date

Фабио Каннаваро футболи ҳақида 5 мулоҳаза

Фабио Каннаваро футболи ҳақида 5 мулоҳаза

Фабио Каннаваро миллий жамоа мураббийи сифатида биринчи жиддий синовдан ўтди. Тўғри, Уругвай ҳам кучли рақиб, лекин ўшанда жамоа бу қадар оптимал таркибда бўлмаган. Каннаваронинг ўзида ҳам ҳали жамоа билан танишишга вақт йўқ эди. Сўнгги ўйинга нисбатан беш футболчи ўзгаргани ҳам бундан далолат қилмоқда. Энди биз мураббийнинг бир ойлик фаолиятига қисман баҳо бериш имкониятига эга бўлдик. Фабио Каннаваро ўтган даврда нималар қилди? Қандай ўзгаришлар амалга оширмоқда? Қуйида шу ҳақида тўхталамиз.

3-4-3 – МУВАФФАҚИЯТ КАЛИТИМИ?

Яқинда бир подкастда меҳмон бўлган Оле Гуннар Сулшер бугунги «Манчестер Юнайтед» системаси, яъни 3-4-3 ҳақида фикр билдираркан, бундай схемага қарши тўп суриш жуда қийин эканини тан олди.

«Агар ҳаммаси мукаммал шаклга келтирилса, бундай жамоага қарши прессинг қилиш ҳам, ҳимояланиш ҳам қийин бўлади», – деди норвегиялик мутахассис.

Тўғри, топ-клубларда бундай йўл билан муваффақият қозониш иложсиз экани ҳам айтилади, дунёнинг энг яхши жамоалари тўрт ҳимоячи билан ўйнашига ўрганиб қолганмиз. Лекин эътибор берсангиз, камтарроқ таркиб билан ўз даражасидан юқори футбол кўрсатган, айнан тактика орқали номдорроқ рақибларга қарши ҳам муносиб ўйнай олган кўплаб жамоаларда уч марказий ҳимоячи схемаси эди. Сўнгги Европа чемпионатларидаги Дания, Австрия ёки Швейцария миллий жамоаларини эсланг. Бу жамоалар таркибида биринчи рақамли топ-юлдузларни учратмайсиз, лекин улар доим ташаббускор футбол намойиш этишади, шунингдек, ўша ўртамиёна футболчилар ҳам шу тизим ичида юлдузга айланишади.

Қуйидаги суратда Сулшер айтган жиҳатни, яъни бундай тизимга қарши ҳимояланиш қийинлигини кўриш мумкин.

Қанот ҳимоячилари ҳужумга фаол қўшилганда олдинда бир чизиқда 5 футболчи ҳосил бўлади. 4-3-3 ёки 4-4-2 сехмасида, яъни вингерлар билан ўйнаганда бундай структурани яратиш қийин. Бу эса ўз навбатида рақибнинг 4 ҳимоячисига қийинчилик туғдиради. Доим узоқ қанотда бир бўш футболчига эга бўлиш ёки рақиб футболчиларини горизонтал «ёйиш» ҳисобига марказда ҳам кенгроқ зоналарга эга бўлиш имконияти бор.

Яқинда «МЮ»га қарши ўйинда «Челси» озчилик бўлиб қолгач, Мареска бешинчи ҳимоячини туширишга мажбур бўлди ва ўйиндан кейинги матбуот анжуманида рақиблар олдинги чизиқда беш киши бўлиб ҳужум қилаётгани учун қўшимча футболчига эҳтиёж сезганини айтди. Худди шундай қарорни «Сандерленд» мураббийи «МЮ»га қарши ўйинда қабул қилди – у ҳисоб 0:2 бўлса ҳам, вингер ўрнига учинчи марказий ҳимоячи туширишга мажбур бўлгани, акс ҳолда ҳисоб янада йириклашиб кетишидан чўчиганини яширмади.

Шу билан бирга, 3 нафар марказий ҳимоячига қарши рақиб прессинг қилиши ҳам қийинчилик туғдиради. Чунки 5 ҳимоячи жамоага горизонт бўйлаб кенг жойлашиш имконини беради. Олд чизиқда бутун майдон энини ёпиш эса сон жиҳатдан жуда кўп футболчиларни жалб қилиш эҳтиёжини яратади. Ўз навбатида, бу ҳолда марказ орқали тезкор паслар ёки узоқ масофага узатмалар учун имкониятлар вужудга келади.

Ўзбекистон миллий жамоасининг айни пайтдаги асосий ютуғи – узоқ йиллардан бери айнан шу тизимда ўйнаб келаётганидир. Катанец бу тизимнинг базавий созламаларини ишлаб чиққан, футболчиларда бундай ўйинга бўлган кўникмаларни ҳосил қилганди. Кейинги босқичга ўтиш ва бу тизим ичида янада ривожланиш учун эса мураббийга саломатлик билан боғлиқ муаммолар халал берган бўлиши мумкин. Шунинг учун саралашнинг сўнгги босқичида жамоа бир услубда ва айни таркибда бир жойда депсиниб қолгандек тасаввур пайдо бўлганди.

Темур Кападзе қисқа муддатга келган бўлса-да, тизимга керакли турткини бера олди – масалан, қанот ҳимоячиларининг услубига бироз ўзгартиришлар киритилиб, ҳужумкорлик оширилди. Табиийки, ҳар қандай жамоада янги созламалар, қўшимча ғоялар ижобий туртки сифатида ёрдам беради.

Энг муҳими, Фабио Каннаваро ҳам шу йўлни давом эттиргани ва айнан мана шу схема остида рақибга мослашиш, устунлик жиҳатларни юзага келтиришда чизгилар яратаётгани, қисқаси, сўнгги пардоз ишларини амалга ошираётганидир. Биз циклни уч мураббий қўл остида олиб бораётган бўлсак-да, жамоа бир йўналишда кетаётгани – асосий ютуқ бўлиши мумкин.

МОСЛАШУВЧАНЛИК

Фабио Каннаваро бош мураббий сифатида таништирилганда, асосий савол шундай янграганди – у қандай услубдаги мураббий? Аввалги мураббийларимиз йўлидан борадими ё ҳаммасини ўзгартирадими? Қандай футбол кўрсатади?

Жуда қисқа вақт ичидаги бир неча ўйин шуни кўрсатдики, Каннаваро етарлича мослашувчан, миллий жамоалар мураббийларига керак бўладиган асосий жиҳат – ижрочилардан келиб чиққан ҳолда футбол кўрсатади. Балки шунинг учун ҳам унинг асосий ўйин услуби ҳақида маълумот тўплай олмаганмиз.

Хўш, Фабио Каннаваро ўйинимизга нима олиб кирмоқда?

У мураббий сифатида муваффақиятли ишламаган бўлса-да, доим изланишда бўлгани ва замонавий трендлар билан ҳамоҳанг экани биз учун сюрприз. Ўз вақтида муваффақиятли ишлаб қўйган ва ўша багаж билан Осиёда нимадир қилмоқчи бўлаётган бошқа қатор мураббийлардан фарқли равишда Фабионинг жамоа билан бирга ўсишга ҳаракат қилаётганини пайқаш қийин эмас.

Мисол учун, айни пайтда футболда «иккинчи тўплар учун кураш» трендга чиқди ва айнан мана шу жабҳадаги устунлик ўйиндаги устунликка ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Биз дастлабки ўйинларда Каннаваро кўпроқ узун паслар орқали ўйнашни ёқтирар экан, деб ўйлаган эдик, учинчи ўйинга келиб бу шунчаки эҳтиёткор ўйин услуби эмас, қўшимча қуроллардан бири бўлиши ойдинлашди.

Юқоридаги суратга қаранг. Тўп юқоридан узатилганда Шомуродовни уни эгаллаб, бўйсундириш имконияти деярли бўлмаслиги мумкин, аммо тўп тушиши мумкин бўлган зонада яна 4 нафар ўзбекистонлик футболчи бор. Бундай вазиятларда тўпни эгаллаш биринчидан, тезкор ҳужум уюштириш имконини беради, иккинчидан, рақиб бор эътиборини юқоридан келаётган тўпга қаратгани ва у сониядан сўнг қаерда бўлишини тахмин қилиш қийин бўлгани сабабли, ҳимоя структураси бузилади.

Остон Ўрунов томонидан киритилган иккинчи гол айнан мана шундай йўл билан юзага келди. Майдон марказида Элдор Шомуродов юқори қаватдаги курашда ютиб чиқди ва тўпни ортга, майдондаги вазиятни яхши кўриб турган Шукуровга етказди. Шукуров эса дарҳол Остонни дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқариб юборди. Яъни бу ерда рақиб гўёки хаос билан чалғиб қолгани, Элдор эса яхшироқ позициядаги Шукуровни, Шукуров Остонни пайқагани, Ўрунов эса ўша вазиятда тезкор пас бўлишини сезиб олдинга ҳаракатланганини қайд этиш мумкин. Ўша пайтда учала футболчимиз ҳам мисрликлардан фарқли равишда нима қилиш кераклигини аниқ биларди – бошқариладиган хаос деб шунга айтилади.

Аввалги жамоага нисбатан яна бир ўзгариш – Каннаваро бир ўйиннинг ўзида турли темплар ўзига хос жонглерлик қилмоқда. Яъни Катанец даврида жамоа эҳтиёткор эди – рақиб ким бўлишидан қатъи назар бу сезилиб турарди. Гол керак бўлганда, кўпинча бутун схема ўзгарар, янги футболчилар пайдо бўларди. Кападзе футболи бироз тажовузкорроқ, ҳужумда анча фаол, бу эса прагматик ўйин керак бўлганда жамоани қийнаб қўйганди. БААга қарши ўйин бунга яққол мисол.

Каннаваро эса бир схема, айни футболчилар билан гоҳ ҳимоявий, гоҳ агрессив, гоҳ юқори, баъзида эса пастроқ темпни таклиф қила оляпти. Ҳозирги жамоа ўйинларига қараб, уни ҳужумкор ёки ҳимоявий деб айтиш жуда қийин. Мисрга, ҳатто Уругвайга қарши ўйинда ҳам биз баъзида анча юқори прессинг қила олдик.

Ўйинда ҳисоб очилганидан сўнг, 10-15 дақиқа, то Ўрунов тўсинни нишонга олишигача Миср жиддий фаоллик кўрсатиб, рақибни деярли жарима майдонига қамаб қўйди. Энди юқоридаги контр-прессингга эътибор беринг. Терма жамоамизнинг 9 футболчиси рақиб жарима майдони яқинида – тўп йўқотилгач, тезда уни қайтариб олишга ҳаракат қилдик ва уддаладик. Яъни кучли рақибга қарши бўлса-да, ундан қўрқиш, бутун жамоа бўлиб ётиб олиш ўрнига, биз ўз услубимизни қўйишга, биз ҳам кичик жамоа эмаслигимизни кўрсатишга муваффақ бўляпмиз. Мана шундай вазиятлардан сўнг Мисрдаги ўзига бўлган ишонч, енгиллик йўқолди.

Қуйида эса ҳисоб очилган вазият:

Бир қарашда гол Остоннинг индивидуал маҳорати, бир неча футболчини алдаб ўтгани натижасида юзага келди. Аммо аслида вазият ўйиннинг бошидаги фаоллик, 8 футболчи бўлиб прессинг қилингани натижасида юзага келганини ҳам унутмаслик керак.

РАҚОБАТ

Турли услуб ва ғоялар нафақат умумий картинада, балки кичик деталларда ҳам сезилади. Сречко Катанец даврида жамоа ўзаги шаклланиб бўлган, янги футболчилар таркибга кириши қийинчилик туғдирарди. Терма жамоалар шароитида бу жуда қийин ва самарасиз йўл ҳисобланади. Сабаби, ҳар 2-3 ойда бир марта, қисқа муддатга йиғилган пайтда етакчиларнинг спорт формасини назорат қилиш жуда қийин. Бир футболчи жароҳат олади, бошқаси кутилмаганда ёмон спорт формасида йиғинга келади – мураббий бу сюрпризга доим ҳам тайёр бўлмайди.

