date

Жиззахда яширин дорихонадан минглаб сохта дори воситалари аниқланди

Жиззахда яширин дорихонадан минглаб сохта дори воситалари аниқланди
Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ноқонуний дори воситаларининг савдоси билан шуғулланиб келган шахслар фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти расмий маълумот берди.

Жиззах шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда 1993-йилда туғилган икки фуқаро тегишли рухсат ҳужжатлари бўлмаган 400 дона “Мисопростол” таблеткаси, 139 дона капсула, 2 дона бальзам ва 26 дона қадоқлаш қутиларини 5 000 АҚШ долларига сотаётган вақтида қўлга олинди.

Бундан ташқари, аёллар учун мўлжалланган бир фитнес-клубда яширин фаолият юритаётган цех аниқланиб, у ерда турли дориларни қўлбола усулда қадоқлаб, сотувга тайёрлаш ишлари олиб борилгани маълум бўлди. Объектдан минглаб бўш капсулалар, қадоқлаш ускуналари, сохта галограмма ва штрих кодлар процессуал тартибда расмийлаштирилди.

Шунингдек, Самарқандда ҳам ноқонуний фаолият билан шуғулланаётган шахс фош этилди. 1998-йилда туғилган шахс, фармацевтика маҳсулотлари билан шуғулланувчи МЧЖ менежери, Қирғизистондан айланма йўллар орқали олиб келинган, таркибида психотроп моддалар мавжуд 9 800 дона дори воситасини 25 миллион сўм эвазига сотаётган вақтда ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Жиззахда яширин дорихонадан минглаб сохта дори воситалари аниқланди