date
views 2 808

"Тараққиёт стратегияси" маркази директори: Иддаодан муддао нима?

"Тараққиёт стратегияси" маркази директори: Иддаодан муддао нима?
Маълумки, миллатни миллат сифатида намоён этадиган ва дунёга танитадиган восита бу тилдир. Тил, ўз навбатида, халқ миллий онги ва миллий тафаккурининг ифодаси, ўзлигини англаши, ижтимоий ҳаёти, турмуш тарзи ва дунёқараши билан чамбарчас боғлиқдир. Тарихдан яхши маълум, ўзбек халқининг буюк мутафаккир-олимлари жаҳон тамаддунига қўшган беқиёс ҳиссалари – ўлмас асарларини ҳам ўз тилларида битганлар. Аждодларимизнинг улкан ақлий салоҳияти билан яратилган асарлар, уларда ифодаланган пурҳикмат фикрлар, ҳамма замонга тегишли бўлган илмий, маънавий-маърифий, тарбиявий қарашлар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Тилимизнинг бугунга қадар талафотларсиз етиб келиши замирида эса, халқимизнинг ўз она тилини жонидан севиши, ардоқлаши, кўз қорачиғидек асраб-авайлаши ётибди. Бундан минг йил аввал Маҳмуд Кошғарий шундай таъкидлаган эди: “Худо давлат қуёшини турклар (ўзбеклар) бурчида яратди. Фалакни ҳам шулар мулкига мослаб айлантирди. Уларни турк (ўзбек) деб атади, мулкка эга қилди, уларни замонамизнинг ҳоқонлари қилиб кўтарди. Замон аҳлининг ихтиёр жиловини шулар қўлига топширди, халққа бош қилди, буларни тўғри йўлда юришга қодир қилди. Буларга қарашли кишиларни ғолиб қилди. Уларга қарашли кишилар мақсадларига етиб, бебошлар ҳалокатидан қутулди. Уларнинг ўқларидан сақланмоқ учун уларнинг хатти-ҳаракатларини маҳкам тутмоқ ҳар ақлли кишига лойиқ ва муносибдир. Буларга яқин бўлиш учун энг асосий йўл – уларнинг тилларида сўзлашишдир, чунки улар бу тилда сўзлашувчиларга яхши қулоқ соладилар, ўзларини яқин тутадилар, уларга зарар бермайдилар. Ҳатто улар тил туфайли ўз паноҳида турган бошқаларнинг гуноҳини ҳам кечиб юборадилар”.

Таассуфки, ўтган асрдаги мустабид тузум даврида ўзбек тили ярим асрдан зиёд мафкуравий, сиёсий, маъмурий босим остида бўлди. Тил ҳимоясига чиққан миллат зиёлилари қатағон қилиниб, Ўзбекистонда рус тили расмий тил мақомига эга бўлди. Ниҳоят, 80-йилларнинг охирига келиб, вазиятни яхши томонга ўзгартириш имконияти туғилди. Биринчи Президентимиз ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш ташаббуси билан чиқиб, кучли ирода ва қатъий журъат билан ҳимоя қилиб, “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилинишига эришилгани давлат мустақиллигини қўлга киритишимиз йўлида ташланган биринчи катта қадам бўлди.

Мустақиллик йилларида ўзбек тилининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, қўлланиш доираси ҳам сезиларли равишда кенгайди. Энг аввало, Конституциямизнинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир”, деб қатъий белгилаб қўйилди. Бош Қонунимиздан келиб чиқиб қабул қилинган қатор қонун ҳужжатлари билан бу борадаги ҳуқуқий механизмлар янада такомиллаштирилди. Шу билан бирга, тил соҳасидаги қонунчилигимизда ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши республика ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилини қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларига монелик қилмаслиги ҳам аниқ ифодалаб қўйилган. Хусусан, “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг бирон бир моддасида юртимизда аҳил-иноқ умргузаронлик қилаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг ўзаро мулоқотларида тил танлашни чекловчи ёки тақиқловчи нормалар мавжуд эмас.

Шунинг учун ҳам яқинда бир гуруҳ “ўзбек зиёлилари”нинг Ўзбекистонда “Давлат тили ҳақида”ги Қонунга ўзгартиш киритиб, рус тилига расмий тил даражасида ҳуқуқий мақом бериш ҳақидаги иддао билан чиққанлари кенг жамоатчиликда кескин ҳақли эътирозларга сабаб бўлди. Ва бу табиий ҳам эди. Чунки тил халқнинг маънавий юксалишида энг юқори ўринда туриши исбот талаб этмас ҳақиқатдир. Ўзбек халқининг минг йиллар мобайнида шаклланган бой маданий-маърифий, илмий-маънавий мероси шу тилда яратилмаганми, ахир? Рус тилига ҳам расмий мақом бериш ўзбек миллатини тарихидан, маънавиятидан, миллий қадриятларидан, ўзлигидан мосуво қилишга, жамиятни иккига бўлишга уриниш эмасми?

