Microsoft янги қоидаси Windows мажбурий янгиланишини бекор қилади

Microsoft корпорацияси Windows 11 тизимида янгиланишларни мажбурий ўрнатиш тартибини бекор қилиб, фойдаланувчиларга уларни чексиз муддатга кечиктириш имкониятини тақдим этди. Эндиликда янги календарь интерфейси орқали пауза муддатини исталганча узайтириш ва тизимни янгиламасдан туриб стандарт тарзда ўчириш ёки қайта юклаш мумкин бўлади. Шунингдек, драйверлар номланиши аниқлаштирилиб, янгиланишлар тизим барқарорлигини таъминлаш мақсадида гуруҳланган ҳолда тақдим этиладиган бўлди. Ушбу ўзгаришлар фойдаланувчиларга кўпроқ эркинлик берса-да, мутахассислар хавфсизлик учун мунтазам янгиланишлар зарурлигини эслатиб ўтмоқдалар.
"Microsoft" корпорацияси "Windows 11" операцион тизимининг янгиланиш механизмига муҳим ўзгаришлар киритилганини эълон қилди. Эндиликда фойдаланувчилар тизим янгиланишларини чексиз марта кечиктириш имкониятига эга бўладилар. Аввалги қоидаларга кўра, янгиланишларни максимал 35 кунга тўхтатиб туриш мумкин эди, янги тизимда эса ушбу муддатни исталганча қайта-қайта узайтириш имкони яратилди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Компания ходими Ария Хансоннинг тушунтиришича, янги календарь интерфейси орқали фойдаланувчилар 35 кунгача бўлган аниқ санани танлашлари мумкин. Агар бу вақт етарли бўлмаса, пауза муддати тугагач, уни яна қайтадан фаоллаштириш имконияти мавжуд. Бу функция айниқса муҳим конференциялар, имтиҳонлар ёки сафарлар вақтида компютернинг кутилмаганда янгиланишини олдини олиш учун ишлаб чиқилган.
Яна бир муҳим ўзгариш компютерни ўчириш ва қайта юклаш менюси билан боғлиқ. Илгари янгиланиш юклаб олинган бўлса, тизим фойдаланувчини «Янгилаш ва ўчириш» каби буйруқлар орқали янгиланишни ўрнатишга мажбур қилар эди. Энди эса «Microsoft» стандарт ўчириш ва қайта юклаш тугмаларини қайтаришга ваъда бермоқда. Шунингдек, драйверлар номида уларнинг қайси қурилмага тегишли эканлиги (экран, аудио, батарея) аниқ кўрсатилади.
Компания мутахассислари янгиланишларни бир ой давомида бир неча марта эмас, балки гуруҳланган ҳолда тақдим этишни режалаштирмоқда. Гарчи янги қоидалар фойдаланувчиларга кўпроқ эркинлик берса-да, ишлаб чиқувчилар тизим хавфсизлиги ва барқарорлиги учун мунтазам янгиланишлар муҳимлигини эслатиб ўтишган.






























Изоҳлар 0
…