14:38 / 02.11.2019
3 546

"Кўзим кўр, қулоғим кар, соқовман..."

"Кўзим кўр, қулоғим кар, соқовман..."
“Келинг, келинг, нима хизмат”, - қараб турдим бир сония унга. Кўзойнагини яна яхшилаб қадаб, шу сўзни қайтарди. Аммо юзи қизариб, кўзини олиб қоча бошлади.
- Ассалому алайкум, Лайло Шукурова.
- Ваалайкум ассалом. Эшитаман.
- Мен сизнинг синфдошингиз Шаҳло бўламан. Танимадингизми?
- Йўқ. Синфдошларимни яхши танийман, аммо сизни танимадим.

Бу ёлғон гап эди. Чунки биз 10 йил бир синфда ёнма-ён ўтириб улғайганмиз. Яна, яқин дугона эдик. “Майли, -дедим ўзимга-ўзим. Ҳаёт-да бу, балки хотираси паришон бўлгандир.”
- Узр, Лайло Шукурова.
- Ҳечқиси йўқ. Ўрганиб кетганман. Хуллас сизни эшитаман.
- Ҳа, мен сизни излаб келдим.
- Ҳмм, агар ишга жойлашмоқчи бўлсангиз, иш жойлари бор. Корхонамизга ишчилар, малакали ишчилар керак. Фақат...
- Хўш, фақат нима?
- Энди агар яхши жойни эгаллашни истасангиз. “Бор товоғим, кел товоғим”, – дегандек.
- Ҳа.. шундай денг. Хўп, бу борадиган товоқда нима бўлсин, ошми, мантими нима?
- Карам дўлмани хуш кўрамиз.
- Қайси иш жойига, нечта карам дўлма бўлиши керак.
- Поғонасига қараб. Энг баланд поғонаси 10 минг карам дўлма.
- Кўп эмасми?
- Нима учун кўп экан?
- Ахир бор йўғи тикувчилик цехи бўлса. Унда энг баланд поғона иш юритувчими?
- Шундай деса бўлади..
- Ҳа бу қўлимиздан тикиш келмаса-чи.
- Карам дўлмалар тикишни ўргатади.

Ўртамизда ўтган қисқа суҳбат шундай бўлди. Агар у мени танимаса, билмаса, дарров шу гапдан бошлар эдими? Йўқ албатта. 10 йил бир синфда ўқиб, ўртадаги дийдор, меҳр 10 минг карам дўлма бўлдими?! Кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмадим. Яна сўзимда давом этдим.
- Мен сизга иш излаб келмадим, бошқа юмуш билан келган эдим. Шу десангиз қишлоқда...
- Қанақа қишлоқ, қайси қишлоқ.
- Ўзингиз улғайган қишлоқдан онангизнинг саломини олиб келдим. Мана буларни сизга бериб юбордилар.
- Онам, менинг онам уйимда. Сиз кимсиз ўзи?
- Онангиз карам дўлма ўрашни билмайдилар. Анча кексайганлар, боғдан орттирган озгина туршак, ёнғоқ, олма, хурмо ва тандир нон.
- Мен сизга ҳозир нима дедим. Менинг онам уйимда.
- Эҳе, а бу товоқларда нозланиб тортилган карам дўлмалар, сизни кўзингизни кўр, қулоғингизни кар, тилингизни дудуқлантириб қўйибдику. Соқов бўлиб қолманг.
- Мен сизга нима дедим, чиқинг хонадан, йўқса соқчиларни чақираман.
- Лайло, ҳаётни саҳнага айлантирма, сени онанг кутиб ўтирибди. Анча кексайиб қолган, кўзлари хира, холдан тойган, соғинган. Қишлоққа бир бориб хабар олсанг.

У бир муддат сукут сақлади. Ва вазминлик билан деди:
- Мен бу ерда нуфузли одамман. Қўлим узун. Лайло Шукурова бўлдим.
- Ҳаром луқма эвазигами?
- Ўчир овозингни, мен билан бу оҳангда гаплашакўрма, сен кимсан ўзи?
- Мен-ку инсон боласиман, сен кимсан?
- Чиқ дедим.
- Хўп, лекин емоқнинг қусмоғи бор. Кейин лаган-лаган карам дўлмаларга она меҳрини сотиб ололмайсан.

Жаҳл билан чиқиб кетдим. Эссиз инсон боласи. Бу пул уни қандай қиёфаларга солмайди. Қалбини тўсибди, ўзлигидан тондирибди. Ҳар ҳолда бобосининг исми қолибдику. Лайло Шукурованинг. Мен қишлоққа ана шу зайл кўзим кўр, қулоғим кар, соқовга айланиб қайтдим. Чунки Моҳира бувини ранжитгим йўқ эди.
Наргиза Камалова

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » "Кўзим кўр, қулоғим кар, соқовман..."