13:30 / 19.04.2019
3 632

Сеҳр-жодуга юридик мақом бериб бўладими?

Сеҳр-жодуга юридик мақом бериб бўладими?
«(У) ғайбни билувчидир. Бас, Ўз ғайбидан бирор кимсани хабардор қилмас» (Жин сураси, 26).

Комиллик йўлида ҳалол меҳнат қилиш, ҳаёт машаққатларини сабру қаноат билан енгиб ўтиш, эзгу мақсадга эришишда тўғри ва холис йўлни танлаш азалдан халқимиз эътиқодига хос инсонийлик мезонларидан ҳисобланган.

Аммо бугун шиддат билан ривожланаётган фан-техника асрида инсонларнинг нафақат ўзидаги билим ва тажриба, истеъдод ва имконият ёхуд улар учун яратилган моддий-маънавий, техник ва технологик имкониятлардан, балки сеҳр-жоду, фолбинлик, афсунгарлик билан боғлиқ ғайритабиий хизматлардан фойдаланишга рағбати тобора ошиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Бу нимадан далолат беради?! Бундан англаш мумкинки, айрим одамлар ўз мақсадларига (хоҳ у эзгу, хоҳ у ёвуз ниятлар бўлсин) қандай йўл билан бўлмасин, тезроқ етишга интилмоқдалар. Нима учун? Чунки эзгу мақсадлар йўли – олис ва машаққатли. Унга етишиш учун пешона тери тўкиш, машаққатларни сабот билан енгиш лозим бўлади. Аммо айрим кимсалар, таассуфки, бундай ёруғ йўлни танламаяптилар. Улардаги танбаллик, сабру қаноатсизлик ёки фақатгина ўзи ва ўз бахти, омадини ўйлашдек худбинлик иллатлари уларни қандай йўл билан бўлмасин мақсад-муддаосига эришишга ундамоқда.

Табиийки, уларга одамлар тақдирини айтиб берувчи, уларнинг мулки ва оиласига ғайритабиий кучлардан фойдаланиб, таъсир ўтказишни даъво қилувчи сеҳргар, фолбин, коҳин ва бошқа шахслар ўз хизматларини таклиф қилмоқдалар. Ҳаттоки интернет тармоғида уларнинг очиқдан-очиқ тарғибот ишларини кўришимиз мумкин.

Ташқаридан қараганда, гўёки «одамларнинг ишларини юриштириб юбораётган», «бахтини очиб берадиган», «мансабини кўтариб юборадиган» сеҳр-жоду эгалари бугун кўп одамларнинг онгу хаёлини банд қилиб олган.

Аслида ғайб сири, ғайб сирларидан огоҳлик фақатгина Яратганнинг ихтиёрида. Бу ҳақда муқаддас ислом динимизда бот-бот уқтиришлар келтирилган.

Муаммо шундаки, уларнинг макрига учган кўплаб одамлар бугун ўз топган даромади, оиласи, фарзандлари ризқини қийиб, уларнинг насибасини фолбинлар ҳукмига қўшқўллаб топширмоқдалар ва алданиб қолмоқдалар.

Бугун маҳаллаларда ёки кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётган фолбинларнинг эшиги олдида навбатда турган кишиларни тез-тез учратиш мумкин. Бир қарашда уларнинг фаолиятини худдики тадбиркорликка ҳам ўхшатиб юборасан беихтиёр. Аммо ундай эмас, ҳақиқий тадбиркор халқни алдамайди, унга холис хизмат кўрсатади. Ундан одамлар манфаат топадилар.

Гўёки, одамлар оғирини енгил қилишга бел боғлаган қўштирноқ ичидаги бундай тадбиркорларнинг эса асл мақсади пул топишдан бошқа нарса эмас. Аччиқ бўлса ҳам, айтадиган замони келди. Бугун энг бозори чаққон фолбинга тушадиган кунлик даромадни тахминан ҳисоб-китоб қилиб кўрайлик. Хизмат учун бир киши 21 минг сўм тўласа, бир кунда ўн киши кирди дейлик. Кунлик фойда 210 минг сўмни ташкил қилади. Бундан ташқари, «мижоз»лар учун «махсус» хизмат турлари ҳам бор. Ишларни юриштириб юборадиган хизмат учун 300 АҚШ доллари, «иситиш» учун 200 АҚШ доллари, «совутиш» учун – 200 АҚШ доллари...

Даромаднинг жами кўрсаткичларини чиқаришни эса ўзингизга ҳавола қилдик. Не машаққатлар билан топган маблағимизни фолбиннинг мана шундай мавҳум башоратлари-ю жодуларига сарф қилиш адолатданмикин?!

Борди-ю, фараз қилайлик, фолбинлик фаолиятини юридик нуқтаи назардан истеъмолчига хизмат кўрсатиш, деб ҳисобласак, ушбу хизматлар сифати юзасидан ажиб бир мавҳумлик ҳолати юзага келади. Чунки мазкур хизматларнинг илмий-техник асослари ва баҳолаш мезонлари мавжуд эмас.

Бундан англашиладики, сеҳр-жоду хизматлари кўрсатиш жараёнининг тартибга солинмагани (агар бу хизматларга ҳуқуқий жиҳатдан рухсат бериш, уларни тартибга солиш ҳақиқатга тўғри келса) фуқаролар ишончининг оммавий суиистеъмол қилиниши, товламачилик ҳолатларига олиб келмоқда. Мазкур ҳолатлар интернет ёки бошқа видеоалоқа воситалари ёрдамида сеҳр-жоду сеансларини ўтказиш йўли билан содир этилмоқда.