Каннаваро нафақат турли вариантларни синаб кўрмоқда, балки ҳар бир янги футболчи ва рақибдан келиб чиқиб кичик ўзгаришлар қилмоқда. Масалан, айни пайтда Машарипов ва Файзуллаев йўқ. Иккиси таркибдаги энг креатив футболчилар экани сир эмас. Аммо бу йўқотиш деярли сезилмаяпти. Каннаваро бу бўшлиқни Элдор Шомуродовнинг тажрибаси ёрдамида ёпишга ҳаракат қиляпти. Шунинг учун Кувайтга қарши Эркинов, Миср билан ўйинда эса Ўрунов асосий ҳужум қуроли сифатида намоён бўлди. Яъни Шомуродовдан тўпурар, вазиятларга очилиши керак бўлган футболчи эмас, ҳужумларни бошловчи, ташкил қилувчи куч сифатида фойдаланмоқда. Қайсидир жиҳатдан Ҳарри Кейннинг «Бавария»даги ролига жуда ўхшаш.

Юқоридаги суратдагига ўхшаш вазиятлар жуда кўп такрорланди. Шомуродов рақиб дарвозасига орқа қилган ҳолатда тўпни қабул қилиб, ҳужумни турли йўналишларда ташкил қилишда анча фаол ва самарали бўлди. Иккинчи голдан ташқари, 2-бўлимда бош билан зарба бериш билан якунланган ўта хавфли вазият ҳам айнан Шомуродов бошлаган ҳужум ёрдамида юзага келди.

Яъни ҳужум ортида Машарипов ва Файзуллаев каби плеймейкерлар йўқми, муаммосиз, унда жарима майдонига ёриб кириши мумкин бўлган Эркинов ё Ўруновдан фойдаланамиз. Шомуродовнинг роли эса ўзгаради.

Терма жамоанинг бундай мослашувчанлиги келажакда кўп ёрдам беради. Мураббийда айни пайтда энг яхши тайёргарликка эга бўлган футболчилардан фойдаланиш имконини беради. Захира вариантлар орқали ўйин тактикасини ўзгартиришга шароит яратади. Ҳамда яна бир энг муҳим жиҳат бор.

Терма жамоада нафақат маълум позиция учун бир неча футболчилар ичида, балки турли услублар ичида ҳам рақобат юзага келмоқда. Яъни чап қанот яримҳимоясида маълум услуб учун Файзуллаев ҳаммадан яхши бўлиши мумкин. Лекин қайсидир бошқа услубда Аббосдан кўра Эркинов фойдалироқ бўлади. Яъни Эркинов аслида Аббосдан кучли бўлмай туриб ҳам, услублар ўртасида рақобат туфайли асосий таркибга танланиши мумкин.

Яқинда Жалолиддин Машарипов ўз жароҳати ҳақида фикр билдираркан, насиб бўлса жамоанинг ноябрдаги ўйинларига тайёр бўлишини айтганди. Шунда савол туғилган – Машарипов нега жамоага чақирилишига бунчалик амин? Албатта, Жалолиддин тезда соғайиши, яна жамоа етакчиларидан бирига айланиши, мундиалда тўп суришини чин дилдан истаймиз. Аммо жамоа ҳамманики. Футболчиларга миллий жамоа эмас, аксинча, улар миллий жамоага муҳтож. Номзодлар сафи кенгайиши, жамоанинг турли услубларда тўп сура олиш салоҳияти эса футболчиларда яхши маънода хавотир яратади. Энди улар ўзини жамоанинг доимий вакили деб ҳисоблай олмайди, у ерда тўп суриш учун доим юқори спорт формасини ушлаб туриш, клубда ўзини давомли равишда кўрсатиб туриши талаб этилади. Бу ҳам мураббийлар штаби учун, ҳам футболчининг ўзи учун жуда аҳамиятли.

