимги Афросиёб даврига мансуб ушбу асбоб Алишер Навоий асарларида қақнус овозига қиёсланган. Шу боис у Буюк Ипак йўли орқали Элладагача етиб борган. Уста томонидан кашф этилган янги чолғу асбоби унинг қиёфадоши бўлиб, аслида бир қанча афзаллик жиҳатлари билан устун туради.

1995 йилда Тошкентда Юнеско томонидан БМТ ташкил топганлигининг 50 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Абдумалик Мадрайимов ўзи яратган чолғу асбобларини илк бор катта майдонда намойиш этиш имконига эга бўлди. Унинг асарлари мутахассислар томонидан юқори баҳоланган бўлса, чолғу асбобларини қайта тиклаш, таъмирлаш йўналишида олиб бораётган ишлари тахсинга сазовор эканлиги таъкидланди. Натижада у ЮНЕСКОнинг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Анъанавий тарзда ўтказиб келинган “Шарқ тароналари” халқаро фестивали орқали дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатларидан келган мусиқачилар ва мусиқашунослар уста яратган асарлар жаҳон мусиқа санъати ривожига қўшилган улкан ҳисса, дея эътироф этдилар. Бундан ташқари бошқа халқаро кўргазмалардаги фаол иштирок туфайли Ўзбекистонда яратилагн бу асбобларга хорижлик ҳамкасбларниннг қизиқиши ортди. Юқори эътирофларга сазовор бўлаётган асар намуналари айни пайтда Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Темурийлар, халқаро Бобур фонди, Англия қироллик, Япония санъат музейларида сақланмоқда.

“Ташаббус-2014” кўрик-танловида “Энг яхши ҳунарманд” йўналишида республика ғолиби бўлган Абдумалик аканинг Андижон шаҳри Боғишамол даҳасидаги устахонасида ишлар ҳамиша авжида. Бу ерда янги лойиҳалар амалга оширилибгина қолмасдан, бир неча юз йиллик чолғу асбобларига “жон ато этилмоқда”. Айниқса, бу ерда яратилган мусиқа асбобларини сақлаш учун мебелга ҳам талабгор кўп.


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Андижонлик ҳунарманд учта янги мусиқий асбобни яратди
[/banner_pushhouse