21:50 / 03.03.2020
6 645

Қашқадарё прокурори ҳибсга олиниб, ертўлада қийноққа солинган

Қашқадарё прокурори ҳибсга олиниб, ертўлада қийноққа солинган
“Шайна” жиноий гуруҳи фаолияти 15 йиллар давом этиб келган. Заводда махсус йирик қувур ўрнатилиб, у орқали бензин конденсати қисқа вақт ичида керакли жиҳозларга тўлдириб олинган ва Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларига етказилган.

Шунингдек, “Шайна” жиноий тўдаси конденсатни қўшни Афғонистонга ҳам сотиб келган. Бу ишда табиийки, Шўртан газ раҳбарияти ҳам алоқадор бўлган.

Фарҳод Шаймановнинг айтишича, Шўртан газ заводидаги бу қинғирликлардан деярли бутун Қашқадарё аҳли хабардор бўлган. Ўша вақтда Бош вазир лавозимида бўлган Шавкат Мирзиёев йиллар давомида мустаҳкам илдиз отган жиноий тўдага барҳам бериш бўйича махсус топшириқ беради. Топшириқни бажариш вазифаси Фарҳод Шаймановга зиммасига юклатилган эди.

“Шайна” тўдаси прокурорнинг оиласига ва шахсий ҳаётига ҳам таҳдид қилади, уни машинада портлатиб юбориш билан қўрқитади. Фарҳод Шайманов шунга қарамасдан топшириқни Миллий хавфсизлик хизмати вакиллари билан ҳамкорликда муваффақиятли бажаради. Жиноий тўда шунчалар илдиз отиб кетгандики, улар ҳатто вилоят прокурорларига ҳам таъсир ўтказа олган. Шу сабабли ҳам, вилоят прокурори Шаймановга ишни ёпишни таклиф қилади. Бироқ, у таклифга кўнмайди. Аввалига 7 киши кейинчалик 67 нафар фуқаро “конденсат иши” бўйича жиноий жавобгарликка тортилади.

Шайманов йирик жиноий тўдани йўқ қилгач, унинг ҳаёти хавф остида қолади. “Тазйиқлар ортида жиноий тўда вакиллари ва Республика собиқ Бош прокурори турган”, дейди у. Шаймановдан ортиқ конденсат ишига аралашмаслик сўралади. Шунга қарамай унга тазйиқлар тугамайди. Фарҳод Шайманов Сурхондарё вилояти прокурори ўринбосари лавозимига ўтказилгач ҳам унга қарши провокация уюштиришга уринадилар.

Собиқ Бош прокурор Шаймановдан нега икки йил аввалги “конденсат иши”га аралашганини сўроқ қилиб, унга дўқ уради. Бу дўқ уришлар Шаймановнинг соғлигига жиддий таьсир қилади. У республика Бош прокуратураси биносининг ўзида иш вақтида инсультга чалинади ҳамда етти ойдан ортиқ касалхонада ўлим билан олишади.

Шайманов касалхонадалигида қонунга хилоф бўлса-да, уни ишдан олишади. Шаймановни Тошкент вилояти Зангиота тумани прокурори лавозимига ўтказади. У ерда ҳам узоқ фаолият юрита олмайди. Занги ота тумани прокуратурасида унга провокация уюштирилади.

Шаймановга туман прокуратураси дарвозаси олдида муқаддам 3 маротаба судланган ва прокуратуранинг нопок ходимлари билан тили бир фуқаро пора беришга уринади. Аммо бу провакация амалга ошмайди. Шайманов ўзига пора тиқиштиришга уринган шахс билан жанжаллашади, оқибатда пуллар узоққа отилиб кетади. Шундан сўнг улар Шаймановни куч билан машинага ўтқазиб, унинг чўнтагига пулларни зўрлик билан солишга уринади.

Шовқин-сўрон кўтарилиб, атрофда гувоҳлар кўпайгач, Шаймановни машинада Тошкент вилояти прокуратурасига олиб боради. У ерда прокурор Тоҳир Ҳусанов томонидан бўлган воқеаларнинг акси қоғозга туширилиб, Шаймановдан имзо қўйишни талаб қилишади.

Шайманов имзо чекишдан бош тортади ва воқеаларни борича ёзиб беради. Шундан сўнг у учун давомли қийноқлар бошланади, унга қамоқхонада даҳшатли азоб беришади.

Менинг тирноқларим орасига игна тиқишди, ертўлага олиб кириб калтаклашди, маҳбусларга дўппослатишди. Ҳар уч кунлик қийноқлардан сўнг, тонгда Тоҳир Ҳусанов келиб, мендан иқрор кўргазмасини талаб қиларди”, дейди Шайманов.

Мен ўлим билан олишдим. Ҳар уч кунлик қийноқлардан сўнг ҳушимдан кетган вақтларим бўлди. Тунда қамоқхона ертўласида оёқларим тагига сув тўлдирилган баклажкалар билан урган. Менга берилган шунча азоблар бошида ўзим аттестациядан ўтказган шогирдим Тоҳир Ҳусанов турган эди. У менга “Сени 10 та модда билан қаматиб, умрингни қамоқхонада чиритаман”, деб ўшқирар эди”, дейди Фарҳод Шайманов.

У айбига иқрор бўлмайди, айбдорлик қоғозига Шаймановнинг имзоси қўйилмайди. Шунга қарамасдан унга ҳукм ўқилади ва озодликдан маҳрум этилади.

У Бекободда ҳибсда бўлган вақтда “Шайна” жиноий тўдаси одамлари келиб, унга “жим юришни” уқтиришади. Шайманов бир йил-у, икки ой умрини қамоқхонада ўтказди. Амнистия билан озодликка чиқади.

2018 йил апрель ойида Шайманов оқланди. Бироқ, ҳозирда у оқланиш ҳақидаги бир парча қоғоздан бошқа ҳеч нарсага эга эмас. Унга келтирилган маънавий ва моддий зарарлар қопланмаган. Шайманов йўқотилган 10 йиллик фаолиятини тикланишини сўраб келмоқда.

Шайманов ҳозиргача Халқ қабулхоналарига тўрт юздан ортиқ хатлар, мурожаатлар жўнатиб, лавозимни тиклаб беришларини сўраб келмоқда. Ўз вақтида хавфли йирик жиноий гуруҳга барҳам бериб, жасорат кўрсатган прокурор ноҳақ жазоланиб, ҳибс ортига ташланди. У йўқотилган даврини қайтара оладими? Давлатга, халқига хиёнат қилмаган бўлса-да, жазоланиб, азобларга тортилган прокурорга бугун ҳукумат нима бера олади?..

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қашқадарё прокурори ҳибсга олиниб, ертўлада қийноққа солинган