Хитойда 1300 даража иссиққа чидамли аккумулятор материали яратилди

Нанкин технология университети олимлари литийли аккумуляторлар учун 1300 даража Селсийгача бўлган иссиқликка бардош бера оладиган янги иссиқлик изоляция материалини ишлаб чиқишди. Силикагелли аерогел асосида яратилган ушбу ишланма батареялардаги иссиқлик тарқалишининг олдини олишга мўлжалланган. Бу жараён битта ячейканинг қизиб кетиши натижасида бутун аккумулятор блокида ёнғин чиқишига сабаб бўладиган хавфли занжирли реакцияни тўхтатади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, янги материал ячейкалар орасида юқори ҳароратли ўтга чидамли тўсиқ вазифасини ўтайди. Синовлар давомида қалинлиги 2,3 мм бўлган пластина 1000 даража иссиқ таъсирида беш дақиқа давомида тескари томонидаги ҳароратни 100 даражадан паст даражада ушлаб турди. Ишлаб чиқувчилар ушбу материал термал ҳимояни икки соатгача сақлаб қолишини таъкидламоқда, бу эса авария ҳолатида ёнғин тарқалишини тўхтатиш учун жуда муҳимдир.
Аввалги аерогел ечимлари тахминан 300 даражагача ишлаган бўлса, янги ишланма ҳарорат чегарасини сезиларли даражада кенгайтирди. Шунингдек, материал юқори даражадаги эгилувчанликка эга бўлиб, қувватлаш ва қувватсизланиш жараёнида батареяларнинг кенгайиши ва қисқаришига мослашади. Мутахассислар хомашё таннархини икки баравардан кўпроққа қисқартиришга ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга муваффақ бўлишди.
Ушбу технология нафақат электромобиллар саноатида, балки аэрокосмик техника ва иссиқлик хавфсизлиги муҳим бўлган бошқа соҳаларда ҳам кенг қўлланилиши кутилмоқда. Ҳозирда лойиҳани саноат миқёсида жорий этиш масалалари кўриб чиқилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!