
Тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицион муҳит яратиш учун салмоқли ишлар амалга оширилаётганига қарамай, ўз бизнес ғоясини амалга ошириш учун қийинчиликларга дуч келаётганлар ҳам учрамоқда. «Жамият» газетаси туризм соҳасидаги муаммолар ҳақида тадбиркорларнинг мулоҳазаларини чоп этди.
Мун Чже, хитойлик тадбиркор:
─ Хитой билан Ўзбекистон ўртасида савдо алоқалари жадал ривожланиб бормоқда. Шунга қарамай, Хитойнинг Ўзбекистондаги консуллигидан виза олиш узоқ давом этади. Айрим вақтларда бир ойгача чўзилиб кетади. Қозоғистон, Қирғизистон давлатларида узоғи бир ҳафтада чиқариб беришларига гувоҳ бўлганман. Тадбиркор бўлганим учун ҳар бир дақиқа мен учун муҳим. Бир ойда мавсум ўтиб кетиши ёки бизнес режа ўзгариб кетиши ҳеч гап эмас. Туризм соҳаси вакилларига бир илтимосим бор: шу муаммони ҳал қилиб беришса, инвесторлар ва тадбиркорлар учун мақсадга мувофиқ бўларди.
Михаил Казаков, тадбиркор:
─ Ҳамма сайёҳлар Ўзбекистонга самолётда келади, деб ўйлайдиганлар адашади. Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара ҳудудларида ўтиш жойлари чиқиндига тўлиб кетган. Шу жойларнинг ободлигига эътибор қаратиш керак.
Элликдан ортиқ давлатга кириб-чиқиш имконига эгаман. Инвестиция киритиш учун бир йилда Ўзбекистонга бир неча марта келиб-кетганим ҳисобидан паспортим штампга тўлиб кетган. Бошқа давлатларда рўйхатга қайд қилиш алоҳида карточкалар орқали амалга оширилади. Майли, паспортга штамп босиш ўзига хос тартибга эга бўлсин, бунга ҳам розимиз. Бироқ у штамплардаги ёзувларни ўқиш муаммо. Агарда қайсидир давлатга борганингизда паспортни бошқа тилга таржима қилдиришга тўғри келса, штамплардаги ҳарфларни ўқиш ва тушуниш қийин бўлади.
Азизбек Султонов, тадбиркор:
─ Хориждан келган меҳмонлар меҳмонхона ёки ижарага олинган манзилдаги милиция бўлимидан бориб рўйхатга ўтиши керак. Бу ҳақда кичик қоғоз берилади. Уни ёнингизда олиб юришингиз керак. Яқинда келган хитойлик сайёҳлар бу қоғозни йўқотиб қўйсак, жазоланамизми, уни нима қилиш керак, деб йўқотишдан хавотирга тушишди. Бу жараён ҳам туристларнинг юртимизга келмаслиги учун сабаб бўлиб қолиши мумкин.
Яқинда ўтказилган Зиёрат туризми форумига хорижлик ҳамкорларимизни олиб бордим. Табиийки, уларнинг ҳаммаси мусулмон давлатларидан келган, намоз ўқийди. Ташкилотчилар келган меҳмонларга жойнамоз етказиб бера олишмаганига гувоҳ бўлдим.
Олимжон Шарипов, тадбиркор:
─ Туризм бўйича энг катта масала божхона ходимларининг чет элликларни баъзи қонун-қоидаларни бузганида огоҳлантиришсиз жазолаши. Яқинда Ўзбекистонга инвестиция киритиш учун келган чет эллик ишбилармон Хитойга жўнаб кетишига тўғри келди. Ёнида 8600 доллар бўлган экан. Бу ерга биринчи марта келгани боис декларация тўлдиришни ҳам, чеклов борлигини ҳам билмаган. Божхона ходимлари уни ушлаб, рейсдан қолдириб, бир хонага киритиб қўйган. Мен бориб, агар ёнида кўп пул бўлса, бир қисмини олиб қолишим мумкинлигини тушунтиришимга қарамай, 5 минг долларни мусодара қилишди. Хуллас, инвестор ва турист сифатида Ўзбекистонга биринчи марта келган филиппинлик аёл яхши таассурот билан чиқиб кетди, дея айтолмайман. Европа давлатлари ва Америкада ҳеч қандай чеклов йўқ. Осиё мамлакатлари Хитой, Кореядаги баъзи сайёҳлар билмасдан қоидаларни бузса, бағрикенглик тамойиллари асосида бир мартага кечирилади.
Гурсел Туркуран, тадбиркор:
─ Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик қилиш учун келган эдик. Иқлими иссиқ бўлгани учун Термизни бориб кўрмоқчи бўлдик. Эртапишар экинларнинг уруғларини етказиб бериш билан бирга иссиқхоналар қурмоқчимиз. Вақтни тежаш учун енгил автомобилда йўлга чиқдик. Очиғи, жуда қийналдик, йўлда юриш азоб, ҳожатхоналарнинг йўқлиги ёки борлари ҳам кўнгилни хира қилади.
Абдурасул Қодиров, тадбиркор:
─ Туризм инфратузилмаси билан шуғулланиш истагидаги ишбилармонларга имтиёзли кредитлар бериш йўлга қўйилмаган. Меҳмонхона қурсангизгина бундай имкониятга эга бўласиз. Сайёҳларга хизмат кўрсатишнинг бошқа объектларини ишлатмоқчи бўлганларга ҳам бу борада енгиллик берилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Тўғри, ҳожатхона қуриш ёки текин wi-fi ўрнатишдаги имтиёзлар бундан мустасно. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар