Ҳанифа хола деган қўшнимиз бор эди. “Қотган нонингиз борми? Бўлса беринг, қушлар дераза олдига келади, сувга бўктириб қўйсам ейишади”, деб қўни-қўшнилардан қолган-қутган нонларни териб юрадиган одат чиқарди. Хола негадир кейинги пайтларда озиб-тўзиб кетаётганди. Ижара уйда яшарди. “Жуда арзон уйда яшайман, деб зах бўлса ҳам индамайман” – дерди. Чоли вафот этган, пенсия пулларига қўшиб бевалик нафақаси ҳам оларди. Очиқ юзли, ҳазилкаш Ҳанифа хола кетиб, ўрнига камгап ва ўйчан Ҳанифа хола келиб қолганди.
Бир куни онам дўлма пиширдилар. Бир товоқ дўлмани тутқазиб:
— Бор, қизим, Ҳанифа холангга бергин, иссиққина еб олсинлар, – дедилар.
Ҳанифа холанинг эшигини тақиллатдим. Етмиш беш ёшда эди, секин-аста эшикка яқинлашиб “Ким?” дея сўради.
— Мен, Зайнабман, Ҳанифа хола.
— Кела қол, қизим, – деди эшикни очиб.
— Ойим сизга дўлма бериб юбордилар, – дегандим, қўлимдан олиб, юзимга бир қур назар ташлаб ютинди-да: “Аллоҳ рози бўлсин, қизим! Мен ҳам энди овқат қилмоқчи эдим, шуни еб қўя қоламан”, – деди.
— Хола, ойим идишни олиб келишимни тайинладилар, – дедим.
Ҳанифа хола эшикни ёпмасдан ошхонага ўтди. Ичкарига қарадим. Хона қоронғи эди. Чироқни ёқдим. Стол устида бир коса сув ва ликопчада сувга бўктирилган нон бўлаклари турарди. Дарҳол эшикка чиқдим. Ҳанифа хола идишимизни тутқазди:
— Икки дунёда азиз ва мукаррам бўлинглар, болам!
Хола билан омонлашиб, уйга қайтганимда онам юзимга ҳайрон тикилдилар:
— Ҳа, нима бўлди? Рангу рўйинг бир аҳволда.
— Ойи, Ҳанифа хола тақсимчага қотган нонларни тўғраб еётган экан.
— Йўғ-ей, қизим, янглиш кўргандирсан. Отанг ҳам пенсияда, биз шунча одам отангнинг пенсиясига яшаймиз. Ҳанифа холанг ҳам отанг билан бир хил пенсия олади. Қушлар учун тўғраётганини кўргансан. Биз уч киши ўйнаб-кулиб етказаётган пенсия пулини Ҳанифа холанг ёлғиз ўзи сочиб-сочиб сарфлайди, болам.
Эртаси куни оқшомда онамдан нима овқат пиширганларни сўрадим. Гўштли ловия пиширибдилар. Ичимни ит тирнардир. Кечки овқатга ўтиришдан олдин: “Ойи, Ҳанифа холамга бир коса олиб борай”, – дедим.
— Олиб борсанг-ку майли, лекин ловия кабоб-да. Яхши овқат эмас...
— Майли, беринг обора қолай, – дея бир зумда қайноқ идишни кўтариб Ҳанифа холаникига бордим. Менлигимни эшитиб, эшикни кулимсираб очдилар.
— Ойим ловия кабоб юбордилар, билмадим, сиз ёқтирасизми...
— Неъматни ажратмайман, гўзал қизим, албатта, яхши кўраман. Аллоҳ рози бўлсин! Яна идшимизни қайтариб беришини сўрадим. Ҳанифа хола ошхонага кирганда, мен ичкарига разм солдим. Стол устида бир коса сув, сувга бўктирилган қуруқ нон ва кеча олиб келганим дўлмадан тўрт дона турарди... Сўрамоқчийдим, сўрагим келарди. Юрагим эзилаётганди.
Ҳанифа хола мени эшик олдида кўрмай ичкарига ёнимга келдилар. Худди “сўра” деётгандай юзимга қараётгандилар ва сўрадим:
— Бу қотган нонларни ўзингиз еяпсизми? Қушларга бермоқчи эдингиз-ку?
Мовий кўзларидан ёшлар сузилиб оқаверди. Хафа қилиб қўйганимни яхши тушунмадим, лекин йиғлатиб қўйдим.
— Ҳа, ўзим ейман, жоним қизим. Бир қизим ва бир ўғлим бор. Бу ерда яшашмайди. Бошқа шаҳардалар. Иккови ҳам ишлайди. Машина олишармиш. Менга кредит олдиришди. Қўлимда қоладиган пул фақат ижарага, чироқ ва сувга кетади. Уч-беш чақа ё қолади, ё қолмайди қўлимда. Нон сўрай олмадим. Майли, қўл синса, енг ичида... Уч йил бир амаллаб чидайман. Ҳеч кимга айтмагин, хўпми?
Кўзларимдан ёш қуйилди. Идишни олиб эшикдан чиқарканман, “Ҳеч кимга айтма, гўзал қизим!” дея овоз бериб қолди. Уйга келиб бор овозим билан йиғладим. Аҳволимни кўриб ҳайратдан қўрқиб кетган онамга ҳам аслида нима гаплигини билдирдим. Улар ҳам жуда хафа бўлдилар.
— Мен бундай виждонсиз фарзанд бўлмайман, онажон, – дея йиғладим. Уч йил бутун маҳалла Ҳанифа холага ёрдам бердик.
Икки ой аввал ундан ажраб қолдик. Бетоб экан, ўқишдан қайтишда йўқлаб ўтдим.
— Бағрикенг қизим, сен келдингми? Шукр, қарзимдан қутулдим, – деди.
— Энди хотиржам яшайсиз, холажон.
— Ҳа, сенинг шарофатинг билан уч йил ғам-қайғусиз ўтди. Раббим сени сийласин!
Икки кундан кейин вафот этди. Юрагим эзилди. Онасини шу аҳволга солганларни нима дейишни билмайман. Ҳанифа холанинг жойи жаннатда бўлсин. Аллоҳ ҳаммага хайрли, имон-инсофли фарзандлар берсин.
Туркчадан Умида Адизова таржимаси
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Небензя Ғарбнинг БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги нутқини иккиюзламачилик паради деб атади
Давлат хавфсизлик хизмати маклерларга қўшиб мансабдорларни ҳам қўлга олди
Можародан сўнг Украинани нима кутаётгани маълум бўлди
Эроннинг Исроилга ҳужуми шунчаки спектакль эдими?..
“Толибон” Эроннинг Исроилга қарши ҳужумини қўллаб-қувватлади
Бухоро вилоятида «Нексия-3» автомашинаси букланиб қолди
Пентагоннинг собиқ таҳлилчиси Ғарб нега Украинада тинчлик истамаслигини тушунтирди
Учта рақамга адашган аёл ютуқ ўзи ўйлаганидан ҳам кўплигини эшитиб йиғлаб юборди