ГОРИЗОНТАЛ ФУТБОЛ

Биз кўпинча вертикал ўйин атамасини кўп ишлатамиз. Тўпни ҳимоядан ҳужумга олиб чиқишда энг қисқа йўл ҳам албатта, шу. Шу билан бирга, бундай ўйнаш жамоадан катта жисмоний куч ва тезлик талаб қилади.

Фабио Каннаваро жамоанинг ҳимоя чизиғида техник жиҳатдан анча шаклланган футболчилар кўплигини пайқаган бўлса керак. Мисрга қарши кўрсатилган ўйин Тиаго Моттанинг «Болоня»сини эслатиб юборди. Ўша «Болоня» майдоннинг энидан ҳам самарали фойдаланиш мумкинлигини намойиш қилган, Италия футболида кичик инқилоб қилганди. Албатта, бу маълум шартларда, масалан, А Серияда ўхшаган, тезкор Англияда яшаб кетиши қийин, шунинг учун ҳам локал даражада қолиб кетди. Евро-2024 чемпионатида эса «Болоня»нинг уч футболчисига эга бўлган Швейцария ҳам шунга яқин услуб қўллади. Йилига беш-олти марта йиғиладиган миллий жамоалар футболи барибир темп жиҳатдан клубларникидан фарқ қилади, у ерда бундай услубларни кўчириш осонроқ ҳам.

Асосий жиҳат – тўпни назорат қилаётганда футболчиларнинг майдонда имкон қадар кенг жойлашувидир. Бу юқорида эсланган Сулшернинг иқтибосини исботлайди – бундай жамоага қарши прессинг қилиш жуда қийин.

Миср аксарият вазиятларда 5-2-3 схемасида прессинг қилишга уринди ва уч ҳужумчи бизнинг уч марказий ҳимоячимизга қарши ўйнади. Бу ҳолатда бизда Ўрунов ёки Ғаниев марказга тушиб, рақибга нисбатан (3 га 2) сон жиҳатдан устунликни яратишди. Миср ҳимоячиларидан бири ҳам олдинга чиқиб, тенгликка уринганда эса Шомуродов ҳам қўшилди. Бу қисқаришлар натижасида кўпинча қанотларда биз ҳужум қилишимиз учун бўшлиқлар юзага кела бошлади. Яъни 3-4-3 (ёки 3-5-2) рақибда персонал прессинг учун доим ноқулайликлар яратади, зоналар бўйича ҳимояланганда эса доим қанотларда сон жиҳатдан устунликни таъминлаш мумкин. Албатта, бунинг учун қанот футболчиларидан жуда юқори жисмоний тайёргарлик талаб қилинади.

Тўп билан қанчалик кенг ўйнаган бўлсак, ҳимояланишда аксинча, шу қадар зич ҳаракат қилдик.

Ўзбекистон қуйи блокда 5-4-1, прессингга чиққанда эса 5-3-2 схемасида ҳаракат қилди. Бу Мисрни энг асосий устунлигидан – қанотлардан маҳрум қилди. Энг қуйи бешлигимиз синхрон равишда доим ўнг ва чапга ҳаракатланиб тургани туфайли, Мисрда вазиятлар яратиш имконияти бўлмади. Доим энг узоқдаги футболчи очиқ қолар, унга тўпни тезлик билан етказиш эса доим қийинчилик туғдирарди.

ЖИСМОНИЙ ТАЙЁРГАРЛИК – ЭНГ МУҲИМ МАСАЛА

Барча режалар майдонга кўчиши, юқорида тилга олинган устунликлар баъзида, айрим рақибларга қарши эмас, доим ишлаши учун жисмоний тайёргарлик муҳим. Жаҳон чемпионатлари тарихида муваффақиятли тўп сура олган кичик терма жамоаларга қаралса, биргина умумий жиҳатни кўринади – Африка мамлакатлари бўладими, шарқий осиёликларми, доим яхши жисмоний тайёргарлик ёрдамида орадаги савия фарқини ёпа олишган. Тартибли ўйнаш, мураббий кўрсатмаларини майдонга кўчира олиш, хато қилмаслик учун ҳам жисмоний ҳолат жуда муҳим.

Ўзбекистонлик футболчилар Мисрга қарши биринчи бўлим бошларида ҳам, иккинчи бўлим охирларида ҳам ҳимоявий ҳаракат қилдик. Лекин бу икки картина бир-биридан фарқ қилади. 1-бўлимда биз анча ишонарли эдик, саросима ҳам йўқ, режа соат каби ишлаётганди. 2-бўлимда эса хатолар кўпайди, саросима ҳам сезилди. Мабодо бир гол ўтказиб юборилса, Миср босимни ошириши аниқдек тасаввур пайдо бўлди. Бу Уругвайга қарши ўйинда сезилганди.

Фабио Каннаваро учрашувдан кейин ҳам асосий муаммо сифатида яна шу жиҳатга тўхталиб ўтди. Ҳимоя чизиғимизда муаммолар пайдо бўлгани, ҳужумда қарши ўйин учун ғоялар камайгани, Ўрунов захирага олингани ортида чарчоқ турибди.

Жисмоний камчилик катта мусобақаларда икки томонлама сезилади. Биринчиси, рақибга нисбатан. Катта эҳтимол билан, мундиалда ўзимиздан юқори даражадаги жамоаларга қарши ўйнаймиз. Рақиб футболчилари тўп сурадиган чемпионатлар, клублар савияси баланд бўлганидан, улар катта юкламалар остида ўйнаш кўникмасига эга бўлади. Уларга қарши 90 дақиқа ўйнаш осон бўлмаслигини Уругвай ва Мисрга қарши ўйинлар кўрсатиб берди.

Иккинчидан, бир жамоа ичидаги фарқлар. Терма жамоамизда АПЛнинг пешқадам клубида тўп сурадиган футболчи ҳам, Ўзбекистон Суперлигаси вакиллари ҳам бор. Бундай тафовут жамоага тенг равишда юклама беришда халақит беради. Ҳусановнинг темпига таяниш Суперлига вакили учун оғирлик қилиши мумкин. Ёки аксинча Суперлига темпида Ҳусанов бор имкониятини намойиш қила олмаслиги мумкин. Айтайлик, Саудия Арабистони жамоасида бир чемпионатда, бир хил кўникмага эга бўлган футболчилар йиғилган – улардан максимал фойдаланиш мумкин бўлган темп ва услубни шакллантириш осонроқ. Футболчилар ўртасида катта тафовут бўлган жамоаларда эса бу бироз қийин.

Фабио Каннаваро учун аниқ ечим топиш қийин. Терма жамоадаги қисқа йиғинларда жисмонан ўсишнинг имкони йўқ. Шу туфайли ҳам у клублар билан биргаликда ишлаш кераклиги, интенсив футбол муҳим экани ҳақида кўп бор таъкидламоқда. Яъни миллий жамоага номзод футболчиларга алоҳида юкламалар, қўшимча машғулотлар ва жисмоний талаблар тизимини ишлаб чиқиш, шу орқали уларнинг терма жамоа ўйинлари учун тайёргарлигини назорат қилиш лозим бўлади.

Яна бир ижобий омил ҳам бор. Мундиал ёзда бўлиб ўтади. У пайтда Европада узоқ мавсум энди якунланган, аксарият футболчиларнинг спорт формасида пасайиш кузатилиши мумкин. Ўзбекистон чемпионати эса аксинча, баҳорда бошланади ва июнга келиб ҳар томонлама оптимал формага кириб олиш мумкин. Бу ҳам қайсидир жиҳатдан орадаги фарқни қисқартирса ажаб эмас.

Қаҳрамон Асланов

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Фабио Каннаваро футболи ҳақида 5 мулоҳаза