
Фото: Иллюстратив сурат / Sputnik
Мустақилликнинг илк йиллариданоқ Ўзбекистон хорижий давлатларга арзон ишчи кучи етказиб берувчи давлатлардан бирига айланди. Турли маълумотларга қараганда, 3 миллиондан ортиқ ўзбекистонликлар, яъни мамлакат фуқароларининг 10 фоизи чет эл давлатларида доимий асосда ишлайди.
Йиллар бу жараённи янада тезлаштирмоқда. Авваллари МДҲ давлатларига ишга бориш билан чекланган ўзбекистонликлар бугунги кунда дунёнинг деярли ҳамма нуқтасида бор. Асосий йўналиш Россия бўлгани ҳолда Жанубий Корея, Қозоғистон, АҚШ, Европа ва Яқин Шарқ давлатлари сари отланаётганлар сони йилдан-йилга кўпаймоқда.
Одамларимизнинг чет элда ишлаётганлар топган пуллар тўғрисидаги эшитганлари оғиздан-оғизга кўчиб юради ва янги хоҳловчиларни пайдо қилаверади. Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар натижасини сезмаётган, тадбиркорликда бюрократик тўсиқларга енгилган ёки омади юришмаган, давлат ишида маош камлигидан рўзғор тебрата олмаётганлар хорижга йўл олаётганлар армиясини муттасил тўлдираверади.
Минг афсуски, телеканаллардаги ярқироқ лавҳаларда ёритилган иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар кўп ҳолларда пуч бўлиб чиқади, реал эҳтиёжни қопламайди, кўп йиллик қарсакбозлик анъаналари учунгина хизмат қилаётган бўлади. Табиийки, ҳар қандай маҳаллий иш берувчи билан таққослаганда хориж варианти жозибадор кўринаверади. Тилни, ўша давлатни билмаслик, таваккалчилик, алданиб қолиш ва ҳатто ҳаёт учун реал хавфлар ҳам бу истакни сўндира олмайди.
Бозор қонунияти шундай, талаб борми, албатта таклиф ҳам пайдо бўлади. Олдин халқ тилида «посредник» дейиладиган, амалда оғзаки келишувларга кўра одамларни иш билан таъминлаш эвазига маълум ҳақ олувчилар гуруҳи ишлаб келган (ва ишлаб келаётган) бўлса, сўнгги йилларда бунга қонуний тус беришга ҳаракат қилиниб, хусусий бандлик агентликлари фаолиятига рухсат берилди. Аммо жуда қисқа муддат ичида бир неча фирибгар вакиллари сабаб бу соҳа ўз номини қора қилишга улгурди.
Ўзбекистонда хусусий бандлик агентликлари фаолиятига 2018 йил кузидан бошлаб рухсат берилган эди. Шундан кейин ўтган бир йил давомида 66та агентлик фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш билан шуғулланиш учун лицензия олган. Улардан бир нечтаси фирибгарлик йўли билан кўплаб маблағни ўзлаштириб юборгани бўйича тергов олиб бориляпти.
«Human» агентлигидан жабрланган фуқаролар бўйича суд ишлари якунланиб, 21 млрд сўмдан ортиқ маблағ ҳукумат назорати остида махсус жамғарма орқали тўлаб ҳам берилди.
Шу ўринда савол туғилади, фирибгарлик қилганлар тегишли жазога тортилишар, аммо бу билан хорижга чиқишга ҳаракатлар тўхтаб қоладими? Асло йўқ.
Сабаблари аниқ ва оддий: аҳоли шиддат билан кўпайишда давом этмоқда, яратилаётган иш ўринлари етмайди, бори ҳам меҳнатга тўланувчи ҳақ жиҳатдан талабга жавоб бермайди, хориждаги бир кишининг омади юзлаб танишларига чақириқ бўлаверади.
Лекин шу ерда қизиқ бир жиҳат кўринади – хорижга йўл олмоқчи бўлганлар ўша ердаги меҳнат бозорида рақобатга кириша оладиларми? Хусусий бандлик агентликларига пул тўлаб куйиб қолганлар Германия, Чехия, Швейцария ва ҳатто АҚШга бориш ниятида шартнома тузганлари, энди эса алданиб қолганларини таъкидлашади. Аммо уларнинг мутлақ кўпчилиги ҳатто Россияга ҳам бормаган, хорижий тилларни билмайди, ривожланган давлатлар меҳнат бозори талабига мос келувчи малакага эга эмас, қўлида уёқда иш бериши аниқ бўлган ҳунари йўқ. Қисқача қилиб айтганда, ҳатто омад келиб, жўнаб кетилганда ҳам ҳаммаси таваккалчиликка асосланади.
Баҳсларга сабаб бўладиган масала шундаки, кўп йиллардан буён мигрантлар масаласига кўз юмиб келинди. Гўёки улар йўқдай. Бу ҳақда расман гап очилганда ҳам ижобий баҳо берилмади. Аммо уларнинг иқтисоддаги салмоғи йилдан-йилга ошиб бораверди, хорижий инвестиция деган тушунча унутилиб кетаёзган йилларда ҳам миллиардлар барқарор келиб турди ва энг муаммоли ҳудуд бўлган қишлоқларда тарангликни пасайтирди.
Давлат юқори марраларни кўзларкан, мигрантлар вақтинчалик ҳолат деб қаради. Аммо чорак асрдан кўпроқ вақт ўтдики, ўзбек миграцияси фақат кучайиш тенденциясини сақлаб турибди.
Нима қилмоқ керак?
Баландпарвоз гаплардан кечиб, бу жараённинг иқтисод ва ижтимоий ҳаётдаги ўрнини тан олиб, атрофлича тадқиқ қилиб, тартибга солиш ва бундан барча учун фойдали бўлиши чораларини излаш лозим. Миграция фақат Ўзбекистоннинг бошига тушмаган. Жуда кўплаб давлатлар миграция оқимини ҳис қилган заҳоти уни ўз ҳолига ташлаб қўймай, тўғри йўлга солиш чораларини кўрган. Туркия, Мексика ва Украина каби давлатлар бу босқичдан ўтишган бўлса, Осиёнинг ривожланаётган давлатлари айни қизғин паллада ҳозир.
Албатта, йирик бир давлатнинг арзон ишчи кучи экспортчиси, миграция манбаси сифатида кўрилишини тан олиш, ҳазм қилиш қийин. Аммо ўтган ўнлаб йиллар кўрсатяптики, ўзгаришлар ҳали узоқда. Шундай пайтда «узоқдаги қуйруқдан яқиндаги ўпка дуруст» деган мақолга амал қилмоқ яхши. Хусусан:
1. Юртдошларимиз энг кўп жўнаётган Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея каби давлатларда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг юзлаб ваколатхоналарини очиб ташлаш, уларнинг ҳар бири қоғозда эмас, амалда ишлашини таъминлаш зарур;
2. Бу ваколатхоналар ҳар бир ҳудудда ўзбекистонлик мигрант учун мос келувчи иш ўринлари, белгиланган маош миқдорини махсус сайтлар орқали реал вақт режимида кўрсатиб бориши керак;
3. Ваколатхоналар мигрантларнинг дастлабки ойлардаги мослашув жараёнини назорат қилиши, қийин вазиятга тушиб қолганларга элчихонани кутмай ёрдам бериш механизмини йўлга қўйиш лозим;
4. Дастлабки йилларда мигрантларга чипта, суғурта, ҳужжатлаштириш жараёнида давлат субсидиясини беришни йўлга қўйиш зарур. Агар бу бюджетга малол келса, кредитлаштириш усулидан фойдаланиш мумкин. Фақат бу ҳаракатлар олдингидек оз миқдорда, номига амалга оширилмаслиги, бюрократияга ўралашиб қолмаслиги керак;
5. Энг муҳими – мигрантлардан келадиган маблағ фақат тўй, автомобиль каби юзаки эҳтиёжларга сингиб кетаверишининг олдини олиб, уларни узоқ муддатли ва келажакка хизмат қиладиган йўналишларга сарфлаш маданиятини шакллантириш шарт. Бунинг учун мигрантларга мужбурлаш услуби билан эмас, фойдали жиҳатлари билан жалб қилиш услубини қўллаш зарур. Масалан, муҳожирлар учун уй-жой дастури яхши мисол бўла олади. Бу каби дастурларни ер майдони, акциялар, облигациялар каби даромад келтирувчи манбаларга қаратиш мумкин.
Мигрантлар, умуман муҳожирлик Ўзбекистон ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Буни рад этишнинг асло иложи йўқ, фақат тўғри йўлга солиш орқали жамиятга фойда келтиришни ўйлаш вақти аллақачон келган.
Аброр Зоҳидов.
Муаллиф фикри таҳририят фикрини англатмайди «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар