14:43 / 16.07.2019
3 123

Қабоҳат ва ҳалокатга ундаган нафс

Қабоҳат ва ҳалокатга ундаган нафс
Қутқарувчилар "Аму — Бухоро" каналининг Когон ту­манидан ўтувчи 1120-пикетини кўздан кечириш жараёнида ғалати воқеага дуч келишди.

Аниқроқ айтганда, каналнинг айни шу жойида қандайдир тўсиқ пайдо бўлган ва оқибатда сув қирғоққа тошиб чиқаётганди. Ғаввослар томонидан канал туби кўздан кечирилганда, сув остида енгил машина борлиги аён бўлди.

Автомашина сув тубидан чиқариб олингач, воқеа жойига етиб келган ички ишлар идораси ходимлари олдида жумбоқли саволлар пайдо бўлади. Чунки оқ рангли "Ласетти" автомашинаси ҳайдовчининг эҳтиётсизлиги туфайли каналга ғарқ бўл­магани аниқ эди. Бунинг устига автомашинанинг эшикларини бузиб очишганида, даҳшатли манзарага дуч келишди.

Орқа ўриндиқда буткул лойга қоришиб кетган жасад ҳам бор экан...

Шундан сўнг ўтказилган экспертиза хулосасига кўра, марҳумнинг ўлими руҳий касалликка чалинган беморларга мўлжалланган дори воситаси таъсирида рўй берган экан. Ушбу дори воситаси бундай беморларни тинчлантириш, ухлатиш мақсадида қўлланилади. Соғлом кишига, айниқса, спиртли ичимлик истеъмолидан сўнг бу дори жуда кучли таъсир қилади, ҳатто марказий асаб тизимини издан чиқариши мумкин. Сув остидан топилган жасадда айни шундай ҳолат рўй берган, чунки дори унинг мушакларида йиғилиб қолган эди.

Шундан сўнг изқувурлар ишга киришди. Ҳолбуки, уларнинг қаршисида бир-биридан жумбоқли саволлар кўндаланг турарди: аввало, бу жасаднинг шахсини аниқлаш зарур. Ке­йин эса, бу мудҳиш жиноятга ким қўл урганини топиш лозим эди...

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага бундан икки ярим ойча муқаддам Наби Қудратов (исм-фамилиялар ўзгартирилди) ариза билан мурожаат қилиб, ўғли Фурқат "Ласетти" русумли автомашинасида уйдан чиқиб кетгани ва қайтиб келмаганини маълум қилганди.

Уш­бу аризага асосан Фурқат Қудратов ички ишлар идоралари ходимлари томонидан қидирилаётганди.

Ички ишлар идораси ходимлари Наби акага таниб олиш учун ҳалиги жасадни кўрсатишган. Унга қарашга отанинг юраги дош беролмаган. Жасад ҳақиқатан ҳам Фурқатники эканини Н. Қудратовнинг укалари, яъни марҳумнинг амакилари тасдиқлашди.

Бу муд­ҳиш­ жиноятга ким қўл ургани барчани бирдек қизиқтирарди. Суриштирув ва тергов ишлари узоқ чў­зилмасдан калаванинг учи ён қўшни Носир Холматовга бориб тақалди. Чунки суриштирув жараёнида аввало Фур­қат кимлар билан ҳамкорлик қилгани, ҳаммаслак бўлгани обдан ўрганилди. Таниш-билишлар терговга чақирилди, сўраб-суриштирилди. Наби ака ва Фурқатнинг онаси Рўзибону опалар берган кўрсатма ҳақиқатга бирмунча яқин эканлиги терговчиларнинг эътиборини тортди.

Фурқат ўзидан бир неча ёш катта Носир билан ўн йилдан буён тадбиркорлик фаолиятида шерикчилик қилиб келган. Икковининг ўртасида қарз олди-берди дафтари юритилган. Фурқат кутилмаганда ғойиб бўлишидан икки ойча бурун "Носир ака қарз дафтарни сў­раяп­ти" дея қарз дафтарини отасидан олиб, қўшнисига элтиб берган.

Бундан ташқари, ўша мудҳиш воқеа рўй берган кун оқшом Носир Фурқатга "машинангда бир жойга бориб, пул олиб келамиз, кейин қарзни қайтараман" деганидан Фур­қатнинг ота-онаси ҳам хабардор эди.

Аммо ўша кун ўғли уйга қайтиб келмагач, Наби ака Носирга учрашади.

Шунда Носир аллақандай безовта тор­тиб, кўзларини олиб қочган кўйи "Ўғлингизни кўрганим йўқ", дейишдан нарига ўтмайди.

Ана шундай кунларнинг бирида тиш дўхтири Л. Таниберди­ева уларнинг уйига кириб келади. "Ўша кун кечга томон Фурқат билан истироҳат боғида аввал айландик, кейин бирга овқатландик. Ўша маҳал Носир ака ўғлингизга телефон қилди, оқшом аллақаерга бориб, пул олиб келамиз, деди. Мен Носир акани овозидан танидим", дейди у.

