18:13 / 17.03.2020
3 546

Коронавирус: Кекса қариндошларни қандай эҳтиётлаш керак?

Коронавирус: Кекса қариндошларни қандай эҳтиётлаш керак?
Ёш — коронавирус касаллиги келтириб чиқарадиган ўлимга таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан бири. Covid-19 вируси илк бора аниқланган Хитойда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатадики: одам қанчалик кекса ёшда бўлса, унинг учун коронавирус шунчалик хавфли бўлади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, коронавирусдан ўлим даражаси ўртача 4 фоиз атрофида. Аммо бу рақамни Covid-19'дан ўлим топиш эҳтимоли сифатида тушунмаслик керак. Хитойлик экспертлар хулосасига кўра, 80 ёшдан ошган одамлар орасида ўлим даражаси 14,8 фоиз, 10дан 39 ёшгача бўлганлар орасида эса 0,4 фоизни ташкил этган.

Сўнгги маълумотларга кўра, коронавирус пандемияси жаҳоннинг 150дан ортиқ мамлакатини қамраб олди. 17 март ҳолатига кўра, бутун дунёда 183 мингдан ортиқ бемор қайд этилган, уларнинг 79 мингдан ортиғи тузалиб кетган, 7175 киши вафот этган. Ўлимларнинг асосий қисми Хитой (3226), Италия (2158) ва Эрон (853) ҳиссасига тўғри келмоқда.
Бундан ташқари, мутахассисларнинг таъкидлашича, вирусни юқтириб олганларнинг аксарияти касалликни енгил шаклда ўтказиб, шифохонага мурожаат қилмайди ва қайд этилмайди.

Шу сабабли юқтирганлар ва ўлим нисбати бир неча баравар кам бўлиши мумкин. Масалан, Британия ҳукумати мутахассислари янги коронавирусдан ўлим даражаси ўртача 1 фоизни ташкил қилишини тахмин қилишган.

Аммо кекса одамлар учун хавф барибир юқори. Хўш, кекса одамлар ва уларнинг қариндошлари қандай чораларни кўришлари керак?

Ниқоблар ва ўз-ўзини даволашми? Йўқ!
«Аввало, ваҳимага тушманг, вазиятга нисбатан хотиржам муносабатда бўлинг. Нималар тавсия қилинади? Масалан, биз вирусга қарши дори қабул қилиш каби чораларни кўрамиз. Биз бундай чораларни ҳар йили қабул қиламиз. Кейин, агар бирор нарса рўй берса, ниқоблардан фойдаланамиз. Аммо ҳаёт ҳозирча ҳеч қандай ўзгаришсиз», дейди москвалик кекса ёшли Екатерина Би-би-сининг рус хизматига.

У болалар майдончаси яқинида туриб, бошқа болалар билан ўйнаётган ва тепага кўтарилишга ҳаракат қилаётган, кейин эса югуриб келиб унинг қўлини ушлаб турган кичкина болага қарайди.
У таъкидлаган ҳар иккала чора-тадбирнинг самарадорлигига мутахассислар жуда жиддий шубҳа билан қарашмоқда.

Россияда одатда умифеновир фаол моддасини ўз ичига олган дорилар вирусга қарши препаратлар деб аталади. Уларга «Арбидол» ва унинг муқобиллари кириши мумкин — бу дори коронавирусни даволаш бўйича Хитой ҳукуматининг расмий тавсияларида пайдо бўлган.
Бироқ, ушбу препаратнинг самарадорлиги ва хавфсизлиги халқаро стандартларга мувофиқ ўтказилган тадқиқотлар билан тасдиқланмаган.

Мутахассислар, шунингдек, ниқобларнинг ҳаво томчилари орқали юқувчи вируслардан ҳимоя қилиш қобилиятига шубҳа билан қарашади. Бундан ташқари, ҳозирда дорихоналардан уларни топиш осон иш эмас.

Изоляциями? Ҳа! Аммо...
Би-би-си Лондоннинг Сент-Жорж университети вирусологи ва профессори доктор Элизабет Гроппеллидан кекса ёшдаги нисбатан заифроқ инсонларни қандай ҳимоя қилиш кераклиги ҳақида сўради.

«Оддий бир қоида мавжуд: агар сиз 65 ёшдан ошган бўлсангиз, уйда қолинг, — дейди Гроппелли. — Ўзингизни ҳимоя қилишнинг асосий усуллари — бошқа одамлар билан яқин алоқаларни чеклаш ва мулоқот пайтида масофани сақлаш».

