Испаниянинг Террасса шаҳрида қора мушукларни асраб олиш вақтинчалик тўхтатилди. Бу ҳақда BBC нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, маҳаллий ҳайвонларни ҳимоя қилиш хизмати 6 октябрдан 10 ноябргача қора мушукларни вақтинчалик парваришга ёки доимий асраб олишга оид аризаларни қабул қилмасликка қарор қилган. Бу қарор Ҳеллоуин байрами арафасида қора мушукларнинг зарар кўриши ёки байрам рамзи сифатида суиистеъмол қилиниши хавфидан ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинган.
Террасса шаҳар мэри ўринбосари Ноэл Дюкнинг сўзларига кўра, ҳар йили Ҳеллоуин олдидан айнан қора мушукларни асраб олишга бўлган қизиқиш кескин ортади.
Ҳозирда шаҳарда 9800 дан зиёд мушук яшайди. Асраб олиш марказларида эса 100 га яқин мушук бор бўлиб, уларнинг 12 таси қора рангда.
Шаҳар кенгаши бу чорани “вақтинчалик ва эҳтиёт ифодаси” сифатида баҳолаб, ҳайвонлар хавфсизлиги ва фаровонлигини таъминлашда муҳим қадам эканини таъкидлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!