Л. Танибердиеванинг бу сўзлари отанинг кўнглидаги шубҳа-гумонни баттар аланга олдиради. Бунинг устига Носирнинг ўзи ҳам буткул ўзгариб қолган, аллақандай совуқ муносабатда бўлар, кўчада тасодифан дуч келиб қолишганида салом-аликни ҳам унутиб, ўзини кўр­маганга олиб, ўтиб кетарди.

Қисқаси, барча далиллар Носирни Фурқат билан боғлиқ мудҳиш фожиадан хабардор эканидан дарак берарди. Айниқса, ушбу фожиа юзасидан ўт­казилган тергов чоғида ҳаммаси ойдинлашди. Ҳаёти бевақт хазон бўлган Фурқатнинг оила аъзолари ва тергов идораси ходимларининг шуб­ҳа-гумони тўғ­ри чиқди...

Носир Холматов 1974 йилда Бухоро шаҳрида туғилган. Олий маълумотли, оилали, тўрт нафар фарзанднинг отаси. Отаси Машариф Холматов Бухоро шаҳридаги масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона таъсисчиси. Носир ушбу қўшма корхонада технолог сифатида ишлаш билан бирга отаси билан ҳамкорликда тадбиркорлик фаолиятини ҳам юритиб келган.

Бир куни Машариф ака илгари қўш­ма корхонада экспедитор вазифасида ишлаган, айни дамда киракашлик билан шуғуллунаётган Ҳусан Нарзиқуловни чақириб, терговда шахсини аниқлаш имкони бўлмаган — Самарқанд вилоятидаги бизнес ҳамкорларига 100 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағни етказиб беришни илтимос қилади. Ҳайдовчи Ҳусан Нарзиқулов бунга рози бўлади. Лекин Машариф аканинг омонати манзилига етиб бормайди. Нега деганда, Ҳусан Нарзиқулов йўлда кетатуриб, кутилмаганда соғлиғи ёмонлашади ва Вобкент туманининг "Янги ҳаёт" қишлоғидан ўтувчи "М-37" йўлнинг 247-километрида автомашинасини тўхтатишга мажбур бўлади.

Бахтли тасодифни қарангки, бу пайт­да фермер хўжалиги ишчиси И. Олимов велосипедини етаклаган ҳолда шу ердан ўтиб кетаётганди. У автомашина ҳайдовчиси оғзидан кў­пик келиб, ҳушсиз ётганига кўзи тушгач, шоша-пиша одамларни ёрдамга чақиради. Юз қадамча нарида бўлган ЙПХ ходими ва яна бир фуқаро И. Олимов ёр­дамга шошилади.

Вилоят ИИБ ЙҲХБ 3-сафарбарлик ЙПҲ инспектори С. Шоимов ва "Дамас" автомашинаси ҳайдовчиси Ж. Дўстмуродов етиб келганда ҳайдовчининг аҳволи анча оғир, унинг боши ёнига осилиб тушган, оғзидан кўпик келиб, ҳушсиз ҳолда ётарди.

Ёрдамга етиб келганлар зудлик билан "Тез тиббий ёр­дам"­га қўнғироқ қилишади. Шифокорлар дарҳол етиб келиб, ҳайдовчини текшириб, қон босими тушиб кетганини айтишади ва уни дарҳол шифохо­нага олиб боришади. Шундан сўнг инспектор С. Шоимов Ж. Дўстмуродовга ҳайдовчининг қариндошларига қўнғироқ қилиб, воқеадан хабардор этишни буюради. Ж. Дўстмуродов Ҳусан Нарзиқуловнинг автомашинада қолган қўл телефони тугмачасини босганида, биринчи бўлиб, "шеф" деган ёзув чи­қади.

Ж. Дўстмуродов "шеф"га қўнғироқ қилиб, юз берган воқеани айтади.

"Шеф" — Носир Холматов эди...

Буёғини сўрасангиз, Носир отаси Машариф ака самарқандлик ҳамкорларига катта миқдорда маблағ жўнатаётганидан аллақачон хабар топган ва бу маблағни босқинчилик йўли билан қўлга киритиш пайига тушганди. Бу­ни соғ­лом фикрли одам ҳатто тасаввурига ҳам сиғдира олмайди, аммо Носир ўз отасига нисбатан шундай ишга қўл урганди.

Носирга бу жиноятни амалга ошириш учун шерик керак эди. У бу ҳақида ўйлаганда, биринчи бўлиб, таниши Зокир Холмирзаев кўз олдига келди ва унга қўнғироқ қилиб, тезда учрашиш зарурлигини айтди.

Шундан сўнг Носир вақтни қўлдан бой бермай ҳайдовчи Ҳусан Нарзиқуловга қўнғироқ қилади-да, "почта"ни олиб, йўлга чиқишдан олдин ўзига бир учрашиб кетишни, самарқандлик танишига кучук бериб юбормоқчи эканини айтади.

Ҳусан Нарзиқулов бирон-бир нохушликни хаёлига ҳам келтирмай Носирнинг уйига боради. Бу пайтда ҳовлида Зокир Холмирзаев ҳам бор эди. Носир жиноий режага кўра, аллақачон дори воситасини лимон шарбатига аралаштириб қўйганди. Йўлга шошиб турган Ҳусан Нарзиқулов Носир узатган лимон шарбатини бир кўтаришда ичиб юборади.

