19:50 / 02.03.2019
6 355

“Amerika оvozi” журналисти: Дунёни русча англаш, журналистика ва танқидга тоқатсиз ўзбек амалдорлари ҳақида

“Amerika оvozi” журналисти: Дунёни русча англаш, журналистика ва танқидга тоқатсиз ўзбек амалдорлари ҳақида
“Америка овози”нинг журналисти Беҳзод Мамадиев “Buyuk kelajak” ХННТ аъзоси бўлди. Minbar нашри у билан ўзбек ва АҚШ журналистикасидаги фарқлар, медиа ва ижтимоий медиа ҳақида суҳбатлашди.

– “Buyuk kelajak” экспертлар кенгаши сизни топишдими ёки сиз уларни?
– “Buyuk kelajak” экспертлар кенгаши фаолиятини ташкил этилгандан бери кузатиб бораман. Яхши ташаббуслар билан чиқишаётганидан хабардор эдим. Унга аъзо бўлганлар орасида дўстларим ҳам бор. Аввало, мени улар таклиф қилишди. “Ўзбекистон – 2035” стратегиясини ишлаб чиқиш доирасида олға сурган кўплаб таклифлари ҳам менга ёқди, яъни ташкилот ўз атрофига яхши мутахассисларни жамлаган ва олдига жиддий мақсадларни қўйган. Шулар сабаб бўлиб, ташкилотчиларга боғландим ва улар менинг резюмемни кўриб чиқиб, аъзоликка қабул қилишди.

– Кенгаш доирасида Ўзбекистон учун қандай ишларни амалга оширмоқчисиз?
– Ташкилот бир қатор йўналишларда фаолият кўрсатишни режалаштирган ва аъзоларини шу йўналишлар бўйича таклифлар билан чиқишга ёки бошқалар таклиф қилган лойиҳалар, ташаббуслар доирасида фикр алмашиб, ўз тажрибаси ва билими билан уларнинг амалга ошишига ҳисса қўшишга чақиради. Журналист сифатида, жамоатчилик билан алоқалар (ПР) йўналишида ўқиган ва илмий иш қилган мутахассис сифатида, шунингдек, Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини кучайтириш, қонун устуворлигини таъминлаш лойиҳаларидаги иштироким орқали тўплаган тажрибаларим асосида Ўзбекистоннинг халқаро имижини яхшилаш, мамлакатда сўз эркинлиги ва қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ҳокимият ва фуқаролар ўртасида шаффоф ва ҳар икки томон учун мақбул алоқа механизмини ишлаб чиқиш лойиҳаларига ўз ҳиссамни қўшишни хоҳлайман.

– Америкадаги фаолиятингиз қандай бошланган? АҚШда ОАВ фаолияти учун қандай тўсиқлар ва имтиёзлар бор? Қайсиларини Ўзбекистонга татбиқ қилиш мумкин деб ҳисоблайсиз?
– АҚШга 2009 йили олий таълим олиш учун келганман. Чапел-Хилдаги Шимолий Каролина университетидан (University of North Carolina at Chapel Hill) оммавий коммуникация бўйича магистр даражасини олдим. Ҳозир “Америка овози” ўзбек хизматида ишлайман. Фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида ташкил қилинган “Ташаббус” нодавлат-нотижорат ташкилотига ҳам бир неча йил ёрдам берганман.

Америкада сўз эркинлиги энг муҳим ҳуқуқлардан бири ҳисобланади. Уни Америка давлатчилиги асосида ётган асосий қадриятлардан бири дейишимиз мумкин. ОАВ фаолияти учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Бу ерда бирор журналист қайсидир амалдорни танқид қилса ва ҳатто ҳақорат қилса, ўша амалдор журналистни ёки оммавий ахборот воситасини судга берганини эшитмайсиз. Биласизми, нега? Чунки бу амалдор судда ютқазишини билади.