Коронавирус икки усулда юқади: одамдан одамга ёки юзалар билан алоқа қилиш орқали. Гроппеллининг айтишича, одатда одамлар жамоат жойларидаги турли сиртларга қанчалик тез-тез тегинишлари ҳақида фикр юритишмайди

Вирусологнинг фикрига кўра, ҳозирда энг муҳими буни пайқашни бошлаш ва ўзингизни тез-тез сўроққа тутишдир: супермаркетга ёки банкка боришим ҳақиқатан ҳам зарурми?

«Менга Италиядан мунтазам равишда суратлар юборишмоқда. У ердаги супермаркетларда шу каби эълонлар илинган: агар сиз 65 ёшдан ошган бўлсангиз, уйда қолинг, бизга қўнғироқ қилинг — сизга керакли озиқ-овқат бизнинг кўнгиллилар томонидан етказиб берилади». Бу исталган жойда пайдо бўлиши мумкин. Кўнгиллилар айнан Италиядаги вазият туфайли шу ишга қўл уришмоқда», дейди Гроппелли.

Шарқий Европанинг бошқа мамлакатларида ҳам ёлғиз кексаларга ғамхўрлик қиладиган хайрия ташкилотлари ва кўнгилли гуруҳлар пайдо бўлган. Ушбу янги вазиятда улар ўзлари инфекциянинг ташувчиси бўлиб қолмасликлари учун қўшимча эҳтиёт чораларини кўришлари етарли

Қандай қилиб юқтирмаслик мумкин?
«Бизда коронавирусдан вакцина ёки дори йўқ. Ҳозир қарияларга ғамхўрлик қилиш жуда муҳимдир. Биз уларга юқтирмаслигимиз керак. Эҳтиёт чораларини кўриш керак, аммо ваҳима ёки паранойяга тушишга арзимайди», дея эслатади доктор Гроппелли.

Кекса ёшдаги қариндошларни зиёрат қилишдан олдин, ўзингизга иккита савол беринг:
- Менда ҳарорат (37,5 ёки ундан юқори) борми?
- Менда қуруқ йўтал борми?

«Аммо ёдда сақланг: изоляция уйда қулфланиб олиб, кўчага чиқмаслик дегани эмас. Бу деганики, нима қилаётганимиз ҳақида доимо ўйлашимиз керак», дея хулоса қилади эксперт.

АҚШ касалликларни назорат қилиш ва профилактика марказлари қарияларнинг қариндошлари учун қўшимча маслаҳатлар беради:
- яқинларингиз қандай дори-дармонларни қабул қилаётганини билиб олинг ва агар керак бўлса, уларга ушбу дори-дармонларни олишга ёрдам бериш имкониятингизни аниқлаштиринг;
- яқинларингизнинг озиқ-овқатлари етарлича бўлишига ишонч ҳосил қилинг;
- кекса одамларнинг харид мақсадида ташқарига чиқишларини минималлаштириш учун тез бузилмайдиган маҳсулотларни сотиб олиш керак;
- ўзида шамоллаш аломатларини сезган кишилар кекса яқинлари зиёратидан тийилишлари керак.

Кексалар билан бир оилада яшовчилар нима қилиши керак?
Анъанавий жамиятимизда кекса одамлар одатда болалари ва неваралари билан бирга яшашади. Бу каби ҳолатда албатта, алоқага киришишнинг олдини олиш мумкин эмас, лекин баъзи бир йўллар билан хавфни камайтиришга ҳаракат қилиш мумкин.

Италиянинг La Repubblica газетаси шу ҳафта мутахассислар томонидан уйда Covid-19 вирусини юқтирган одам бўлганда ўзини қандай тутиш бўйича тавсиялар рўйхатини тузди. Ушбу тавсияларнинг баъзилари қариндошларидан бири айниқса ҳимояга муҳтож бўлган вазиятларда жуда қўл келади.

Улар орасида, масалан, заиф яқинингизга алоҳида ва яхши шамоллатиладиган хонани тақдим этиш, у билан суҳбатлашиш чоғида тиббий ниқоб кийиш, шунингдек, оила аъзолари тегинадиган барча сиртларни кунига камида бир марта дезинфекциялаш бўйича тавсияларни учратамиз.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Коронавирус: Кекса қариндошларни қандай эҳтиётлаш керак?