Ўша кун Ҳусан Нарзиқулов кучукчани олиб, йўлга тушади.

Жиноий шериклар лимон шарбатига қўшилган дори одамни қаттиқ ухлатиб ташлашини улар яхши билишарди. Шунинг учун "Ласетти"да "Бухоро — Самарқанд" йўналиши бўйича Ҳ. Нарзиқулов ҳаракатланишни бошлаган пайтда Носир ўзининг "Каптива" автомашинасида З. Холмирзаев билан унинг ортидан пойлаб борарди.

Ўша кун ЙПХ инспектори "Ласетти"нинг эшикларини қулфлаб, бошқаларга ҳеч қаёққа кетмай туришни тайинлаётган пайтда уларнинг қаршисида "Каптива" автомашинаси келиб тўх­тайди ва ундан икки киши тушади. Улар ЙПХ инспекторидан "Ҳу­сан акага нима қил­ди?!" — дея хавотирга тушган кўйи сўрашади. ЙПХ инспектори рўй берган воқеани қисқача айтиб бергач, улардан бири Ҳ. Нарзиқуловга тегишли "Ласетти"нинг калитини олади-да, қайта-қайта раҳмат айтиб, автомашинани ҳайдаб кетади. Шу тариқа жиноий шериклар "Ласетти" автомашинасининг олд ўриндиғи остида турган, Машариф Холматовнинг бизнес ҳамкорларига аталган 100 минг АҚШ долларини қўлга киритишади.

Энг қизиғи шундаки, Носир билан Зокир Ҳ. Нарзиқуловнинг автомашинасидаги бойликни босқинчилик йўли билан қўлга киритишганидан Фурқат ҳам хабар топади. Аммо у Носирни бу йўлдан қайтариш, отасига нисбатан бундай қилмишга қўл уриш оғир гуноҳ эканини айтиш ўрнига товламачилик йўлига ўтади. Яъни у қирқ минг АҚШ доллари бермаса, барчасини отаси Машариф Холматовга оқизмай-томизмай етказишини айтиб, Носирни қўрқита бошлайди.

Буни эшитиб, Носир талвасага тушиб қолади ва дарҳол Фурқатнинг оғзини ёпишга ҳаракат қилади. Унга 10 минг АҚШ доллари беради, лекин Фурқат бунга рози бўлмайди ва яна кўпроқ пул беришни талаб қилади.

Носир Фурқатни гумдон қилиш пайига тушади ва мудҳиш режасини шериги Зокирга айтади. Шундан сўнг улар Фурқатни йўқ қилиш учун жиноий режа тузишади.

Кеч соат ўнларда Носир Фурқатга қўнғироқ қилиб, Бухоро шаҳрининг Темирйўлчилар ва Когон кўчалари кесишган жойда учрашишни таклиф қилади. Фур­қат бунга розилик билдиради. Шундан сўнг тунги соат ўн бирларда Носир, Зокир ва Фурқат келишилган жойда учрашишади. Носирнинг Когон туманида яшовчи бир танишида пули борлиги ҳақидаги ёлғон гапига ишонган Фурқат машинани ўша томонга ҳайдайди, аммо йўлда кета туриб, кутилмаганда, белида қаттиқ оғриқ пайдо бўлади.

Носир икки дона таблеткани алдов йўли билан Фур­қатга ичиради. Носир кутганидек, дори тезда ўз таъсирини кўрсатди. Бир зумда Фурқат доридан заҳарланиб, ҳаётдан кўз юмади.

Шундан сўнг жиноий шериклар жиноят изини қандай яшириш ҳақида ўйлай бошлашади. Улар Фурқатни "Ласетти"нинг орқа ўриндиғига ўтқизишиб, автомашинани каналга чўктириб юборишади.

Ҳаётда бирон-бир жиноий қилмиш жазосиз қолмайди. Юқорида баён этилган жиноий қилмишларни содир этган кимсалар ҳам охир-оқи­бат қонун олдида жавоб беришди.

Суд ҳукм ўқиди. Судланувчи Н. Холматов Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми "о", "п" банд­лари, 164-моддаси 4-қисми "а" банди, З. Холмирзаев Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми "о", "п" бандлари, 164-моддаси 4-қисми "а" банди ва 168-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жи­ноят­ларни содир қилганликда айбдор деб топилди. Судланувчиларга нисбатан айбланган ҳар бир модда бўйича алоҳида-алоҳида жазо тайинлаб, тайин­ланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан жиноят­лар мажмуи бўйича узил-кесил йигирма йилдан муддатга озодликдан маҳрум қи­лишга ҳукм чи­қарди. Судланувчи Н. Холматов жазонинг — дастлабки тўрт, З. Холмирзаев эса, уч йилини турмада, қолган қисмини умумий тартибли колонияда ўтайдиган бўлишди.

Қодирберган ЯХШИМУРАТОВ,
жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти судининг раиси

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қабоҳат ва ҳалокатга ундаган нафс