19:50 / 02.05.2020
3 687

Қуллик психологияси

Қуллик психологияси
Эпиграф: Бугун “Қуллик психологияси” ҳақида ёзмоқчиман. Ёзмасам бўлмайди, акс ҳолда кеч бўлади. Яна ўша миямга ёғилиб келаётган саволлар менга тинчлик бермаяпти. Уларни жавобларини Сизларга ҳавола қиламан.

Савол: Қул – нима дегани?
Жавоб: Барча ҳақ-ҳуқуқлардан маҳрум, бировга қарам ва фақат қорни учун яшайдиган одамга қул деб айтилади.

Савол: Қуллик қачон авж олган ва қайси давлатларда қуллик ривожланган?
Жавоб: Қайси давлат империя ярата олган бўлса, ўша давлатда қуллар кўп бўлган. Масалан, Рим империясини олинг. Тарихий асарларда кўп ўқигансиз, киноларда қуйидаги манзарани кўп кўргансиз: Римликлар – шоҳона яшаган, босиб олинган бошқа давлатлар халқи қул қилиб Рим империяси ҳудудига олиб келинган. Ҳар бир римлик хонадонида қанчадан қул хизмат қилганини кўпчилик билади.

Савол: Қулда ҳуқуқ бўлганми? Қулнинг асосий вазифаси нимадан иборат?
Жавоб: Албатта йўқ! Қулда ҳеч қандай ҳуқуқ бўлмайди. Агар бўлганида “Қул” деган иборага тўғри келмасди. Қулнинг асосий вазифаси – бу хўжайинга тобелик ва сўзсиз итоат қилиш.

Савол: Қул фикрлайдими? Унинг миясига қандай фикрлар келади?
Жавоб: Ҳа фикрлайди! Унинг миясига фақат қуйидаги 3 та фикр келади: “Мен тобеман!", "Мен итоат қилишим керак!”, “Мен оч эмасман!”. Лекин қул қўлини ишлатишни маъқул кўради, миясини эмас.

Савол: Қулни ҳақорат қилишса, у нега жим?
Жавоб: Чунки унинг ботиний онгига “Сен қулсан ва ҳақоратга маҳкумсан!. Сен қулсан ва ҳақоратга маҳкумсан! Сен қулсан ва ҳақоратга маҳкумсан!" деган ғоя сингдирилади. Буни ким сингдиради? Дастлаб мустабид тузум сингдиради, сўнгра ўзиникилар сингдиради.

Савол: Қулда виждон борми?
Жавоб: Бор! Бироқ унинг виждони қўрқоқлик зиндонида занжирбанд бўлган. Бу виждон дастлаб туғён уради, сўнгра битта дўқ-пўписадаёқ инига кириб кетади ва алал-оқибат фиғонга айланади.

Савол: Қул қулни яхши кўрадими?
Жавоб: Йўқ! Қул қулни ёмон кўради. Қул фақат хўжайинни яхши кўради. Қул Хўжайин қанча таҳқирласа, у ундан шунчалик фахрланиб яшайди. Бунинг оқибатида хўжайинга тобелик ва итоаткорлик баттар авж олади ва ҳатто фарзандлари генига ўтади.

Савол: Қулнинг хўжайини вафот этса нима бўлади? Қул озод бўладими?
Жавоб: Йўқ! Озод бўлмайди, аксинча озор чекади. Керак бўлса уни қул қилган ўша одамнинг ҳайкалига бориб сиғинади, деворга осиғлиқ портретини ўпади ва ҳ.к. Қул ҳатто Хўжайинни ўлигига сиғинади. У шунинг учун ҳам қул-да! Акс ҳолда у Ҳур бўлган бўлур эди. Қул билан Ҳурни фарқи ана шунда. Афсуски, қуллар психологияси шунақа...

Савол: Нега?! Ахир қул ҳам инсон-ку?
Жавоб: Қул инсон эмас, у онги қирқилган одам. Менимча, ҳатто у одам ҳам эмас, балки одам кўринишидаги жонли мавжудот. Қул – қўл меҳнатига ўргатилган жонли мавжудот.

Савол: Ахир унинг онгги борку? Ҳайвонда онг бўлмайди, инсонда онг бўлади, дейишади-ку?
Жавоб: ХХ асрнинг худди мана шу даврида буюк нейрофизиолог Иван Петрович Павлов (1849-1936) яшаб ўтган. Уни ҳар бир юқори синф ўқувчиси билади. И.П. Павлов Октябрь инқилобидан қаттиқ ранжиб шундай деб ёзган: “Эти русские ничего не умеют кроме того, чтобы убивать друг-друга... Что за это революция, даже на улице собак невозможно найти” деб хитоб қилган. Бу руслар китоб ўқимайди ва милтиқ ушлаб бир-бирини отишни билади, холос. Шу боис олим тадқиқотлар натижасини фақат Европа журналларида чоп қилдирган. Павлов ҳатто Нобел мукофоти унга берилишидан бехабар бўлган. Итларни сўлагини оқизиб Олий руҳий функцияларни ўрганиш ҳеч қайси олимнинг хаёлига келмаган оламшумул кашфиёт эди.

