19:30 / 25.06.2019
5 504

Энг улуғ мўъжиза

Энг улуғ мўъжиза
Инсоният яратган энг улуғ мўъжиза бу – китоб. Китоб орқали тарихни, қадим маданиятни билдик, билимимиз, дунёқарашимиз шаклланди. Бугунги кунга келиб эса тараққиётни китобсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Ота-боболаримиздан бизга етиб келган эртаклар, ривоят, мақол ва достонларда китоб доим муқаддас нарсалар қаторига киритилган. Китоб нон каби қадрланган. Ўтган асрлар хаттотлиги ниҳоятда нозик дид билан амалга оширилганки, китобларни ўқиган киши ҳам хаттотлик санъатидан баҳра олган.

Қадимда ўқимишли оилалар болаларини мактабларга бергач, ўқишнинг ҳар бир босқичи тугагандан кейин болаларига китоб совға қилганлар. Китобни асраш, ундан фойдаланишга ҳам катта эътибор беришган. Китоб махсус лавҳга қўйиб ўқилган. Сабаби китобни оҳиста варақлаб очиш қулай бўлган, қайириб очилмаган. Китоб бетлари орасига хатчўплар қўйиб белгилашган. Китобга хаттотдан бошқа кишининг ёзиши ножоиз ҳисобланган. Ҳар қандай муҳтожликка тушган одам ҳам китобларини сотмаган.

Китобхонликнинг ҳам маълум аҳамияти бўлган. Кўпинча 5-6 киши бир жойга тўпланиб, бирор китобни ўқиб, муҳокама қилишганки, унинг мазмуни шу давра аҳли хотирасида бир умр сақланган. Айрим оилаларда кечки овқатдан сўнг китобхонлик ўтказилган. Оиланинг бир аъзоси китобни ифодали ўқиган, қолганлар тинглаб, муҳокама қилиб боришган.
Хўш, бугун оилада китобни асраш ва ўқиш маданияти ҳақида ота-оналар нималарга эътибор беришлари керак?

Энг аввало, ҳар бир тарбиячи ўз соҳасига оид китобларни ва уларнинг аҳволини яхши билиши, болаларнинг шу китоблардан қандай фойдаланаётганидан хабардор бўлиши лозим. Иккинчидан, болаларнинг қайси кутубхонага аъзолиги, кутубхонадан қандай китоблар олиб ўқиётганлиги, китобни қай аҳволда олди-ю қай аҳволда сақлаганлигидан хабардор бўлса яхши бўлар эди.

Учинчидан, ҳар бир ота-она боласининг ёшига қараб қандай китобларни ўқиш мумкин-у қайси китобларни ўқиши унинг ёшига тўғри келмаслигини билиши даркор. Айниқса, 8-9-синф ўқувчиларининг ота-оналари болалари қандай китобларни ўқиётганлигидан мунтазам хабардор бўлишлари керак. 13-15 ёшли болаларга саргузашт асарларни ўқишни тавсия қилиш керак. Бундай асарлар болалар онгини ўстиришга, ўзига ишонч руҳини тарбиялашга ёрдам беради.

Шунингдек, ўзбек халқ оғзаки ижоди дурдоналари – достонларни ўқиш боланинг тафаккури кенгайишида ниҳоятда муҳим. Чунки достонларда ахлоқ, меҳнат, ватанпарварлик тарбияси асосий ўрин тутади. Ҳозирги давримизда телевизор, қўл телефонлари ва компьютерга вақт-вақти билан дам бериб, болаларимиз ўқиган китоблардаги бадиий тасвирларни улар оғзидан эшитиш фойдадан холи эмас.

Ота-боболаримизнинг яна бир яхши одатларини қайта тиклаш даври келди. Яъни, болаларимизнинг туғилган кунларида, узоқ сафарларга бориб келганимизда, байрамларда уларга бирор кийим совға қилишга ўрганганмиз. Кийимни ҳамма вақт олиб бериш бурчимиз. Болаларимиз эслайдиган кунларда уларга китоб совға қилсак, уларда китобга нисбатан меҳр уйғотган бўламиз, чунки болалар ҳар бир совғани қадрлаб асрашади. Китобни севишдаги, авайлаб ўқишдаги болаларга кўрсатадиган энг ишончли таъсир ўзимиз ўрнак бўлишимиздир. Умуман, болаларнинг китобга меҳрини уйғотишда ота-оналарнинг ўрни мактабга нисбатан ҳам салмоқли эканини ҳеч қачон унутмаслик керак.
Инобат ҲАМРОЕВА,
Бухоро вилояти

Манба: Od-press.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Энг улуғ мўъжиза