08:40 / 22.06.2019
3 865

Қорни оч одам

Қорни оч одам
«Тадбиркор» фақат чўнтагини ўйласа, мутасадди кўрмаганга олса, одамлар соғлиғига ва ҳаётига ким кафолат беради?

Юртимизда сўнгги бир неча йилда тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилди. Асосийси эркинлик берилди. Жумладан, уларнинг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишга икки йил муддатга мораторий жорий этилди.

Бундан кўзланган мақсад — одамларни кичик бизнесга жалб этиш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва пировардида одамларни рози қилишдир. Ҳарқалай, халқимизнинг фаровон яшагани, юртимизда тадбиркорлар кўпайгани ҳаммамизга бирдек фойда келтиради.

Лекин танганинг иккинчи томони ҳам бўлганидек, мўмай даромад топиш мақсадида ҳалол ва ҳаромнинг фарқига бормайдиган «тадбиркор»лар ён-атрофимизда кўпайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Шундай пайтларда бундай эркинлик ва мораторий умумовқатланиш ошхоналари учун эмас экан, деган фикрга бориб қолади киши.
Нега дейсизми?

Электр бўлса, басми?
Иштаҳа чўнтакка қараб очилади. Ҳамма ҳам сифатли ва қиммат ресторанларда тушлик қила олмайди. Оддий одамлар учун арзонгинага қоринни тўйғазишнинг ўзи муҳим.

Кейинги пайтларда тадбиркорлик ниқоби остида одамлар гавжум жойларда, автобекатларда, хиёбонларда тезпишар турли егуликлар тайёрлаб сотиш авжга чиқди. Бундай йўл-йўлакай овқатланиш «будка»ларида асосан гумма, пирожка, хот-дог, кабоб каби тезпишар таомлар тайёрлаб сотилади. Бундай жойлардан хўранданинг қадами узилмайди. Сабаби аниқ: нисбатан арзон... Сифат эса қорни очни ҳам, ҳамёни юпқа одамни ҳам қизиқтирмайди.

Бундай шоҳобчалардаги санитария-гигиена талаблари тўғрисида умуман гапирмаса ҳам бўлади. Эътибор беринг, фақат электр токини тортиб келиш билан овқатланиш ёки таом сотиш шоҳобчасини очиш мумкинми? Мумкин экан... Бунга одамлар гавжум бўлган ҳар қадамда дуч келяпмиз. Даъвоси битта вагонча экан, вассалом. Иссиқ сув, совуқ сув, канализация деган терминлар ўтган асрда қолган...

Бундай шоҳобчаларда сотиладиган тезпишар пирожка, чебурек, сомсалар умуман гигиена талабларига жавоб бермайди. Айниқса, пишириш учун ишлатиладиган ёғнинг сифатини кўриб, ёқа ушлайсиз. Қайта-қайта фойдаланаверилганидан сариқ рангли ёғ қоп-қора тусга кирган. Маҳсулотлар шундай очиқ ҳолда атрофдаги кўринмас чанг-тўзон билан қоришиб туради. Баъзан бир кун олдинги маҳсулотни ҳам иситиб бераверишади.

Бундай «тадбиркорлар» учун юқумли касалликлар, ошқозон ва ичакда ўткир яллиғланишлар... барчаси бекор гап. Уларга пул келиб чўнтаклари қаппайиб турса бўлди. Бировнинг саломатлиги билан бошларини қотириб ўтиришнинг нима кераги бор.

Салла деса калла...
Мутасаддилар бу салбий ҳолатларни кўрмайди, уларни бу қизиқтирмайди, деб ўйлайсизми? Хато қиласиз! Улар барчасини кўриб, билиб турибди. Аммо, негадир жим. Чунки бугун тадбиркорларга тегиб бўлмайди. Текшириш бўйича мораторий эълон қилинган-ку, ахир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази, унинг ҳар бир вилоят, туман, ҳатто бозорларда бўлимлари мавжуд. Аммо менга тегмасанг, мен ҳам сенга тегмайман нақлида иш юритади.
Нима эмиш, умумовқатланиш шоҳобчасини очиш учун Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан бериладиган сертификат талаб қилинмасмиш?