Савол: Қуллик билан академик Павлов ишлари орасида қандай боғлиқлик бор?
Жавоб: Боғлиқлик бор. Павловга Нобел мукофоти бериш учун урушдан хонавайрон бўлиб ётган оч ва ёвуз Россияга келган швециялик олимлар унга қуйидаги саволни беришади: Одам ҳайвондан нимаси билан фарқ қилади? Кучугига суяк бериб ўтирган Иван Петрович бамайлихотир бу саволга бир сўз билан қуйидаги жавобни берди: “Речью”. Демак, одам ҳайвондан нутқи билан фарқ қилади, дегани. Бу жавоб Нобел қўмитасидан келганларни қониқтирмайди.
- Ҳа, майли, Павлов ҳазиллашди шекилли, деб улар (адашмасам 3 та олим) Швецияга қайтиб кетишади.
- Хўш Павлов нима деди? Одам ҳайвондан нимаси билан фарқ қиларкан, деб сўрайди, Швецияда Нобел комитети раҳбарлари.
- Ҳа, сўрадик. Павлов “нутқи билан” деб жавоб берди, холос. – Бошқа, ҳеч нарса демадими?
– Йўқ.
Тўғри, ахир ҳайвонлар гапирмайди-ку, одам эса гапиради. Ҳақиқатдан ҳам нутқ – одамни ҳайвондан фарқлаб турувчи асосий омил. Онгчи? Онг – нутқ орқасидан пайдо бўлган иккиламчи феномен. Демак, нутқ бўлмаса, онг ҳам бўлмайди. Шунинг учун ҳайвонда онг йўқ.

Савол: Павловни мисол келтиришимни иккинчи сабаби нима?
Жавоб: Итни сўлагини оқизиб, яъни ошқозон орқали бош мия функциясини ўрганиши! Руслар мендан хафа бўлишмасин-у, Ғарбликлар: Россияда илм деса, биз фақат Павловни тушунамиз дейишган. Бу хокисор олимни Европа тан олиб Нобел мукофоти бермагунча, Инқилобий Россия унга эътибор ҳам қилмаган.

Савол: Қуллик – бу шартсиз рефлекс деганими?
Жавоб: Ҳа! Айнан шундай! Онгсиз равишда бошқариладиган рефлексга шартсиз рефлекс дейилади. Қул – ўз ҳўжайини айтганини ҳеч қандай шартсиз шартта-шартта бажарадиган одам. Хўжайин қулга шарт қўяди, қул эса унга шарт қўя олмайди. Қўйса калласи кетади.

Савол: Ошқозон билан мия нега мисол қилиб келтирилди?
Жавоб: Чунки қул фақат ошқозони учун мияни ишлатади, Ҳур эса миясини ишлатиш учун ошқозондан фойдаланади. Қул билан Ҳурни фарқи ана шунда. Қул фикрламайди, ўйламайди ва куймайди.

Савол: Бугунги кун қули қадимги қулдан нимаси билан фарқ қилади?
Жавоб: Бугунги давр қулининг қадимги давр қулидан фарқи шундаки, у ўзини қул деб ўйламайди ёки қуллигини ўзи билмайди. Яна бир фарқи – бугунги қул турли касб эгаси: сиёсатчи, депутат, ректор, ҳоким, шоир, журналист, ёзувчи ва ҳ.к. Қайсидир касбни санаб ўтмаган бўлсам, мендан хафа бўлишмасин. Бу қуллар турли касб ва лавозимлар эгаси бўлишидан қатъий назар уларни бирлаштириб турадиган битта нарса бор. У ҳам бўлса – сўзсиз тобелик ва итоаткорлик. Юқорида айтганимдек, қул ўз фикрига эга эмас.

Савол: Нега энди? Ўз фикрига эга-ку? Ахир депутат ва сиёстачиларнинг фикри бор-ку?
Жавоб: Йўқ! Нутқ дегани, фикр дегани эмас. Бугунги сиёсатчи ва депутат нутқи ҳеч кимга зиён бермайдиган, сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган ва тепани фикрини сўзсиз маъқуллайдиган маддоҳликка бурканган нутқ, холос. Бу фикр эмас, бу оғиздан чиққан нутққа ўхшаш товуш! Бу нутқнинг бир тийинга қимматлигини қулнинг ўзи ҳам билади. Ниманидир ўзгартирувчи инсон нутқига фикр дейилади. Масалан, депутат – Ҳукуматга мухолиф дегани. Буни оддий талаба ҳам билади. Депутатнинг мустақил фикри бўлиши керак. Депутат-қул нима қилади? Президент нима деса, Бош Вазир нима деса, шуни маъқуллаб ўтираверади. Чунки у Қул. Фикрни қули. У – қўрқоқ. У – субутсиз! У – эътиқодсиз биологик балласт, холос.

