
Қизиқчи халқ характерини, тарихини ва турмуш тарзини мукаммал билиши керак. Негаки, у образни, воқеликни ва тилни халқдан оларкан, ҳеч шубҳасиз, бир ноўрин гап сабаб, ўзи кулги ўқига нишон бўлиши тайин. Аскиячилик, кулги кечалари, пайровлар айнан маҳалла гузарларида ўтказилишининг сабаблариям унинг халқоналигида. Халқнинг ўй-кечинмалари нозик пардаларда тараннум этилгани боис ундаги иборалар тез тилга тушади. Ҳожибой Тожибоевнинг “Борма куясан, қоч куясан”, “Демак, чуқурроқ ҳайдамагансан”, “Ошда кўринмадинг”, “Олишиб ўтиринглар”, “Майли қуриқ кетма, битта савол бераман”, “Ўтириб борарсизлар”, “Ҳеч бўлмаса, марожний еб қайтиб келишсаям майли эди” сингари иборалари халқ тилидан ҳам, дилидан ҳам чуқур жой эгаллаган. Бироқ тўмтоқ, тушунарсиз ҳазил дилни яралаши ҳам тайин.
Боланинг кўзини очди
... Бозор ёнидаги бекатда турибман: нари-бери ўтган-кетган кўп. Йўлак ёнида чамаси ўн олти-ўн етти ёшлардаги тўрт-беш ўспириннинг жағи тинмайди:
– Ўҳ-ҳў, – деди биттаси. – Юпкангиз бунча калта?
Қолганлари давом эттирди:
– Юришга қулай.
– Югуришга қулай.
– Қулай...
Улар хандон отиб кулишади. Нега? Уларнинг кулгуси тагида на маъно бор, на мантиқ. Лекин кўча “мантиғи”га таянсак, ғиж-ғиж маъно борлигини фаҳмлаймиз.
Бундан бир неча йиллар илгари халқ ичидан олинмаган, айрим қизиқчилик гуруҳлари ўйлаб топган бу эпизод ҳали-ҳануз халқ ичида юрибди. Бунинг ёмон жойи йўқ-ку, дейсизми? Албатта, мен шундай деб ўйлардим, аммо гап халқ маънавияти ҳақида кетаркан, бошни кўтариб атрофга назар солиш керак, менимча. Миллат ахлоқи бир авлод нописандлиги оқибатида издан чиқиши мумкин. Шу болалар ҳалидан шу тўғрида ўйлаяптими, бу ишнинг охири бахайр эмас. Эътироз билдиришга шошилманг, миллат маънавияти неча йилда шаклланади?..
Бунинг жавоби йўқ, чунки халқ маънавиятини асрлар қаъридан келаётган анъаналар, урф-одатлар, умуминсоний мезонлар яратади. Миллат уни ўз қалбига сингдириб боради.
Эҳтимол, кулги, юмор, сатира, ханда сингари тушунчаларни яхши тушунмаслик, кулги яратишга ортиқча чираниш ва чаласаводлик(бу сингари ҳазиллар яратаётганларни шундай десак) халқ маънавиятига салбий таъсир кўрсатаётгандир?
“Буни оила даврасида кўриш мумкинми, – деганди бир танишим. – Мумкинмас-ов, ўзинг томоша қилсанг, таҳлил қиласан. Ота-онангнинг олдида ийманасан, болалар: “Дада, бу гап нима дегани”, деб ҳар хил саволлар бераверишади. Кўпни кўрган, дунёқараши кенг инсонлар: “Шуям гап бўлдими”, деб энсасини қотиради. Уларнинг гап-сўзининг, хатти-ҳаракатининг тагида одамни кулдиришдан кўра интим дунёсини уйғотишга уриниш бордек. Нима мақсадга қаратилганини тушунмадим, тагида нимадир ғоя бўлиши керак, эмасми?! Қуруқ гап, айниқса, томошабинларнинг ғашига тегадиган қилиқлар билан аудиторияни ушлаб туриб бўлмайди. Бошдан-охир камчилик шунда кўринади”.
Кулги юки шунчалик арзонми?
Хабарингиз бор, “Миллион” жамоасининг ҳар йили концерт дастури бўлади. Бу йил ўтди. “Халқлар дўстлиги” санъат саройида ҳам, бироз вақт ўтиб, диск орқали ҳам ўша дастурни томоша қилдим. Чин мухлис сифатида эмас. Ҳазил тагидаги гапни ахтариб кўрсак, балки ҳамма қизиқ гаплар шунчаки туюлар. Аммо маънавиятли киши учун бу тузсиз бир гапдир. Эҳтимол, қаттиқроқ бўлса-да, айтиш керак, бу — ахлоқсизликка ундашдир.