АҚШ суд-ҳуқуқ тизимида жамоатчиликнинг ахборот олиш ҳуқуқи жамоатчилик эътиборидаги шахснинг (public figure) шахсий дахлсизлик ҳуқуқидан устун туради деган тамойил бор. Яъни, ҳақорат ва туҳмат рўй бергани даъво қилинган ҳолатларда ҳам, агар бу нотўғри маълумот “атайлаб, қасддан ва нотўғрилиги маълум бўла туриб” (reckless disregard of truth) тарқатилгани исботланмаса, журналист ёки ОАВ жазога тортилмайди. Шу боис замонавий АҚШ тарихида журналистлар билан судлашган бирор ташкилот ёки шахсни топа олмайсиз. Жамоатчилик эътиборидаги шахс нафақат давлат амалдори, балки қўшиқчи, актёр, таниқли ишбилармон каби исталган машҳур киши ёки ташкилот бўлиши мумкин.

Бу ўлкада журналистлар учун махсус имтиёзлар йўқ. ОАВлар бошқа исталган бизнес ташкилоти каби рўйхатдан ўтади ва даромадига қараб ҳамма каби солиқ тўлайди. Журналистлар конституцияда барча фуқаролар учун кафолатланган сўз эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланади, холос.

– Ўзбекистонда сўз эркинлиги ҳолатини қандай баҳолайсиз? Президент алмашгач, қандай ижобий ўзгаришлар сезилди? Сизнингча, ОАВ том маънода эркин бўлиши учун яна нималар қилиниши керак?
– Ўтган даврга қиёсласак, ҳозир Ўзбекистонда сўз эркинлиги анча яхши, буни тан олишимиз керак. Маҳаллий нашрларда, айниқса, онлайн ахборот воситаларида 3-4 йил олдин тасаввур қилиш мумкин бўлмаган танқидий мақолалар чиқаяпти. Бундан ташқари, жамоатчилик орасида, ижтимоий тармоқларда кўплаб мавзуларда баҳс-мунозара кетмоқда. Норасмий бу баҳсларнинг аҳамияти ОАВникидан кам эмас. Нега? Чунки кучли фуқаролик жамияти халқ орасидаги мана шундай баҳслардан, муҳокамалардан туғилади. Кучли фуқаролик жамиятисиз ислоҳотларни амалга ошириш қийин. Фуқаролик жамиятини, хусусан, журналистларни давлатнинг норасмий назоратчилари дейиш мумкин. Ҳукумат ислоҳотлар режасини тақдим қилаяпти. Уларнинг ижроси қандай? Бунга энг тўғри баҳони фақат фуқаролар беради, айнан фуқаролик жамияти вакиллари. Журналистлар ҳам аслида фуқаролик жамиятининг бир қисми.

Ҳозирги ўзгаришлар, албатта, мамлакат тепасига янги раҳбар келиши билан боғлиқ. Кўплаб соҳаларда ижобий янгиликларни эшитаяпмиз, кўраяпмиз. Буни ўзбекистонлик сифатида хурсандчилик билан кузатиб бораяпман ва қўллаб-қувватлайман.

Лекин мауммолар ҳам етарли. “Buyuk kelajak” экспертлар кенгаши олдига қўйилган асосий вазифа ҳам шу: соҳалар бўйича мавжуд муаммоларни тизимли тарзда ҳал қилиш учун стратегия ва аниқ таклифлар ишлаб чиқиш, уларни татбиқ этиш бўйича давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш.

ОАВ том маънода эркин бўлиши учун яна нима қилиш керак? Ҳеч нарса қилиш керак эмас. ОАВ ўз ишини қилишига қўйиб бериш керак, холос. ОАВнинг вазифаси ахборот етказиш, бўлаётган воқеалар ҳақида хабар бериш. Халқни тарбиялаш, яхши ва ёмонни ажратиб бериш, насиҳат қилиш журналистнинг иши эмас. Журналистнинг иши яхши бўлсин, ёмон бўлсин, ҳамма нарсани бор-бўйича кўрсатиш, воқеаларга ойна тутиш. Агар кўринишимиз хунук бўлса, ойнадан ўпкалашимиз нодонликдир. Ўзимизни тузатсак, ойнадаги аксимиз ҳам чиройли бўлади. Ўз ишини бажараётган журналистлар олдини тўсиб, уларга халал берилмаса бас, Ўзбекистонда ҳақиқий сўз эркинлиги қарор топади.