Агар ташкилот низомида олдига қўйилган вазифа ва мақсадлар билан танишиб чиқсангиз, бу зарур эканлигига ишончингиз комил. Демак, марказ бу салбий ҳолатларга томошабин бўлмасдан, сертификат зарурияти масаласини кун тартибига қўйиш керак эмасми? Қўйингчи, «будка»лар фаолияти учун ҳам санитария талабларини қўйиш вақти етмадими?

Масаллиқларнинг музлатгичда сақланиши, егуликларнинг сотув жараёнида усти ёпиқ идишда туриши, идишларни тозалаш талаблари, ошпаз ва сотувчи соғлиғига бўлган талаблар қўйилиши керак эмасми?
Ахир, масала фақат тадбиркорлик субъекти фаолияти тўғрисида эмас, одамларнинг қимматли соғлиғи тўғрисида кетяпти-ку.

Бугун тайинли иши бўлмасдан, рўзғорига тўрт сўм пул олиб кираман, деб кўчада таксичилик қилган ҳайдовчиларни бир гуруҳ ташкилот бўлиб қувиб юрмасдан, бир кунда юзлаб одамлар таом ейдиган «будка»ларга ҳам бир бошимизни суқиб қўйсак бўлмайдими?

Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази мутасаддиларининг топиб олган яна бир гапи бор: мавжуд қонун-қоидаларга кўра, санитария-эпидемиология назорати ходимларининг ошхона ва кичик овқатланиш шоҳобчаларида текширув ўтказиш ҳуқуқи йўқ эмиш. Узоққа бормайлик, яқин йилларгача ошхоналар «СЭС» ходимларининг текшир-текширларидан безиб қолишган эди. Бу ҳеч кимга сир эмас. Исталган ошхона ёки кафега бориб сўрасангиз бу ҳақда дардини достон қилишади.

Яхшиямки, тадбиркорлик фаолиятига ортиқча аралашувларга чек қўйилгандан сўнг, ташкилот ўзида бундай ваколат йўқлигини тушуниб қолибди. Аммо бу салла деса, каллани олиш керак дегани эмас. Майли санитария-эпидемиология назорати ноқонуний ишлаётган овқатлашиш шоҳобчалари ва «будка»ларни текширмасин, аммо, қўйиладиган талаблар бўйича йўриқнома бериши, тушунтириши ёки огоҳлантириши мумкинми?

Кўз олдимизда тайёрланса, ҳалолми?
Яна бир масала. Бугун сал қиммат бўлсада, бола-чақамиз билан «миллий таомлар» деб аталувчи ошхоналарга боришни одат қилганмиз. Бундай ошхоналар гўёки хўрандаларнинг эътиборини жалб қилиш учунми, таомлар нуфузлиси — норинни шундоққина хўрандалар кўз ўнгида, овқатланиш залида тайёрлашади. Ахир, тумонат одам овқатланаётган залда кўринмас тумонат чанглар ҳам бор.

Яна хўрандаларнинг ичида биронтасининг грипп билан шамолламаганига ёки ўпка касаллиги (сил ва бошқалар) билан оғримаганига ким кафолот беради? Хамирли ёки қўл меҳнати кўп бўлган бундай таомлар тайёрланиши учун махсус хона ва талаблар бўлиши керак эмасми?

Бундан ташқари, эътибор берган бўлсангиз, бир қатор аёллар тизилиб олиб гап сотиб норин хамирини, қазисини майдалашади. Санитария талаби бўлган оддийгина қўлқоп ҳам киймаган аёллар баъзан пешонасини артишса, баъзан телефонига жавоб беришади. Энди гигиенани кўраверинг.

Маълумки, ўтган йили ёзда юртимизда оммавий заҳарланиш ҳолати кўп учради. Сабоқ оғир бўлди. Мана яна жазирама кунлар олдимизда. Тегишли мутасаддилар хулоса чиқариб, олдиндан тушунтириш ишлари, профилактика тадбирларини олиб боришидан умидвормиз. Биз ҳам овқатланиш шоҳобчалари, «будка»ларни оммавий равишда текшириш, жазолаш ёки ёпиб ташлаш фикридан йироқмиз.

Бу билан яна бир муаммони пайдо қилиш мумкин. Чунки мана шундай хизмат кўрсатиш орқали кимлардир рўзғор тебратяпти. Фақат уларга қонуний ҳамда санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилган ҳолда ишлашлари учун ёрдам кўрсатиш, сифат назоратини йўлга қўйиш керак.

Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ

Манба: Od-press.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қорни оч одам