20:53 / 01.07.2020
6 037

“Менинг исмим Гуля...”

“Менинг исмим Гуля...”
“Aссалому алайкум!
Исмингиз нима?”

Турли вазият, турли тилларда янграйдиган бу саволга, табиийки, жавоблар ҳам турлича бўлади:

Биринчи ҳолат:
– Исмингиз нима?
– Исмим Фарҳод.
– Русчасига Федя бўладими?
– Русчасига ҳам Фарҳод бўлади!

Иккинчи ҳолат:
– Исмингиз нима?
– Мафтуна. Сиз Маша дейишингиз мумкин.

Учинчи ҳолат:
– Исмингиз нима?
– Гуля.
– Гул… нозами, Гулнорами, Гулшанми?
– Ўзбек тилида гапиряпман, шекилли, тушунмадингизми? Гул-я, и всё!

Негадир русийзабон одамлар билан танишганимизда исмимизни уларга “қулайлаштириб” берамиз. Ўзимиз эса, ҳар қанча тилимизга ёт бўлмасин, исталган миллат вакилининг исмини хатосиз талаффуз қиламиз.

Нега?
Бошқа тилдаги исмларни айнан талаффуз қилиш фазилатдир, ўз она тилидаги исмни ўзгартиш-чи?

Бугун исмингизни бошқалар айтиши учун осонлаштириб ўзгартириб бердингиз, эртага тилингизни, индинга уйингизни ўзга халқ вакиллари дидига мослаб берасиз, кейин-чи?

Нега биз Уолтерни Валтер деб қўя қолмадик? Нега Тҳокурни Тоҳиржон демаймиз? Нима учун Жоаннани Жаннатой деб чақирмаймиз?

Чунки биз – ўзбеклар барча миллатни ҳурмат қиламиз, уларнинг исмини ҳам бузиб талаффуз қилмаймиз. Муаммо шундаки, энди уларни ҳам бизни ҳурмат қилишга ўргатишимиз керак.

Исмингиз Дилдорами, қийналиб бўлса ҳам, бир-икки марта Дилдора дейишсин, учинчи мартадан ўрганиб олишади…

Кейин эса урф-одатларингизни, ўзбекона удумларни ҳам ҳурмат қилишни бошлайди. Керак бўлса, ўзбек тилида бинойидек гапиришни ҳам ўрганиб олади. Балки, тилимиз дунё тилларидан бирига айланиб кетса ҳам, ажаб эмас.

Ота-оналаримиз эзгу ниятлар билан чиройли исмлар танлайдилар. Уларнинг орзуларини менсимасликка бизнинг ҳаққимиз йўқ, бошқаларга ҳам исмимизни камситиб қўймаслигимиз керак.

Исмларимизни турли хил шаклда қисқартиришларига, ўзгартиришларига эса доим бир сўз билан жавоб берсак, тўғри бўлади: “ЙЎҚ!!!”

Буни қарангки, шу қисқартиришларнинг ўзи ҳам юртимизнинг турли ҳудудларида турлича экан. Масалан, Нилуфар Хоразмда Нилли, Тошкентда Нилу, Бухорода Нили ёки Нилиш яна қаерлардадир НИМAЛAРДИР бўлар экан… Лекин ҳеч бири ота-онаси суйиб-эркалаб қўйган Нилуфар номининг ўрнини боса олмаслиги аниқ.

Келинг, турли вилоятда турлича қисқартириб, турли тилда турлича ўзгартирмайлик-да, ота-онамиз, бобо-бувиларимиз қўйган исмларни она тилимизнинг бир парчаси сифатида эъзозлайлик.

Ўзбек учун ҳеч бир тил ўзбек тилидай азиз бўлмаганидек, исми ҳам ҳеч бир ёт тилда ўзбек тилидагидай жарангламайди.
Танишиб қўяйлик, менинг исмим русчасига ҳам, инглизчасига ҳам, испанчасига ҳам, қўйингки, хитойчадаям ОЙНИСA,
Сизники-чи?

Ойниса Ҳожиева

Манба: Azon.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » “Менинг исмим Гуля...”