15:17 / 27.06.2019
3 192

Вақти-соати келган бахт

Вақти-соати келган бахт
Салимахон ая ҳовлидаги шитир-шитирдан уйғониб кетди. Бошини кўтариб деразадан ҳовли супураётган келини Мафтунани кўриб, унинг ёнига чиқди.

– Келинг, қизим мен ҳам сизга қарашаман. Ўзи кеч ётгандингиз, саҳарлаб турмасангиз ҳам бўларди, – деди. Сўнг унинг қизарган кўзларидан ухламаганини пайқади.

“Яна йиғлаб чиқибди”, хаёлидан ўтказди Салимахон. Ҳа-я, кеча қўшни келиннинг “қовурдоғи”да югуриб-елиб хизмат қилган Мафтунани меҳмонлар: “Сизга ҳам шундай фарзандлар ато қилсин”, дея дуо қилишганди.

Мана, тўрт йилдан бери фарзанд кўриш истагида келини ва ўғлининг бормаган шифокори, кўринмаган табиби қолмади. Натижа йўқ. Ҳаммаси бир гапни айтади: “Эр-хотин соғломсизлар, вақти келганда фарзанд кўрасиз”. Аммо болаларни жонидан ортиқ кўрадиган, кимнинг фарзандини кўрса, дарҳол эркалагиси, совға-саломлар улашгиси келадиган келин ўша вақти-соати тезроқ келишини Аллоҳдан сўрарди.

Салима ая бир куни қўшнисидан эшитган гапларини айтиб, келини билан зиёратгоҳга отланди. Йўлда кета туриб халтага солиб олган супургини кўрсатиб, келинига тушунтирди:
– Қизим, Зангиота мажмуасида Анбар она мақбараси бор. Унинг атрофини мана бу супурги билан яхшилаб супурасиз, сўнг унинг атрофини уч марта айланиб, фарзанд сўрайсиз.

Узоқ йиллардан бери зурриёд илинжида бўлган Мафтунахон бундай ишлар аслида шариатга зид эканини яхши билса-да, “ноумид шайтон”, дея рози бўлди.

Қабристон оралаб мақбара ёнига боришди. Қайнонаси айтганидек, мақбара атрофини супура бошлади. У зиёратчиларнинг йўлини тўсиб қўяр ва ҳар ҳар гал уларни ўтқазиб юбориш учун тўхтаб турарди.

Бу воқеаларни кузатиб турган имом-хатиб уларга яқинлашди:
– Синглим, нима қиляпсиз?

Уятдан қизарган келин ўрнига қайнона жавоб берди:
– Домла, одамлардан бу ерни супуриб, кўпчилик фарзандли бўлгани ҳақида эшитиб биз ҳам келгандик.

Бу сўзларни эшитган имом-хатиб мулойимлик билан сўз бошлади.

– Барчаси Худонинг инояти билан. Бу ерга келиб ўтганлар руҳи покига дуо қилсангиз бас. Аммо, зиёрат манфаат учунгина қилинмайди. Авлиёлар орасида фарзанд кўрмаганлари ҳам бор-ки, улар қандай қилиб сизга ёрдам берсин?! Баъзи манбаларда Занги отамизнинг ҳам ўз фарзандлари бўлмагани ва у инсон устози Ҳаким отанинг етим қолган болаларига оталик қилиш учун унинг беваси Анбар онамизга уйлангани қайд этилган.

Мақбараларни тавоф қилиш, айланиш ножоиз. Чунки, тавоф фақат улуғ Каъбага хос қилинган амалдир. Тўғри, қабристонларни тозалаш ҳам савоб, аммо аёл кишининг бундай қилиши ноўрин. Муҳтожларга яхшилик қилинг, етим-есирларнинг бошини силанг. Аллоҳдан сўранг, Ўзи раҳмдил, ниятларингизга етказади.

Бу сўзларни эшитиб турган бошқа зиёратчилар, хусусан, мақбаранинг деворларини силаб юзига сураётган аёллар, йигитлар ўйланиб қолишди.

Ўша куни қайнона-келин ўзининг қилмишидан уялибми ёки имом-хатибнинг сўзларидан таъсирланибми кечгача паришонхотир юрдилар. Қайнона бу гапларни турмуш ўртоғи Баҳодир акага айтишга ҳам ботинмади. Боиси у бундай ишлар ширк эканини Салимахонга доим уқтирарди.

Орадан вақт ўтди. Мафтуна шифокорларга боришни ҳам тўхтатиб, фарзанд кўриш ҳақида аввалгидек ўйламай қўйди. Бу орада қўшниси Шарифахон оламдан ўтди. Қўшничилик шундай пайтда билинади, дея қайнона-келин кунда уларникида бўлишди. Маъракалар ўтгач, уч норасида етим ҳолидан хабар олиб туришди. Айниқса, тўрт яшар Сардорбек Мафтуналарникида қолиб кетадиган, ҳатто уларникида ётиб қолишга одатланди. Нодирбекнинг ҳам болага меҳри тушди.

Орадан 6-7 ой ўтди. Мафтуна бахтиёр эди. Боиси Сардор уни “Ойи” деб чақирар, у эса боланинг атрофида гирдикапалак бўларди. Қувончли кунларнинг бирида келиннинг тоби қочди. Боши айланиб, ҳолсизланди. Бу ҳолат такрорланавергач, Нодирбек уни шифокорга олиб борди.

Шифохонадан қайтган Мафтуна Сардорбекни бағрига босиб хўнг-хўнг йиғларкан унинг қулоғига: “Ўғлим, сен, энди ака бўласан”, дея шипшиди...

Моҳичеҳра.

Манба: mahalladosh.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Вақти-соати келган бахт