– Қайсидир давлат арбобининг хурмача қилиқларини, қайсидир идорадаги енг ичида қилинаётган қонунсизликларни фош этиш давлатнинг имижига путур етказади деган иддаолар бор. Мана, яқинда Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ОАВдаги танқидий мақолалар хориждан Ўзбекистонга инвесторларнинг келишига тўсиқ бўлишини айтди. Бундай қарашлар Ўзбекистондаги кўплаб раҳбарларда учрайди. Эркин журналистика, мустақил ОАВ давлат учун хавф деб ҳисоблайсизми?

– Ўзбекистон ўтган 20-25 йил ичида ҳақиқий фуқаролик жамиятини кўрмади, эркин матбуотга эга жамиятда яшаш тажрибасини бошдан ўтказмади. Шу боис бугунги очиқлик, жамоатчилик босими айрим раҳбарларни шошириб қўяётган бўлиши мумкин. Шуни унутмаслик керак: танқидга учрамайдиган раҳбар бўлмайди. Исталган давлатни, исталган жамиятни олиб кўринг, танқид қилинмаган бирор амалдорни топа олмайсиз. У хоҳ давлат раҳбари бўлсин, хоҳ қуйи идора расмийси. Ривожланган Ғарб давлатларида ҳам шундай. Айни пайтда, маълум бир масала юзасидан билдирилган танқид ўша раҳбарнинг ўз вазифасига нолойиқ эканини ҳам билдирмайди.

Яъни, соғлом фуқаролик жамиятида танқидлар бўлиши табиий ҳол. Ўша раҳбар юзта яхши иш қилиб, битта ёмон иш қилса ва танқидга учраса, менинг фақат ёмонлигимни кўрасизлар деб ўпкалаши ҳам хато. Чунки халқ сайлаган ёки солиқ тўловчилар пули билан қайсидир лавозимга қўйилган вакил мана шундай танқидларга рози бўлиб шу ишга келиши керак. Буни раҳбар бўлишнинг бадали дейишимиз ҳам мумкин. Ҳамма вазифаларини аъло бажараётган бўлса, бунинг учун мақтов кутиши ҳам керак эмас; зотан, у вазифасини бажараяпти.

Яъни, шу лавозим унга берилганда унга ўз ишини тўғри бажариш вазифаси юкланган эди. Амалдор ўз вазифасини бажаргани учун мақталмайди; бунга у маош олаяпти, давлат ресурсларидан фойдаланаяпти. Хато қилганда эса, албатта, танқидга учраши табиий. Айтмоқчи бўлганим, раҳбарларимиз бундан буён шундай танқидларга, жамоатчилик босимига тайёр туришлари керак ва буни ўзлари ҳам, жамоатчилик ҳам табиий қабул қилиши лозим.

Журналистлар, блогерлар ва ҳуқуқ фаоллари жамиятдаги коррупция, порахўрлик каби қонун бузилиши ҳолларини фош қилишда давлат органларига беминнат ёрдам кўрсатади. Шу боис ҳукумат ёки давлат амалдорлари ҳеч қачон журналистларни ўзларига хавф сифатида кўрмаслиги керак. Агар амалдор ҳаққоний ишласа, яширадиган кир иши бўлмаса, у журналистлардан қўрқмаса ҳам бўлади.
Айни пайтда журналистлар ҳам масъулиятни ҳис қилиб, касб этикасига риоя қилган ҳолда ахборот излаши ва тарқатиши лозим.

– Америкада журналистларни асосан қандай муаммолар қийнайди? “Америка овози”даги фаолиятингиз давомида ахборот олиш билан боғлиқ қандай абсурдларга дуч келдингиз ёки АҚШда ишловчи журналистлардан бу ҳақда қандай кулгили нарсаларни эшитгансиз? Ўзбекистондаги фаолиятингиз вақтидаям қанақадир мантиқсизликларга дуч келганмисиз?