Ваҳоланки, бугун қайси бир хорижий тилни ўрганаман деган юртдошимизга барча шарт-шароит ва имкониятлар мавжуд, хоҳласа, салоҳияти етса бир эмас, бир неча тилни эгаллаши мумкин. Бизда ҳеч қайси тилга, айниқса, рус тилига нисбатан ола қараш йўқ ва бўлмайди ҳам, аксинча, русийзабон фуқароларнинг ҳуқуқлари улар ўзлари кутганларидан ҳам зиёд таъминланмоқда.
Биргина таъкид, Ҳукумат муассислигида ўзбек тилида битта (“Халқ сўзи”), рус тилида эса иккита (“Народное слово”, “Правда Востока”) газеталари 25 йилдан бери чоп этиб келинмоқда. Ёки рус адабиёти намояндаларининг юз жилдлигини ўзбек тилида чоп этилаётгани, юртимизда фаолият кўрсатаётган рус мактабларининг аксарият ўқувчилари ўзбек болалари экани, бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Демак, рус тилига шундоқ ҳам эътибор етарлича бўлган давлатда унга расмий мақом беришга қандай ҳожат бор?

Ижтимоий тармоқларда айрим зиёлиларнинг бу хурмача таклифи ортида “кўринмас кучлар” – Ҳукумат амалдорлари турибди, деган тахминлар ҳам учрамоқда. Ваҳоланки, давлат ҳам, Ҳукумат ҳам ўзи танлаган йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмайди, яъни икки тилликка йўл қўймайди, бу “ўйин” ортида турган бўлса, фақат миллатпараст ва шовинист кимсалар яширинган бўлиши мумкин. Чунки биз ҳуқуқий демократик йўлдан кетяпмиз, амалдаги қонунларга ўзгартириш киритиш зарурати бўлса, Ҳукумат ўзининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланиб, бу ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига расман мурожаат этади. Парламентга ҳозирча бунақа мурожаат бўлмаган ва бўлмаслигига ҳам ишончимиз комил.

Шундай экан, турли эҳтиросларга берилиб, бузуқ ғоя ташаббускорларининг тегирмонига сув қуймайлик-да, оғир-босиқлик ва вазминлик билан уларнинг таклифи хомхаёл эканини асослайлик. Бу ўринда она тилимизнинг мавқеини мустаҳкамлаш, унинг нуфузини кўтариш, янада равнақ топиши йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни кучайтирайлик.

Бинобарин, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга ошириладиган устувор вазифалар бўйича жорий йилги Давлат дастурида тилимизни янада ривожлантиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, юртимизнинг қадимий ва бой тарихини ўрганиш, илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш ҳамда уларни келажак авлодга етказиш чораларини кўриш масаласида ҳам, аввало ўзбек тилининг бой имкониятларидан фойдаланамиз. Ўқувчилар учун барча қулайликларга эга бўлган замонавий таълим муассасаларини барпо этиш бўйича «Замонавий мактаб» дастурининг қабул қилиниши ва ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш механизмларини такомиллаштириш эса, фарзандларимизга она тили ва адабиёти фанларини янада чуқур ўргатиш, уларда ўз тили билан ғурурланиш туйғуларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Давлат дастурида белгиланган миллий-маданий марказлар, дўстлик жамиятлари ролини янада ошириш ва уларнинг аҳоли ҳаётидаги иштирокини кучайтириш масалалари, ўз навбатида, юртимизда бошқа миллат ва элатлар вакилларининг ҳам урф-одатлари, анъана ва қадриятлари, тилига бўлган юксак эътибордан далолат беради. Шунингдек, Миллий ахборот маконини ҳимоя қилиш бўйича Интернет тармоғида миллий контентни ривожлантириш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлаш концепциясини ишлаб чиқишда ҳам давлат тилимиз устувор ўрин тутиши шубҳасиз.

Тўғри, тилимизни эъзозлаш, унга диққат ва эътибор билан қараш, тил тўғрисидаги қонунчилик ижросини таъминлашда айрим камчилик ва муаммоларимиз ҳам йўқ эмас. Мисол учун, бугун тил софлигини сақлаш энг долзарб вазифага айланмоқда. Қолаверса, баъзи расмий идораларда ўзбек тилида иш юритиш ҳамон қонун талаблари даражасида эмас, уларнинг рус тилида иш юритиш одатини ташлашлари қийин кечмоқда. Кўчалардаги номлар, пешлавҳалар, шиорлардаги ғализ жумлалар, имловий хатолар, ясама сўзлар, дўконлар, фирма ва тижорат корхоналарига қўйилган алмойи-жалмойи европача номлар ҳамон таъбимизни хира қилмоқда.

Демак, тилимизга эътиборни кучайтиришни ҳар биримиз энг биринчи галда ўзимиздан бошлашимиз мақсадга мувофиқ. Энг кераклиси, давлат тилига оид қонун бузилиш ҳолатларига бефарқ ва лоқайд қарамаслик, қонунчилик ижроси юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатишимиз муҳим. Зеро, тилимизни ҳурмат қилиш ўзимизни ҳурмат қилишдир. Ўзбекнинг зўр шоири Эркин Воҳидов таъбири билан айтганда: “она тили умуммиллат мулкидир, демак, тил олдидаги масъулият ҳам умуммиллий. Мен ўзбекман, деган ҳар бир инсон ўзбек тили учун қайғурмоғи керак.”

Рус тилига расмий тил мақомини бериш ҳақидаги таклифни илгари сурган “бир ҳовуч” зиёлиларга эса, Қаҳрамон шоирнинг бу пурмаъно ўгитлари таъсир қиладими, йўқми, уларнинг виждонига ҳавола. Биз эса, бу таклифни фақат ва фақат Ўзбекистон мустақиллигига дахл қилишга уриниш сифатида баҳолаймиз. Уларнинг иддаоларидан муддао эса... биз учун ҲЕЧ НИМА!
Элдор ТУЛЯКОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Манба: Azon.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » "Тараққиёт стратегияси" маркази директори: Иддаодан муддао нима?