date
views 2 430

Ҳар бир ишни пухта қилмоқ лозим

Ҳар бир ишни пухта қилмоқ лозим
"Агар Coca Cola қандайдир офат, ҳалокат туфайли барча ишлаб чиқариш активларини йўқотса ҳам, компания ўз фаолиятини давом эттираверади. Аммо барча истеъмолчилар тўсатдан хотираларини йўқотиб, Coca Cola ичимлиги билан боғлиқ барча нарсани унутиб қўйсалар, компания йўқ бўлиб кетади..."
Coca-Cola компанияси ижрочи директори

Нақадар кучли айтилган! Бу гап бугунги кунда обрў-эътиборли, ишончли НОМнинг қанчалар муҳимлигини кўрсатади.

Тадбиркор учун бренд – бу унинг бозордаги маҳсулоти обрўси. Истеъмолчилар бирор маҳсулотни кўрганда уларда қандай хотира ва ҳиссиётлар уйғонса, улар шунга қараб қарор қабул қилишади (яъни сотиб олишади ёки сотиб олишмайди).

Ғарб мамлакатларида битта бренд асрлар давомида дунёга танилиб туради. Масалан, Coca-Cola бренди 1882 йилда рўйхатга олинган, McDonald’s эса 1940 йилдан бери харидорларга ўз маҳсулотларини тақдим қилиб келмоқда. Бугунги кунга келиб фақат Coca-Cola брендининг ўзи 57,3 миллиард АҚШ долларига, McDonald’s ники эса 41,6 миллиард АҚШ долларига тенг.

Биздаги ҳолат: бирор жарангдор ном остида маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлашади ёки бирор қаҳвахона, чойхона ёки ошхона очишади ва бир муддат юқори сифатли маҳсулот сотишади, хизмат кўрсатишади. Бироз вақт ўтгандан кейин маҳсулот сифати ўзгаради – хизмат сифати тушади. Чунки бу пайтга келиб шу бизнес эгасининг олдига қўйган маълум мақсадлари амалга ошган бўлади (иморат битган, тўй ўтган, улов олинган...) ва истеъмолчи манфаати иккинчи ва ҳатто учинчи даражага ўтади.

Қисқа муддат ичида харидор брендга айланиб улгурмаган бу номни унутади ва бизнес тугайди. Оддий бир ҳақиқат – истеъмолчининг манфаати бизнеснинг кейинги ривожи эканлигини англамаслик бутун бошли бизнеснинг тугаши билан якун топади (шу ўринда на бизнинг мамлакатимиздан, на бошқа бирор мусулмон давлатидан дунёга танилган бренд чиқмаганлигини афсус билан қайд этишга мажбурмиз).

Машҳур гап бор: “Аввал сиз ном чиқариш учун ишлайсиз, кейин ном сиз учун ишлашни бошлайди”. Яхши гап... аммо унчалик тўғри эмас, чунки бир марта йиғилган обрў бир умр сиз учун ишламайди, бозор бирдек туравермайди, истеъмолчилар талаби ҳам ўзгариб туради. Ўзингизнинг устингизда ишлашни, ишингизга астойдил ёндашишни, ишингизни пухта қилишни тўхтатган кунингиздан бошлаб НОМингизни унутишни бошлашади, чунки бренд бу сизнинг хатти-ҳаракатларингиз натижасидир (тўғри хатти-ҳаракат бўлса ижобий, нотўғри бўлса салбий). Бозор хатоларни кечиради, аммо уни алдаб бўлмайди. Зеро, халқимиз айтганидек, обрў мисқоллаб йиғилади, ботмонлаб сочилади.

Манба: Azon.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳар бир ишни пухта қилмоқ лозим