Бухорода ноёб топилма аниқланди. Унда нималар ёзилган?

  • 24 январь 2020, 21:50
  • 1 994
  • Жамият
  • Бухорода ноёб топилма аниқланди. Унда нималар ёзилган?
    Кўҳна Бухоро — мўъжизалар ва сиру синоатга бой кент. Мана, Мулла Пайравий масжидини олиб кўрайлик. Бу ерда ободончилик ишларини олиб бораётган вилоят маданий мерос бошқармаси ходимлари эътиборини муқаддас гўша чиллахонасидаги қайроқтош тортди. Гап шундаки, қайроқтош катта ҳажмли эди. Шунинг ўзи ҳам унинг ноёблигидан дарак берарди.

    — Мазкур топилма — қайроқтош тезкорлик билан бошқармамизнинг реставрация ва консервация лабораториясига олиб келинди ва археолог-реставратор Д. Холов томонидан тозаланиб, консервация ишлари олиб борилди, — дейди биз билан суҳбатда вилоят маданий мерос бошқармаси раҳбари Шерзод Маҳмудов. — Аниқ ва равшан кўрингандан кейин ёзувлар Тошкент Шарқшунослик институти илмий ходими, тарих фанлари номзоди Б. Аминовга юборилди.

    Фото: “Халқ сўзи”

    Аниқланишича, қайроқтошда эски араб ёзувидаги “насх” хатига мансуб бўлган битик, яъни “Ал-фақих Аҳмад Аммор ал-Ансори, Аллоҳнинг раҳматидан қўрқувчи, унга қайтувчи, ҳижрий 563 йилнинг ражаб ойи/ милодий 1168 йилнинг май ойида оламдан ўтди”, деб ёзилган экан. Фақих Аҳмад Аммор ал-Ансорий ҳақидаги тўлиқ маълумотлар тарихчи олимлар томонидан ўрганилмоқда.

    Мазкур қайроқтош бухоролик мозийшунос олимларни ҳам бефарқ қолдирмади, албатта. Жумладан, тадқиқотчи, Ўзбекистон Тарихчилар жамияти вилоят бўлими раиси Азалшоҳ Ҳамроевнинг таъкидлашича, мазкур матн босма матбуотда О.А. Сухарева томонидан чоп этилган “Квартальная община позднефеодального города Бухары” (М:1976,220 стр.) асари ҳамда “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар: Бухоро” (Т:2016,378 бет.) китобида тадқиқ этилган.

    Топилманинг аҳамиятли жиҳати шундаки, бу Бухородаги мақбараларда қайроқ ишлатилган бирдан бир ҳолатдир. XI-XIV асрларда қайроқдан, асосан, Самарқанд, Фарғона водийсида ва қисман Тошкентда қабртош сифатида фойдаланилган.

    Фото: “Халқ сўзи”

    Мулла Пайравий тўғрисида эса маълумотлар тўлиқ етиб келмаган. Фақат Н. Йўлдошев ва Ҳ. Қурбоновларнинг “Бухоро шаҳри ва унинг атрофидаги зиёратгоҳлар тарихи” ва Садриддин Салим Бухорийнинг “Бухоронинг табаррук зиёратгоҳлари” китобларида Мулла Пайравий XIV асрларда яшаган суфийлардан экани, Саид Мири Кулол, Хўжа Баҳоуддин Нақшбанд билан замондош бўлгани қайд этилган.

    Бошқа манбага кўра “Мулла Пайравий катта билим эгаси, олим ва сўфийлик тариқатининг намояндаларидан бўлиб, XVI асрда яшаган”, деган маълумот келтирилади. Алишер Навоийнинг “Тарихи мулуки Ажам” асарида Пайрав (форс тилидан) эргашувчи, изидан (ортидан) борувчи, тақлид қилиш, тобе маъноларини англатиши ёзилган.

    Шуни ҳам алоҳида эътироф этиш керакки, Бухоро вилоят маданий мерос бошқармаси томонидан ушбу ноёб ёдгорликка илк маротаба реставрация ва консервация лабораториясида замонавий ишлов берилиб, у қайта тикланди. Шу тариқа яна бир маданий меросимизнинг умрига умр қўшилди.

    » » Бухорода ноёб топилма аниқланди. Унда нималар ёзилган?