14:14 / 02.10.2019
3 473

Инновациянинг ўзи нима-ю, ўзбек амалдорлари нима ҳақда гапиряпти?

Инновациянинг ўзи нима-ю, ўзбек амалдорлари нима ҳақда гапиряпти?
Фото: Google Photos
Ёш физик олим ва ижтимоий тармоқларда фаол блогер Рустам Ашуров бугунги Ўзбекистонда халқаро рейтинглар, инновациялар, кластерлар ҳақида кўп гапирилаётганини, аммо реаллик нақадар ачинарли эканини, гапираётганлар кўпинча ҳатто «инновация» сўзининг мазмунини ҳам тушунмаслигини таъкидлайди. Унинг фикрлари билан қуйида танишишингиз мумкин.

Эътибор берган бўлсангиз, телевидение орқали ислоҳотлар ҳақида гап кетганда тинмай бир хилдаги сўзлар янграйди – «инновация», «кластер», «инвестиция» ва ҳоказо. Инновацион иқтисодиёт қуришга уриниш, бу йўлда турли кластерларга инвестициялар жалб қилишга бўлган ҳаракат ва мақсад таҳсинга лойиқ. Лекин биз оғзимиздан чиқаётган бу сўзларнинг мазмунини қай даражада тушунамиз? Улар аслида ҳам биз тасаввур қилган нарсаларми?

Қўрқмай айта олишим мумкинки, «инновация», «кластер», «инвестиция» каби сўзлари ҳақидаги тушунчамиз ривожланган давлатларникидан анча фарқ қилади. Биз бу сўзларни ёдлаб олгандек такрорлаймиз, мазмунини ва асл моҳиятини эса тушунишни хоҳламаётгандекмиз гўё.

Масалан, Ўзбекистондаги исталган ОТМга бориб, стратегик режасини сўрасангиз, унинг вакиллари мақсадлари яқин келажакда жаҳон университетлар рейтингида топ мингталикка кириш эканини фахр билан айтади ва бунинг учун инновацион ўқув услубларини қўллаш кераклигини қўшиб қўяди. Ишончим комилки, 90 фоиз ОТМ шу жавобни беради.

Энди сиз суҳбатдошингиздан сўраб кўринг: «Хўш, фараз қил, ўша топ мингталика кирдинг. Айтгин-чи, ўша пайтдаги кўринишинг билан ҳозирги аҳволинг орасида қандай фарқ бўлади?» Жавоб йўқ. Чунки унда топ мингталикка кира оладиган университет қанақа бўлиши кераклиги ҳақида умуман тушунча шаклланмаган. Олий таълим вазири телевидение орқали жаҳоннинг юқори рейтингли университетлари қаторига бизнинг ОТМларимиз ҳам қўшилиши кераклиги ҳақида тинмай гапиради.

Лекин у бу таълим тизимимиз билан жаҳон у ёқда турсин, колхоз рейтингига ҳам қўшила олмаслигимиз ҳақида миқ этмайди. Тизим ўзгармаса, вазирнинг гапи «қўшилиши керак»дан нарига ўтмаслигини аниқ. Рейтинг давомат ва галустукка қараб тузилмайди асло! Инқилобий ўзгаришга эса тайёр эмасмиз.

Бошқа бир мисол бу – кластерлар. Ҳамма жой кластерлашиб кетди. Кластерлардан мақсад ҳудудда яхши инвестицион муҳитни яратиш ва доимий равишда инновацион технологияларни жалб қилиб боришдир. Яъни бир ҳудудда шакллантирилган инфратузилмадан бир нечта бир-бирига ўхшаш ёки турдош маҳсулот ишлаб чиқарувчилар биргаликда фойдаланиши мумкин. Кластер ишлаб чиқарувчиларга инфратузилмани ушлаб туришдаги операцион харажатларни пасайтириш, янги технологияларни жорий қилишни осонлаштириш, кадрларнинг критик массасини таъминлаш, шунингдек, истеъмолчилар билан ишлашни мукаммаллаштириш каби имкониятларни беради.

Кластернинг, хоҳ аграр, хоҳ Hi-Tech бўлсин, ажралмас қисми бор. Бу кадрлар етказиб берувчи таълим тизими ва кластернинг доимий рақобатбардошлигини таъминлаб берувчи фан ва технологик ташкил этувчисидир. Буларнинг икки кластер ичига кирмаса, у маҳсулот бозорида ўз ўрнини йўқотиб бораверади. Ҳарқалай, нормал рақобат бор ерда у ўз ўрнини йўқотиши аниқ. Бизнинг кластерларда кадрлар тайёрлаш ва технологик янгиланиш билан, шунингдек, қолган ҳамма иш билан ҳам Вазирлар Маҳкамаси шуғулланади. Хуллас, кластернинг асл моҳиятидан йироқлашиб, ҳамма ерда кластерлаб юрибмиз!

Бу қаторга «инновация» сўзини ҳам ҳеч иккиланмай қўшишимиз мумкин. Инновация вазирлиги ташкил этилди. Инновация аслида таълим ва илмий жараёнларининг ўзаро циклик муносабати натижаси эканини ҳисобга олсак, нўноқ таълим тизимимиз ва чўкаётган Фанлар академияси устига Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилиши кулгили ҳолат. Инновация вазирлиги бўлиши керакдир балки. Аммо оёқда мустаҳкам турадиган таълим ва фан вазирликлари бор ерда. Инновацияларнинг бўлиш ёки бўлмаслиги алоҳида вазирликка боғлиқ ҳам эмас аслида.

Инновацион ривожланишда ортда қолишда айбни тўртта соҳа ва уларнинг вазирликлари бўлишиб олгани тўғри бўларди, менимча: таълим, фан, иқтисодиёт ва саноат вазирликлари. Улар инновациялар учун To be or not to be деган саволга жавоб бериши керак. Агар кучли таълим, фанталаб саноат, шунга мос илм-фан ва буларнинг натижаси ўлароқ барқарор иқтисодиёт шаклланса, инновациялар ўз-ўзидан пайдо бўлаверади. Балки инновацион ривожланиш вазирлиги шундан сўнг асқатар. Ҳозир эса инновация вазирлигини инновациялар кўринмаётганида айблаш мантиқсиз.

Хулоса ўрнида айтмоқчиманки, замонавий сўзларни уларнинг мазмунини тушунмаган ҳолда қўллайвериш васвасадан бошқа нарса эмас. Вазият шу тарзда давом этгудек бўлса, бизда инновация эмас, фақат инновасваса бўлади холос.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Манба: Daryo.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Инновациянинг ўзи нима-ю, ўзбек амалдорлари нима ҳақда гапиряпти?