Катта авлод вакиллари бу каби қитмир сўз ўйинларига тушунмаслиги аниқ. Ҳатто ўзим ҳам “кўча тили”ни бугунги болаларчалик яхши билмаслигимдан ушбу кулги жамоасининг гапларига аҳамият бермайман. Лекин кўчада мактаб ўқувчисининг тилидан эшитганда бирдан сергак тортаман: “Эй, каллангга”, “Эй, шапкангга”, “Орамиздаги масофа ўн беш сантиметр”... Эндиликда, “Браво” номли жамоанинг ҳам шу тузли-тузсиз гап-сўзлари одамлар тилида юрибди. Бироз илгари ушбу жамоанинг лицензияси тўхтатилгани ҳақида хабар тарқалди, албатта, бу кимнидир хафа, кимнидир хурсанд қилгани тайин.
Очиқча ўйланг, уларнинг ҳазилини эшитганда нега ҳамма кулаяпти? Майли, менинг хаёлим бузилгандир. Лекин шу гапларни эшитганда миллат маънавияти ҳақида барибир оғриқли ўйлар пайдо бўлаверади. Кулгининг юки, кулдиришнинг юки шунчалик арзонми?
Шарқона одоб — Ғарбона кулги
Кўча-кўйда кулгили ҳолатларни жуда кўп учратамиз, кўрамиз, кузатамиз. Лекин шуни бошқаларга айтишда барибир одоб чегарасидан чиқмаймиз. Шарқона одоб деймизми, менталитет деймизми, барибир, бемаврид ва бачкана кулги, бетийиқ ҳаракатлар ўша нуқтага қадалаверади. Эҳтимол, мухлиснинг ҳиссиёти жараён, қизиқчининг гап-сўзини дарров таҳлил этишдан устун келар, бироқ янги фикрда урғу парда ортидаги интим кечинмаларга берилиши ва гоҳ очиқ, гоҳ “билса чин, билмаса ҳазил” ўрнида шу ҳолатларнинг куйланиши ахийри, барчани бездиради. Кулдириш учун шундай тушунарсиз ва тузсиз қилиқлар кўрсатиш шартми? Майли, қизиқчилик тирикчилик экан, буни чин дилдан, меҳнат ортидан, изланиб, уддалаш мумкин-ку. Пул топишнинг бошқа йўли кўп-ку. Айнан халқ маънавияти билан ҳазиллашишнинг нима кераги бор?! Ҳар нарсада меъёрни унутмаслик жоиз, меъёр бузилдими, асал ҳам медага уради. Шакарнинг ҳам ози ширин, деган нақлнинг ҳақиқат эканини оддий мисолларда ҳам билиш мумкин.
... Бир-иккита қизиқчилик жамоаларининг концерт дастурларини кўрдим. Тўғриси, кўча тилини шундай боплашганки, баъзилар тушунмаслиги аниқ. Кимдир уларнинг жаргонидан дарров гап нима ҳақда эканини фаҳмлайди. Танқид орқали гўё интим кечинмаларни ёпишга уринишган, бироқ қовун туширганини бир қарашда сезиш мумкин. Масалан, ота ва қиз муносабатлари шу даражада нозикки, ҳатто ота ақлий носоғлом бўлса-да, фарзандининг ҳамиятига тегадиган бир оғиз гап гапирмайди... Буни-ку, қўя турайлик, кап-катта эркакни аёллар кийимига ўраб, саҳнага чиқариш тўғрими?.. Эркакнинг сузилиб, қилпанглаб у ёқдан-бу ёққа ўтиши, нима деган гап? Бўяниб, чиқиши-чи? Шунгаям кулиш мумкинми? Мижозида юморга ўчлик бўлган ҳар қандай одам ҳам буни шунчаки ҳазм қилолмаса керак. Ўзбек характери ор-номус, ғурур, андиша ва ватанпарварлик замирига қурилган.
Нисбатан реал, аниқ ва камроқ бачканаликларсиз кулги “Дизайн” жамоасининг дастурини кўрганда сезасиз. Бундан ташқари, халқ табиати ва бугунги кун тасвирини Нодир Лўли, Беҳзод Ҳамро, Аваз Охун сингари сўз усталари ёрқин ифодалаб бермоқдалар. Улар халқнинг ичидан кулги олиши айбини ювиб юборади. Нариги жамоада эса, асосан, эътибор хонандаларга қаратилади. Халқ фақат хонандалардан иборат эмас, тадбиркор, инвестор, ўқитувчи, дурадгор, ошпаз, чўпон, қассоб ҳақида айтиш мумкин эмасми?! Ёки артистлар орқали мухлис тўпланадими?.. Буям энг катта муаммо.
Ўзбекистон зиёлилари билан учрашувда Президентимиз Шавкат Мирзиёев: “Ўзбекистонда адабиёт ва санъат, маданият, оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат бизнесга айланмаслиги шарт ва биз бунга ҳеч қачон йўл қўймаймиз”, деганди.
Ҳақиқатан, ҳақиқий санъат реклама ва ур-йиқитлардан йироқ бўлиб, у очиқ саҳналар билан томошабин қалбини забт этишга уринмайди.
“Шундай нон емай...”
Боя айтганимдек, концерт дастури ичида эдим. Кулги ихлосмандларини қўяверинг, ота-оналар, ўрта ёшлилар, келинлар, ёш қизлар, болалар атрофни бошига кўтариб баравар кулар, қарсак чалар, кўзларини ўйнатарди. Болаларнинг имо-ишораларидан “зўр” кетаётганини англаш мумкин. Қизларнинг сузилишидан ҳамма гап маънисига тушунаётганини фаҳмлаш қийин эмас. Лекин бобо-момоларнинг аҳён-аҳён ним табассумига тушунмадим, холос. Эҳтимол, тушунмагани учун кулаётгандир. Буям, жим эшитгандан кўра, фойдали. “Шундай нон емай ўл”, деб кулаётган бўлиши ҳам мумкин. Илгари бир дўстимникига тўйга борганимда унинг отаси ўзини ҳар кўйга солиб, одамларни кулдиришга шайланган ўртакаш-қизиқчига шундай деганди...
Асрлар оша яшаб келаётган латифалар замирида ҳам соддалик, самимият, инсонийлик улуғворлиги акс эттирилган, кибр, ғараз, олифталик, тилёғламалик устидан кулинган. Замонавий кулги одамлар тезроқ тушуниши учун ҳаракатлари, гап-сўзи енгилроқ бўлиши керак, деганлар ҳам бордир орамизда. Аммо доим янги йўналиш эскисидан озиқланишини унутмаслик керак.
Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Муҳиддин қизиқ Дарвешов, Охунжон қизиқ, Рустам Ҳамроқулов, Ҳожибой Тожибоев ўзбек қизиқчилик мактабининг дарғаларидир. Улар саҳнага чиққанда, беихтиёр одамларнинг юзларига табассум югурган. Улар ҳар сўзни ҳис этиб, уни тариқдек кўчага сочмай, билиб-фаҳмлаб ишлатишган.
Маълумки, ЮНЕСКО томонидан 2014 йил аския санъати инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган. Қизиқ томони, шундай маданиятимизни ўзимиз олди-қочди ҳангомага айлантириб қўяётгандекмиз. Албатта, шундай буюк санъатимизни асраб-авайлаш, келгуси авлодларга бус-бутун етказиш бугунги ахборотлашган даврнинг энг долзарб вазифасидир.
...Ҳали-ҳануз эсимда, бир гал бир-бири билан жуда қаттиқ ҳазиллашадиган жўраларим орасидан ола мушук ўтди. Анча пайтгача бунинг сабабини билолмай юрдим.
Жамолнинг оиласи бузилган эди. Доим ҳазиллашиб юрадиган ошналар орасида шу гап ҳазилга мавзу бўлиб қолган. Раҳматнинг ўйламай гапирган битта гапи уларни муштлашишгача олиб борди.
– Нега ҳазилга чидамайсан? – деди Раҳмат қизариб.
– Шу ҳазилми? – деди Жамол унинг ёқасидан олиб. – Сен менинг нафсониятимга тегдинг. Ҳамма ҳазилингни кўтаришим мумкин, лекин бунақасини кўтармайман.
Нафсонияти ўлмаган одам – маънавияти бутун одам. Нафсонияти ўлмаган миллат – маънавиятли миллат! Шундай экан, миллатнинг нафсонияти билан ҳазиллашмаслик керак. Нафсониятли миллат бундай ҳазилни кўтармайди.
Манба: Azon.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар