09:09 / 13.09.2019
4 301

Насроний атиргули (2-қисм)

Насроний атиргули (2-қисм)
Бир пайтлар бу уйда уч фарзандли оила яшаган экан. Болалар вояга етибди ва оналарини тез-тез дўппослайдиган оталарига қаршилик кўрсата бошлабди. Телба ота эса энди болаларини урадиган одат чиқарибди. Бу одамни ҳеч ким яхши кўрмас экан. Фарзандлари “отамиз тезроқ ўлсаю уй бизга қолса”, деб ўз оталарининг ўлимини интиқиб кутаркан.

Кунларнинг бирида калтаклардан тўйган она уч ўғлини ҳам, эрини ҳам ташлаб кетиб қолибди. Худди ер ёрилгану ернинг тагига тушгандек, изсиз ғойиб бўлибди. Фарзандлари уни қидириб ўтирмабди. Орадан ҳеч қанча ўтмай оталари вафот этибди.

Ана шунда уч фарзанднинг ҳар бири ҳашаматли уйга якка ўзи эгалик қилишнинг йўлларини излай бошлабди.

Кунлардан бирида ўғиллардан бири овқат тайёрлашни бўлишиб олишни таклиф қилибди. Бири компот ва паловни, иккинчиси сомсани, учинчиси эса асосий таомни тайёрлабди. Ҳар учови ҳам ўзи пиширган овқатга заҳар қўшибди. Дастурхон ёзилибди. Ака-укаларнинг ҳар бири ҳаяжонланармиш. Ҳеч бири ўзи пиширган таомдан емабди, лекин таомларнинг бари заҳарли бўлгани учун учови ҳам ўлибди.

Уларнинг ўлиги икки кун уйда қолиб кетибди. Ҳовлидаги кучук вовуллайверганидан ниҳоят қўшнилар уйга кириб, ака-укаларнинг ўлиб ётганини кўришибди. Уч йигит тупроққа берилибди...

Кейинроқ оналари бўлган воқеадан хабар топибди. Ўғилларининг қабрини қучиб йиғлабди. “Сизлар мени қидирмадингиз, лекин мен қабрингизни сўроқлаб келдим”, – деганча уввос тортибди. Кейин эса “бу уйда бир оила сарғайиб сўлди”, деб уйни сариқ рангга бўяттириб, сотиб юборибди.

Буни менга Исмат девона айтиб берди. “Ким мерос пайида ўз жигарини ўлдирса ёки ўлдиришни истаса, албатта, ўша мерос унинг ҳалокати бўлади”, – деди у.

Вилламиз қаршисидаги торгина йўл пастга тушиб, асосий йўлга боғланиб кетарди. Вилламиз ва ўртамизда боғимиз ва асосий йўл бори эди. Гўёки денгизнинг оғушида эдик...

Онам, отам ва укам Уғур бор Германияда яшашарди. Ҳаммадан кўп укамни соғинар, уни ўйлардим. Шеърларимнинг энг кўпини унга атаб ёзганман, кўз ёшларимнинг энг кўпи унинг учун тўкилган. Тушларимга энг кўп Уғур кирарди...

Исмат девона ҳам Уғурни сўраб турарди. Ўтган йили укам келганида, атрофида парвона бўлди. Мен эса ишқилиб укамни бўғиб қўймасин-да, деб қўрқардим. “Бундан кейин ўша жинни билан умуман гаплашма”, – деб тайинладим укамга. Уғур бола эмасми, Исмат девонага “опам сен билан гаплашишимни тақиқлади, менга гапирма”, дебди. “Опангдан буни кутмагандим”, – дебди девона йиғлаган кўйи.

“Кутмаганмиш, мен унга ким бўлибманки, мен ҳақимда бунчалик ишонч билан гапиради?” – деб жиғибийрон бўлганча бир неча кун ухлай олмадим.

Ҳар телефонлашганимизда отамга ҳасрат қилардим:

– Отажон! Мени гўзал юртимдан айириб, нотаниш инсонларнинг орасига ташладингиз. Ахир Германия менинг биринчи ватаним, ўша ерда туғилганман, ўша ерда ўсганман. Нега бундай қилдингиз?

Отам эса мени ношукликда айбларди:

– Жоним қизим, Жамилам. Сени хурсанд қилиш учун вилла олиб бердим. Яп-янги машина олдим, ҳайдовчи ёлладим. Ёшинг етиши билан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб, машинани ўзинг ҳайдайсан. Маликалардек яшаяпман. Нега кўзинг тўймаяпти?

Бир куни ҳайдовчи келиб, мени олиб кетди. Эҳ, ҳайдовчилик гувоҳномамни олсам борми, худди кинолардаги ёшларга ўхшаб мақтаниб юраман. Ҳозирча ёлланма ҳайдовчига билан юришга мажбурман.

Хаёлларга берилиб кетар эканман, нариги маҳалладаги Исмат девонанинг уйи олдидан ўтишга мажбурлигимиз эсимга тушди. Қарасам, Исмат девони кўчада, йўлканинг устида ғамга ботиб ўтирибди. Унга шунчаки гап отдим. Чуқур ва ҳуркитувчи кўзларини менга қадади, лекин оғиз очмади. “Нима бўлди?” – деб сўрадим. “Укангдан сўра, айтади”, – деди у.

Оқшом пайти укамни саволга тутдим, у бор гапни айтиб берди. Жуда хафа бўлдим, жаҳлим чиқди. Уғур эса тинмай ўзини оқларди: “Ахир у билан гаплашмасликни ўзингиз тайинладингиз-ку!”

Уғур билан боғлиқ шу воқеани кўп эслайман. Жоним укам! Уни бир йилдан бери кўрмаяпман. Укамни шунчалар соғиндимки, эслаган сари юрагим эзилади.
Давоми бор...

Амина Шенликўғлу

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Насроний атиргули (2-қисм)