Савол: Оммавий қуллик ҳам бўладими?
Жавоб: Бўлгандаям қандоқ! Энг даҳшатлиси – бу оммавий қуллик! Буюк психоаналитик Карл Густав Юнг ХХ асрнинг 30-йилларида “Оммавий онгсизлик” деган таълимот яратди. Бу таълимотни чуқур таҳлил қиладиган бўлсак, бутун бир бошли миллат қандай қилиб қулга айланиб қолишини тагига етасиз. Буни тасаввур қилишнинг ўзи даҳшат!

Савол: Оммавий онгизлик – бу ёмон иллатми?
Жавоб: Оммавий онгсизлик – ўта хавфли иллат бўлиб, ҳар қандай улуғ Давлат ва жамиятни катта жар ёқасига олиб келиб қўяди ва бутун бошли миллат ўша жарликка қулаганини ўзи билмай қолади.

Савол: Оммавий тарздаги қуллик аломатлари қандай намоён бўлади?
Жавоб: Оммавий қуллик биринчи навбатда оммавий тарзда шахсга сиғиниш билан намоён бўлади. Шоҳ буни хоҳламаса-да, ҳатто ундай қилманглар деса-да, унга сиғинаверади, унга тобелигини қайта-қайта исбот қилишга уринаверади. Чунки қуллик унинг ботиний онгига сингиб кетган. Ҳар қандай қул, албатта, сотқин бўлади. Астма касаллиги учун нафас етишмаслиги қандай хос бўлса, қуллик учун сотқинлик шундай хос. Сардоба сув омбори билан бўлган воқеа бунга мисол. Уни қурган бир-иккита қулларча фикрлайдиган амалдорлар Президентга хиёнат қилди ва халқнинг шунча пулини кўкка совурди. Энди уни тиклаш учун астрономик маблағ керак. Қанча одамларни уйи вайрон бўлди, қанча экинзорлар пайҳон бўлди. Буни тасаввур қилиб бўладими? Мана Сизга сотқинликни оқибати. Сотқинлик ва қўрқоқлик – бу қулликнинг асосий атрибутлари. Қул Шоҳни ҳам сотади, халқини ҳам сотади ва хиёнаткор бўлади.

Савол: Қул қайси тилда гапиради?
Жавоб: Қул уни қул қилган миллат тилида гапиради. У шу даражада қўрқоқ-ки, ҳали тили чиқмаган боласи билан ҳам уни қул қилган ажнабий тилда гапиради. Бу билан у фахрланади ҳам.

Савол: Қандай қилиб ўз уйида ўзга тилда сўзлашиб яна фахрланиш мумкин?
Жавоб: Мумкин. Юқорида айтдим-ку, қул – бу онги ўғирланган жонзот, деб. Бу ҳали ҳолва! Чунки, қул уни мустабид қилганлар тилида сўзлаб фахрланса, ўз тилида сўзлагандан қаҳри чиқади ва ундан йироқ юришга интилади. Бир кўз олдингизга келтиринг: Қул уйида ҳам, ишда ҳам, кўчада ҳам, туғруқхонада ҳам, мажлисда ҳам, кафедрасида ҳам уни қул қилган, бобо ва бувиларини не куйга солганлар тилида гапиради. Бу ҳам етмагандек, қўл остида ишлайдиганлар ҳам унга тақлид қилиб, унга маддоҳлик қилиб, унга лаганбардорлик қилиб ўша Қул-раҳбар тилида сўзлайди.

Савол: Оммавий қулликдан қандай қутулиш мумкин? Спартак керак-ми?
Жавоб: Йўқ! Оммавий қулликдан қутулиш учун Спартак қўзғолони керак эмас! Оммавий тартибсизлар ҳам керак эмас! Менимча бу жуда оддий! Қулларни ишдан ҳайдаб, уларнинг ўрнига ҳақиқий миллатсевар, илмли ва зиёли ёшларни олиб келиш керак. ОАВ ҳадеб маддоҳлик қилавермаслиги керак!Танқидни хиёнат деб эмас, маддоҳликни хиёнат деб билиш керак!

Савол: Қулликдан бизни нима қутқаради?
Жавоб: Ҳақиқат қутқаради. Фақат ҳақиқат!

Савол: Ҳақиқатни нима юзага чиқаради?
Жавоб: Оммавий-ахборот воситалари! Айнан ТВ да айтиладиган ҳақиқат! Айнан “Ахборот”, “Ўзбекистон 24”, “Uzreport” ва бошқа расмий каналлар ҳақиқий вазиятни, ҳар бир порахўрликни, ҳар бир ютуқни холисона ёритиши керак. Ижтимоий тармоқларда айтилаётган ҳақиқатлар, афсуски, ёрдам бермаяпти. Расмий каналларда оддий одамдан тортиб Ҳукумат қароригача хатоларни кўрсатавериш керак. Бу билан Президентни обрўси тушиб қолмайди. Аксинча ошади. Президент ҳар бир ўзбекистонликнинг дилига кириб боради, уни тилда эмас, дилдан севадиган бўлишади. Давлат раҳбарини ўраб олган Маддоҳлар даф бўлади. Шунинг учун ҳам ОАВ – тўртинчи ҳокимият деб ном олган.

Барчага ҳурмат ва эҳтиром ила

Профессор Зарифбой Ибодуллаев
02.05.2020 йил

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қуллик психологияси