21:20 / 03.07.2019
2 287

Зафар Ҳошимов: "Мени доимо давлатнинг этагига осилиб олган тадбиркорларнинг боқимандалик кайфияти ҳайрон қолдиради"

Зафар Ҳошимов: "Мени доимо давлатнинг этагига осилиб олган тадбиркорларнинг боқимандалик кайфияти ҳайрон қолдиради"
Тадбиркор, Korzinka.uz тармоғи асосчиси ва раҳбари Зафар Ҳошимов ўзининг Facebook саҳифасида Ўзбекистонда импорт қилинадиган маҳсулотларга янги тариф тўсиқлари жорий қилиниши ва протекционизм бўйича ўз фикрларини билдирди.

«Мени тадбиркор сифатида бозор жадалроқ, ижодкорона ва ақл билан ишлашни талаб қилиши биланоқ доимо давлатнинг этагига осилиб олган тадбиркор ҳамкасбларимнинг боқимандалик кайфияти ҳайрон қолдиради. Улар доимо давлатдан ўзларини ҳимоя қилишни сўрашади. Ва ҳатто буни анъанавий равишда жоҳиллик ва чекланган ҳолда амалга оширишади: ўзларига имтиёз, рақобатчилар учун эса тўсиқлар сўрашади», - дейди тадбиркор.

Ҳошимовнинг фикрича, тадбиркорлик биринчи навбатда рақобатга асосланади. Рақобатни чеклаш тадбиркорликни чеклаш демакдир. Бозорнинг 25 йил тўсиқ ҳолда бўлишидан сўнг яна 2-3 йиллик протекционизм ҳақида гапириш ё жаҳолат ёки айёрликдир.

«Роппа-роса бир йил аввал, 2018 йил 29 июнда президент божхона либераллашуви тўғрисидаги фармонга имзо чекиб мамлакат ва унинг иқтисодиёти жаҳон бозорига интеграциялашуви учун муҳим танловни амалга оширди. Бу бозорда мамлакатлар ўзларининг мутлақ ва қиёсий устунликларини билади, уларга эга бўлади ва ривожлантиради, шу тарзда глобал меҳнат тақсимоти, ишлаб чиқариш ва савдонинг халқаро занжирида самарали иштирок этади, иқтисодиётга оқилона ва мунтазам ўсиш бағишлайди, мамлакатни бой қилади ва ўз аҳолиси фаровонлигини оширади», - дея қайд этди у.

Тадбиркор кимларнингдир тахмини эмас, объектив маълумотлар ва белгиларга асосланган ҳолдагина тадбиркорларнинг кучли томонларини очиб бериш ва иқтисодиёт барпо этиш мумкинлигини билдирди.

«Англаш лозимки, бу тўсиқларни қайтадан тиклаб ва илгари эълон қилинган тамойиллардан узоқлашиб, биз бир вақтнинг ўзида ҳам ички, ҳам ташқи бозорга жуда ёмон сигнал берамиз. Кенг тарқалаётган нео-протекционизмга асосланиб, кўплаб тадбиркорлар ҳеч қачон рақобатбардош ва кучли томонимиз бўлмайдиган ишлаб чиқариш ва соҳаларга ўз маблағларини йўналтира бошлашади. Улар муҳим ва танқис бўлган молия, малакали кадрлар, энергия ва ниҳоят вақтларини кераксиз йўналишга сарфлашади ва эртами-кечми воз кечишга тўғри келади ва бир неча йилдан сўнг ҳаммасини бошқатдан бошлаш керак бўлади», - таъкидлади у.

Унинг фикрига кўра, буни амалга ошириш йилдан-йилга қийинлашиб боради: ҳимоя ва васийга эга бўлган корхоналар ва ишлаб чиқариш соҳалари ўсиб боради, кредитлар ўсиб боради, бу вақт мобайнида кредитларга сотиб олинган ускуналар эскиради. Ва энг оғриқлиси ҳамда ўзгартириш деярли имконсиз бўлган нарса - бу рақобатбардош устунлик нуқтаи назаридан истиқболсиз бўлган бу корхоналарда бу вақтда ўн ёки юз минглаб кишилар ишлаётган бўлади. Ўшанда уларга нима бўлади? Улар ҳақида ҳозир ким ўйлайди? Саноат сиёсатида мана шундай сунъий мослашувчанлик ва селектив ёндашиш хавфини ким ҳисобга олади?

«Йил бошида солиқ ислоҳоти жорий этилаётганида нархларни ушлаб қолиш учун биз маҳаллий ишлаб чиқариш ва корхоналар билан курашгандик. Ҳамма бўлмаса-да, кўпчилик 20%ли ҚҚС ва 12%ли даромад солиғини ҳисобга олиб нархларни 20, ҳатто 30-35 %га кўтаришга уринганди.

Улар учун шахсан ўзим бир нечта семинарлар ўтказдим, аммо кўпчилик, жумладан, айрим сутчилик корхоналари ўз солиқлари юкини истеъмолчилар елкасига ортишга қарор қилишди. Маълум бўлишича, айрим корхоналар ҳаттоки ўз маҳсулотлари ҳисобини ҳам юритмаган, маҳсулотларнинг аксариятини кирим қилинмаган хомашёдан ишлаб чиқарган. Биз улардан қонуний ишлай бошлашни талаб қилиб, уларнинг аксариятини солиқ солишнинг умумий ўрнатилган тартибига ўтказишга эришдик. Улар тўғри ҳисоб-китоб юритишни ва меъёрдаги бизнес жараёнини барпо этишни бошлашди», - деди Ҳошимов.

«Биласизми, улар нима учун чекинишди ва ўз нархларини истеъмолчилар елкасига қўйишмади? Тўппа-тўғри! Улар агарда озгина қайишқоқ бўлишмаса, ҚҚС ва барча солиқларни тўлайдиган импорт маҳсулотлар нархи ошмаганлигини, уларнинг бозордаги улушини олиб қўйиши мумкинлигини тушуниб етишди.

Агарда президентимиз узоқни кўра билмаганида, ўтган йили солиқ ислоҳотлари билан параллел равишда акциз ва божларни пасайтириш ҳақидаги фармонни имзоламаганида ҳозирги протекционизм тарафдорлари бўлган ишлаб чиқарувчиларнинг “ватанпарварлик олови” истеъмолчиларимизнинг елкаларини қаттиқ куйдирган бўларди», - деб ёзди Ҳошимов.

«Бир неча кун аввал ташмачилар томонидан товар олиб кириш бир йил ичида уч бараварга камайгани ҳақида хабар чиқди. Ярим йилликдаги солиқ тушумларининг прогноз кўрсаткичлари муваффақиятли бажарилгани ҳақидаги хабар ҳам севинтирди. Бу хабарлар бир нарсани, президент фармонига мувофиқ ўтказилаётган ташқи савдо либерализацияси ўзининг ижобий меваларини бераётганлигини билдиради. Бу ижобий жараённи бошидаёқ бўғишга уриниш биз йўл қўймаслигимиз керак бўлган энг катта хато бўлади», - қайд этди у.

Тадбиркорнинг фикрича, ҳозирда иқтисодиётимиз олдидаги вазифалар учта йўналишда: ЯИМ ўсиши, меҳнат самарадорлигининг ошиши ва истеъмолни қўллаб-қувватлаш.

«Бу вазифаларнинг барчаси кўп умумийликларга эга ва уларнинг барчаси рақобат ўсганидагина бўлади. Ҳар қандай чеклов ва тўсиқлар бу вазифаларнинг амалга ошишига қаршилик қилади. Тарифлар ўсишни секинлаштириб ва инфляцияни тезлаштириб, иқтисодий пирог ўлчамини қисқартиради. Бу сўзлар «лоббист» ва зиқна капиталист Зафар Ҳошимовнинг сўзлари эмас, протекционизм ёмон эканлиги замонавий иқтисодиётдакўп марта исботланган мутлақ ҳақиқатдир. Жаҳон илмий луғатида протекционизм аллақачон салбий маъно қозонган. Бу сўз иқтисодиётда ҳақорат билан тенг. Аммо тадбиркорларимизга ҳақиқатан ҳам ёрдам керак», - деди у.

Ҳошимов солиқ юкламасини пасайтириш фикрига қўшилишини билдирди.

«Бизда транспорт тарифлари жуда юқори деб ҳисоблайман. Базавий инфраструктура: йўллар, электр, алоқа ва интернет, газ таъминоти ва бошқаларни яхшилаш керак. Энг оғриқли муамммолардан бири – ҳали ҳам юқори инфляция ва бунинг оқибати бўлган кредитлар бўйича юқори ставкалар, камаймаётган бюрократия, қонунларнинг ҳар доим ҳам ишончли ишламаслиги.

Зеро ҳаттоки импортни ҳам тарифсиз усуллар орқали йўлга солиш мумкин, масалан, сўмнинг сал жадаллаштирилган девальвацияси орқали. Бу маҳаллий маҳсулотларни нафақат ички бозорда, балки экспортда ҳам рақобатбардош қилади. Ҳеч бўлмаганда, агарда давлат қандайдир соҳа ва корхоналарни қўллаб-қувватлашни истаса, буни пул, субсидиялар орқали қилиш мумкин, имтиёзлар ва тўсиқлар орқали эмас. Ҳарҳолда шунда пуллар шунчаки тақсимланади, имтиёз ва тариф тўсиқларидаги каби куйиб кетмайди», - деб хулоса қилади Зафар Ҳошимов.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Зафар Ҳошимов: "Мени доимо давлатнинг этагига осилиб олган тадбиркорларнинг боқимандалик кайфияти ҳайрон қолдиради"