Шуни ҳам қайд этиш керакки, сеҳр-жоду ва фолбинлик фаолиятида ёлғон, фирибгарлик аломатлари яққол кўзга ташланади. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги қонунининг 13-моддасида ёлғон реклама қилиш тақиқланган. Аммо ушбу қонуннинг амалда қўлланилишига юзлансак, интернет соҳасида мазкур талабга фолбинлар мутлақо риоя этмаётгаи гувоҳи бўламиз.

ИИВ маълумотларига кўра, охирги 3 ой мобайнида 20 нафар шахсга нисбатан битта жиноий ва 18та маъмурий иш қўзғатилган ва бунда моддий зарарнинг умумий қиймати 22 миллион сўмни ташкил қилган. Бу каби ишлар жиноий, маъмурий ва фуқаролик ишлари бўйича судларда исботланиши қийин ишлар тоифасига киради. Шу сабабли бундай хизматлардан зарар кўрган фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини судда тиклашда турли хил қийинчиликларга дуч келинмоқда.

Қолаверса, бундай хизматларни азалий ва абадий пок, соф диний эътиқодимиз қаттиқ қоралайди. Бундай ишга ружу қўйгунча ҳалол меҳнат қилиш, илму зиё орттириш, ҳар қандай истак ва мақсадни Яратгандан илтижо қилиб сўрамоқлик ва шу орқали ёруғ ниятга етмоқлик лозимлигини уқтиради. Имом Ал-Бухорийнинг «Ал жомеъ-ас-саҳиҳ» тўпламида сеҳргар ёки фолбинга мурожаат қилиб, унинг қобилиятларига шубҳа билдирмасдан ишониш диндан чиқишга олиб келиши айтилган. Шундай нурли хитоблар борлигига қарамай, афсуски, фолбинларнинг хизматларига «ихлос» қўйгувчилар сони ортиб бормоқда.

Ҳадисда «Кимки башоратчи ёки фолбиннинг олдига борса ва у айтган нарсани тасдиқласа, шубҳасиз, у Муҳаммад (алайҳиссалом)га тушган нарсага куфр келтирибди», дейилган (Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа ривоятлари).

Шу ўринда ижодкор юртдошимиз Баҳодир Обиднинг шеъридан қуйидаги тўртлигини келтиришни мақсадга мувофиқ деб билдим:

Сеҳргар – кўзларга худди авлиё,
«Шоҳ қисматин битар ҳатто гадога(?!)».
Жойнамози қолиб, эркагу аёл
Сиғинар пойида мисли Худога.

Юқоридагилардан хулоса қилиш лозимки, аввало, ҳар биримиз онгу тафаккуримизни ишга солиб, фолбинликка ихлос қилиш азалий эътиқодимизга хилофлигини чуқур англашимиз, ўзимиз ва фарзандларимиз насибаси бўлган мулкимиз ҳамда маблағимизни уларнинг алдовлари йўлида елга совурмаслигимиз даркор.

Шуни ҳам эслатиш керакки, ҳозирги кунда фолбин, сеҳргар, экстрасенслар ва бошқа шу каби шахслар томонидан инсон ва аҳолининг оммавий онгига салбий таъсир ўтказиш ҳолатларининг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган қонун ҳужжат қабул қилиниши зарурати юзага келмоқда.

Умид қиламизки, бугунги изчил ислоҳотлар жараёнида ушбу масалага ҳам соҳа мутахассислари томонидан муҳим эътибор қаратилади.
Бекбутаева Латофат


Таҳририятдан: Сеҳр-жоду амалиёти билан шуғулланадиганлар икки тоифага бўлинади: фирибгарлар (гўё сеҳр амалиётини қилаётгандек кўриниб, аслида сеҳр-жодудан хабари йўқлар) ва ҳақиқий сеҳр-жоду (магия) орқали инсон руҳини бузиш билан шуғулланадиганлар. Бири шунчаки одамларни чув тушириш бўлса, иккинчиси ўта салбий оқибатларга олиб келадиган амалиётдир.

Икки ҳолатда ҳам бу жамиятга зарар келтирадиган амалиёт бўлиб, зарарли ишлар қонунан таъқиб қилиниши тамойилидан келиб чиқадиган бўлсак, ишонишимизча, сеҳр-жоду амалиёти ҳам жиноят кодекси моддаларида ўз аксини топиши лозим. Уларга юридик мақом бериш эса жамиятга юборилган «бу ишлар жамият учун керак» деган ноўрин мессеж бўлиб қолади деб ҳисоблаймиз. Зеро, давлат томонидан тан олинадиган ҳар бир амалиёт омма, аввало ёшлар томонидан айнан шундай қабул қилинади.

Ҳисоблаб кўрилганда Россия Федерациясида аҳоли бир йилда 2 миллиард доллар пулини жодугарларга сарф этар экан. Бу рақам ўзга давлатга тегишли, бироқ у мазкур амалиётдан оилаларга етадиган биргина иқтисодий зарарнинг кўламини тушунишимиз учун керак...

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сеҳр-жодуга юридик мақом бериб бўладими?