– Бугун Америкада журналистикага оид энг кўп баҳс қилинаётган мавзу – “fake news”, яъни сохта хабарлар масаласи. Бу икки йил аввал Доналд Трамп президентликка сайланиши арафасида ва ундан кейин долзарблашди. Президент Трамп уни танқид қилувчи оммавий ахборот воситаларини сохта хабар тарқатишда айблайди. Содда қилиб айтганда, Трамп журналистларни ёқтирмайди. Саволи ёқмагани учун баъзи журналистларни Оқ уйдан чиқариб юборган пайтлар ҳам бўлди. Лекин бундан уёғига ўта олмайди, яъни президент қанчалик хоҳламасин, у танқидчиларининг овозини ўчира олмайди. Чунки бу ўлкада сўз эркинлиги судлар томонидан қаттиқ ҳимоя қилинади.

Лекин дунё бўйлаб сохта хабарлар кўпаяётгани ҳам бор гап. Айнан 2016 йилги АҚШ президенти сайлови арафасида АҚШ ичидан ва ташқарисидан туриб қайсидир номзоднинг сайланишини таъминлаш ёки шаънига путур етказиш мақсадида яширин тарғибот кампаниялари олиб борилган. Буларнинг ортида асосан Россия тургани айтилаяпти. Бугун пропаганда шунчалик кучли қуролга айландики ва шунчалик профессионал амалга оширилаяптики, баъзан ҳақиқат ва ёлғонни фарқлаш жуда қийин. Бу эса бутун дунё учун, демократия ва сўз эркинлиги учун жиддий таҳдид. Айниқса, бундай пропаганда кампаниялари ортида қудратли ташкилотлар ёки давлатлар турса, бу мақсадлар йўлида катта маблағлар сарфланаётган бўлса, сўз эркинлиги ҳуқуқининг суиистеъмоли юз беради. Бунга қарши қандай курашишнинг аниқ механизми ҳали ҳеч қаерда тўла ишлаб чиқилмаган.

АҚШда Facebook, Twitter каби ижтимоий тармоқларда мана шундай мақсадларда очилган сохта аккаунтларни, тролларни аниқлаб, ёппасига ёпиш ишлари амалга оширилаяпти. Лекин бу кам. Бундай сохта хабарлар домига тушиб қолмаслик учун ахборотларни турли манбалардан олишга ўрганиш керак. Фақат телевизордан ёки русча манбалардан фойдаланмай, бошқа тилларда ва платформаларда ҳам ахборот излашга одатланишимиз керак. Шунинг учун ҳам чет тилларини ўрганишимиз муҳим.

Дунёни фақат рус тили орқали кўриш даврига якун ясаш пайти келди. Бу журналистларимизга ҳам тааллуқли. Фақат русча манбалардан таржима қилмасдан, бошқа тиллардан маълумот олишни, мустақил суриштирув олиб боришни ва таҳлил қилишни бошлашимиз керак. Шунда маълум мақсадга йўналтирилган пропагандаларга қарши ўзимизда иммунитет ҳосил қиламиз.

– Ўзбекистонда ишлашни истайсизми? Қандай шароит ёки имтиёз бўлса, ватанингизда ишлашингиз мумкин?
– Ўзбекистонда ишлашни истайман. Ватанимнинг тараққиётига албатта ўз ҳиссамни қўшишни хоҳлайман. Менинг мутахассислигим – журналистика ва жамоатчилик билан ишлаш (Public Relations). Ҳуқуқий лойиҳаларни бошқариш бўйича ҳам тажрибам бор.
Шу йўналишларда менга тўғри келадиган лойиҳалар бўлса, бажонидил бориб ишлаган бўлардим.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » “Amerika оvozi” журналисти: Дунёни русча англаш, журналистика ва танқидга тоқатсиз ўзбек амалдорлари ҳақида