
Доришунослик ҳақида ўйлар
Тунов кунги сўровномадан доричиликнинг ёйилишини кўпчилик салбий ҳолат деб баҳолаши маълум бўлди («доричилик» деган сўздан айримлар салбий руҳ олибди, бу нотўғри, бу шунчаки тилдаги сўз ясаш имконияти ҳосиласи).
Тўғри, доришунослик соҳасида ютуқлар, изланишлар ҳам талайгина. Баъзи юртдошларимиз бу маънода яхши меҳнат қилмоқда. Аммо умумий, атрофлича олиб қараганда, бу борада кўнгилни хира қиладиган омиллар кўп. Шу боис бугунги дорифурушликдаги воқеликни мен ҳам салбий ҳолат деб баҳолайман. Бунинг бир қатор сабаблари бор.
1. Дунёнинг ҳеч бир жойида биздагидек дорихона кўп эмас. Чорсудан Келес кўпригигача 5‑6 км йўл бўлса, шу оралиқда 20 тадан ортиқ дорихона бор. Катта шифохоналар атрофидаги дорихоналарни‑ку, санаб адоғига етиш мушкул.
2. Тоғли ҳудудларга борсангиз, битта‑яримта дорихонани аранг топасиз, ўшанда ҳам саноқли дорилар бор, холос. Новқот ёки Арслонбопга борганда одамлар билан гаплашсам, айтарли касал бўлишмас экан, анча‑мунча беморликларга табиий дорилар, муолажалар олишар экан. Шунинг учун дорихоналар ва уларнинг дориларига эҳтиёжлари йўқ экан. Кимдир буни ҳаво тозалиги ва у ердагиларнинг турмуш тарзи билан ҳам изоҳлаши мумкин. Бироқ у ер билан об‑ҳавосида катта фарқ бўлмаган шаҳарларда ҳам дорихоналар таққослаб бўлмас даражада кўп. Бошқа шараҳарларни олиб қараганда ҳам об‑ҳавода дорихоналар ададига яраша фарқ йўқ. Менимча, бу ерда бошқа бир сабаб бор: дорихоналарнинг ўзи касаллик манбаи бўлиши мумкин.
3. Кимёвий дорилар қадимдан қўллаб келинган бўлса‑да, бугунгидек кенг ёйилмаган. Аслида кимёвий дорилардан кўра имкон қадар табиий дориларни қабул қилган яхши. Буни табиий фанлардан дарс ўтган бир домаламиз қуйидагича тушунтирган эди:
«Салапан (целлофан) ёки бирор елим нарсани ерга кўмсангиз, йиллар ўтиб кетса ҳам чиримайди, боягидек тураверади. Аммо шунинг ўрнига темир ё пўлатни кўмсангиз, бир неча йилларда чириб, ерга қоришиб кетади. Савол туғилади: нега юпқагина юмшоқ салапан чиримайди‑ю, билакдек келадиган қаттиқ темир, қулочни тўлдирадиган, тошдек қаттиқ тахта чириб кетади? Чунки темир, тахта табиий нарса, шу боис табиатга сингади. Аммо салапан сунъий нарса, шунинг учун у ерга киришмайди. Кимёвий дорилар ҳам жисмга сингмай, тирик организмларни бузиши худди мана шу ҳолатдан келиб чиқади».
Домланинг гапи мавжуд илмий қарашларга қанчали мос тушишидан қатъи назар, воқеликнинг ўзгинаси эди.
4. Баъзилар дорихоналар кўпайишини аҳоли сони ортишига боғлайди. Бу унча тўғри эмас. Чунки дорихоналарнинг кўпайиши аҳоли сонига монанд эмас, балки юз баробар кўп. Аввалда бир шаҳарда ёки қишлоқда маълум табиблар бўлган, ҳаммага етиб ортиб қолган. Ёшлигимизда Андижон шаҳрида 3 дона дорихона маълум эди. Уларда ҳам ҳаммага маълум саноқли дорилар бор эди. Аммо бугун қўрқмасдан шаҳарда 300 та дорихона бор, деяверасиз. Ахир аҳоли юз баробар кўпайгани йўқ-ку...
5. Айрим кишилар дорихоналар кўпайишини касаллик тури кўпайишига боғлайди. Бу ҳам тўғри эмас. Чунки 20 йилда касалликлар сони юз баробарга кўпаймайди аслида. Агар кўпайган бўлса, балки бу ҳам дориларнинг шарофатидандир.
6. Ўзим ва бир қатор яқин кишиларнинг ҳаётида дорилар натижасида касаллик фақат ривожланганини кўрдим. Тўғри, шифо бўлаётган дорилар кўп, лекин умуман натижасиз ёки нотўғри натижали даволанишлар жуда кўпайгандан кўпайгани ҳам бор гап. Ҳадеб дори қуйиб қонни ювишади, аслида бир‑икки марта қон олдирса, ўз‑ўзидан яхши бўлиб кетади. Яна бунга ўхшаш ҳолатлар жуда ҳам кўп.
7. Дориларни нархлашда ҳам инсоф йўқ. Касал қанча нозик бўлса, дориси шунча қиммат. Ҳолубки таркибида катта ўзгариш бўлмайди. Айрим дорилар буткул монополлашган ва камига бу қонун билан ҳимояланган бўлади.
8. Сохта дори кўпайиб кетди. Яқинда бир хабарда 90 фоиз доирилар асл эмаслиги ҳақида айтилди. Айрим дориларни ичасиз, аммо ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Грипп дориларнинг кўпи сизни биратўла касал қилади. Битта нимадир арзимаган модда қўшиб, янги ном билан қиммат нархда янги дори чиқаришади. Доктор ёзиб берса, бемор олиб ичаверади.
9. Укол орқали дори юбориш ҳам аслида жуда хатарли иш. Германияда даволаниб келган юртдошларимизнинг айтишича, беморга укол қилиш учун бир нечта жиҳатдан докторлар текширув ва хулоса бериш керак экан. Уларнинг айтишича, бизда жарроҳлик учун қандай ёндашилса, уларда уколга шундай муносабат бор экан. Бизда эса ҳа деса укол ёзишади. Аслида табиий йўл ‒ бошқа озуқалар каби дорининг ҳам ошқозон‑ичак орқали сўрилиши ҳисобланади. Уни мушак ёки томирдан юборилиши модда алмашинувининг тескари юриши бўлади. Шунинг учун кўп одамда ҳозир модда алмашинуви бузилган ва шунинг учун кўпчилик бўлар‑бўмасга семириб, яна нимадир касалларга чалиниб юрибди.
Хулоса қилиб айтганда, доришунослик ва дорифурушлик соҳаларини қаттиқ назорат қилиш, тартибга солишга муҳтожмиз. Кўпчилик кишилар докторлардан нолиб қолишади. Тўғри, кимлардадир изланишлар, билим кўнгилдагидек бўлмаслиги мумкин. Лекин мен айтаманки, энг асосийси улар ўқиган методда ўзи гап бордек, ўта эски ёки мустамлака бўлгандек кўринади. Шунингдек, замонавий тиббиётда тан олинмайдиган, аммо ҳаётда бор кўп ҳолатлар борки, то Ғарбдаги катталари тан олмагунича бошқалар кўзни юмиб юраверади. Мисол учун, мижоз масаласи, докторлар уни умуман ҳисобга олмайди, лекин бу жуда ҳам муҳим.
Шу боис, замонавий тиббиёт билан бирга Шарқ табобатини ҳам қайта жонлантириш керак деб ўйламан. Асрлар оша бизнинг иқлимимизда ўзини оқлаган табиий даволаш усуллари, дорилари бор, улардан унумли дойдаланиш даркор.
Табобат деганда кўз олдимизга охирги асрларда ҳамма соҳалар қатори табиблик ҳам чўккан даврдаги табобат келадиган бўлиб қолган. Биз бугун Ғарбни уйғотган табобатимизни тиклашимиз керак.
Шу билан бирга, ўша услубларни замонга мослашимиз лозим. Оддий мисол, дори воситаларини истеъмол қилишннинг қулай кўринишларини яратиш керак. Кўпчилик кишиларнинг тиббиётга мурожаатининг сабабларидан бири улар тақдим қилган дориларни қабул қилиш осон, таблеткани ютасиз қўясиз ёки ширинлик сўргандек дорини шимиб юрасиз. Табобатимизда эса дори қабул қилиш учун дамлама, қайнатма услублар кўп ва бундай дорини ҳар жойда олиб юриш, истеъмол қилиш қулай келмайди. Шунингдек, текширув услубларида ҳам янгиликлар қилишга муҳтожмиз. Бир қатор Шарқ мамлкаталарида бу борада анча янгиликлар бор, уларни ҳам ўзлаштиришимиз лозим.
Бу ердаги сўзларни бир оддий истеъмолчининг шахсий мулоҳазалари деб қабул қиласизлар, мутахассислик даъвоси йўқ. Камчиликлар бўлса, тўлдиришингиз мумкин.
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба: Azon.uz
ДоришуносликТабобат соҳасиДориларнинг таъсириКасалликлар ҳақидаТабиий даволашЗамонавий тиббиёт Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг