15:43 / 03.07.2020
787

Давлат хизмати фақат мажбуриятлардан иборатми?

Давлат хизмати фақат мажбуриятлардан иборатми?
2020 йил 22 майдан 6 июнга қадар муҳокамага қўйилган ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинган эди (https://regulation.gov.uz/uz/document/18047). Кўпгина қонун лойиҳаларида бўлгани каби мазкур қонун лойиҳасида ҳам айрим баҳсли масалалар, номувофиқликлар мавжуд. Мазкур қонун лойиҳаси таҳлилига ўтишдан аввал қонун лойиҳасининг аҳамияти ҳақида қисқача тўхталиб ўтиш ўринлидир.

Аввало шуни таъкидлаш жоизки, давлат хизматига оид шу пайтга қадар ҳам бир неча қонун лойиҳалари ишлаб чиқилган, бироқ Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин ҳали бирор марта ҳам давлат хизмати тўғрисида ягона қонун қабул қилинмаган. Албатта буни ижобий ҳолат деб айтиш қийин. Зеро, барча ривожланган давлатларда давлат хизматига оид у ёки бу маънода ягона қонунлар мавжуд.

Ривожланган давлатлар, жумладан Япония тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, давлат хизмати тўғрисидаги қонуннинг асосий мақсад-муддаоси бу – давлат хизматчиларини ҳақиқий маънода фақат давлатга ёки бошқача қилиб айтганда халққа хизмат қилишига оид кафолатлар ва хизмат муносабатлари механизмини ўрнатишда намоён бўлади. Шунга кўра, давлат хизматчиси ўз раҳбарининг хизматчиси эмас, балки давлат, халқнинг хизматчиси эканлигини англайди. Мана шу ғоя қонуннинг асосий муддаосини акс эттиради.

Давлат хизматига кириш, лавозим бўйича ўсиш, турли рағбатлантиришлар, ротация, хизматдан бўшаш ёки тугатилиши, интизомий жавобгарлик ва бошқа қоидаларни белгилаш асосида энг муҳим масала давлат хизматчисининг бевосита раҳбарига бўлган тобе ва қарамлигидан ҳимоя қилиш, ўз хизмат вазифаларини виждонан, ҳалол ва халқ манфаати йўлида чин кўнгилдан бажаришига тўсқинлик қилмайдиган ҳуқуқий механизмларни ўрнатиш акс этади.

Ўзбекистон Республикасида давлат хизматининг ҳуқуқий асослари Конституция ва кўплаб қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 2-моддасида “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар” деб ўрнатиб қўйилган. Бундан ташқари, Конституциянинг 7-моддасида “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир. Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилади” деб ўрнатиб қўйилган.

Хўш, давлат органларидаги хизматчилар ва мансабдор шахслар Конституцияда ўрнатиб қўйилгани каби фақат “халқ иродасини ифода этиб”, “халқ манфаатларини кўзлаб” фаолият юрита олиши учун қандай ҳуқуқий кафолатларга эга бўлиши керак деган ўринли савол юзага келади.
Ушбу саволга жавобни ривожланган хорижий давлатлар, жумладан Япония тажрибаси таҳлилига назар асосида кўриб чиқамиз.

Японияда давлат хизмати Иккинчи жаҳон урушидан аввал ва ундан кейинги даврда жуда ҳам катта фарқга эга бўлган. Япониянинг Сэншу Университети профессори Harayama Kazuho бу ҳақда қуйидаги фикрларни билдиради. Япониянинг урушдан аввалги тарихида давлатга хизмат қилувчи (ишловчи) шахслар икки тоифага, мансабдор шахслар - “канши” ва “бошқалар” (яъни мансабдор шахс бўлмаганлар) га ажратилган. “Канши” давлат билан махсус оммавий-ҳуқуқий ҳокимият муносабатларига киришадиган шахс бўлиб, император ва унинг ҳукумати олдида масъул, ҳисобдор бўлган, алоҳида ҳуқуқларга эга бюрократик тизим (ташкилот) сифатида намоён бўлган.

Бундан фарқли ўлароқ, мансабдор шахс тоифасига кирмайдиган бошқа хизматчилар давлат билан хусусий ҳуқуқ асосидаги меҳнат шартномавий муносабатга киришиб, “канши”лар қўл остида, уларга бўйсунадиган ҳолда турли хизмат вазифаларини бажарадиган шахслар бўлиб ҳисобланган. Аммо “канши” ва “канши”га мансуб бўлмаган хизматчилар тўғрисида ягона қонун ҳужжати мавжуд бўлмай, жуда мураккаб ҳуқуқий тизим асосида фаолият олиб борилган.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, Японияда давлат хизматчилари тизими Япония Конституциясининг 15-моддаси 2-қисмига асосан давлатнинг барча мансабдор шахслари жамиятнинг маълум бир қисми эмас, балки бутун жамиятнинг хизматчилари бўлиб ҳисобланиши белгилаб қўйилди. Шунга мувофиқ, давлатнинг марказий ҳамда жойлардаги барча органлари, ташкилот, муассасаларида ишловчиларнинг барчасини ягона ном билан “давлат хизматчиси” деб эътироф этила бошланди ҳамда давлат хизматчилари “Давлат (марказий) хизматчиси тўғрисида” ги қонун (1947 йил) ва “Маҳаллий давлат хизматчилари тўғрисида” ги қонун(1950 йил) асосида ягона ҳуқуқий тизимга эга бўлди.

Шундай қилиб Япониянинг жорий қонунчилиги урушдан аввалги давлат хизматчиларининг мақомига кўра мавжуд бўлган дискриминация (камситиш, нотенглик)ни йўқотган бўлса-да, турли сабаб ва асосларга кўра давлат хизматчиларининг бир неча турини ва шунга мувофиқ алоҳида ҳуқуқий меъёрларни ўрнатган.
Harayama Kazuho фикрига кўра, “Давлат хизматчилари тўғрисида”ги қонун 2-моддасига кўра ушбу қонун тадбиқ этилиш ва этилмаслигига кўра “умумий мансаб” ва “махсус мансаб” деган турларга бўлинади.

Яъни давлат хизматчиларининг шундай тоифалари борки, улар эгаллаган мансабнинг хусусияти(табиати) дан келиб чиқиб, давлат хизматчиларига оид умумий қоидаларни тадбиқ этиш номувоффиқ бўлади.
Айнан мана шундай тоифадагиларни махсус мансабдор шахс деб номланилади. Масалан, давлат (марказий) хизматчиларидан Бош вазир, вазирлар, Парламент розилиги асосида тайинланадиган хизматчилар, Парламент депутатлари, суд хизматчилари, мудофаа қўмитаси хизматчилари кабилар махсус мансаблар қаторига киради.

Шунингдек, маҳаллий миқёсда сайланадиган мансаблар, маҳаллий парламент (кенгаш) лар розилиги асосида мансабга тайинланадиганлар, маҳаллий (давлат) корхоналарининг бошқарувчилари, комиссияларнинг фавқулотда ёки вақтинчалик аъзолари ёки бошқа аъзолари ва қонунда кўрсатилган бошқа шахслар ҳам махсус мансаблар доирасига киради. Махсус мансабдагиларнинг ҳуқуқий тартибга солиниши ҳар бир махсус мансабнинг алоҳида хусусиятларини инобатга олган ҳолда уларнинг тайинланиши, маоши каби масалалар юзасидан ҳар қайсиси алоҳида қонун ва маҳаллий ордонанслар билан тартибга солинган мураккаб тизимга эга.

Шионо Хирошининг таъкидлашича, Японияда кадрлар бошқарувида сиёсий бетарафлик, холислик (нейтралитет) ни таъминлаш ҳамда кадрлар масаласини илмий асослантирилган бошқарувини ривожлантириш учун маълум бир ходим (давлат хизматчиси)га нисбатан кадрга оид ишлар (масалалар) бевосита қўл остида (назорати, бўйсунуви остида) бўлган раҳбари томонидан эмас, балки бошқа шахс (орган) томонидан кадрга доир ваколатлар профессионал тарзда бажара оладиган тизим лозим.

Шулардан келиб чиққан ҳолда Японияда қуйидаги тизим ишлаб чиқилган.
Биринчидан, алоҳида (ҳар бир) давлат хизматчисининг ишга олиниши, ишдан бўшатилиши, бўйсунуви ва ходим устидан назорат олиб бориш каби бевосита кадрга оид масалалар марказий давлат органлари даражасида вазирлик, қўмита ва бошқа органлар раҳбарлари (яъни вазир, раис ва ҳ.к) томонидан, маҳаллий даражада эса префектура (вилоят, шаҳар, туман) мэр (ҳоким)лари томонидан амалга оширилади.
Иккинчидан, кадрга оид бошқарувда сиёсий бетарафлик, холислик (нейтралитет) ни таъминлаш ҳамда кадрлар масаласининг илмий асослантирилган бошқарувини таъминлаш мақсадида мустақил (алоҳида) орган – кадрлар (давлат) бошқаруви органини жорий этган.

Замонавий давлат хизмати тизимининг ўзига хос хусусияти сифатида қуйидагиларни келтириб ўтилади:
• давлат хизматчиси давлатнинг оммавий мақсадлари йўлида хизмат қилиши, қандайдир бир шахснинг мақсадларига хизмат қилмаслиги лозим;
• давлат хизматчисининг шахсий ҳаёти билан давлат хизматидаги иш фаолияти бир-биридан аниқ ажратилади. Шунинг учун ҳам давлат хизматчисининг шахсий ҳаётига ҳам дахл қиладиган ёки алоқаси бор бўлган турли хил мажбуриятларни юклашга йўл қўйилмайди;
• давлат хизмати давлат хизматчиси бўлмоқчи бўлган шахснинг эркин иродаси (танлови) га асосланиб амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасида албатта бир қанча ижобий жиҳатларни санаб ўтиш мумкин.

Жумладан, Қонун лойиҳасида давлат хизматчисининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, турли категория ва даражалари келтириб ўтилган. Бироқ, қонун лойиҳасидаги ижобий жиҳатлар билан бир қаторда айрим камчиликлар ҳам бор. Жумладан, қонун лойиҳасининг энг катта камчилиги давлат хизматига оид қоидалар амалдаги қонун ҳужжатлари мазмунидан шаклан фарқлансада, мазмунан давлат хизматчилари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини жиддий тарзда кафолатлашга хизмат қилмайди.

Мисол учун, меҳнат шартномаси асосида хизмат юритилиши, мансаб юзасидан ўсиш, ротация, интизомий жавобгарлик масалаларида амалдаги қонун ҳужжатларига нисбатан яқин мазмундаги қоидалар ўрнатилганини кўриш мумкин. Бу эса, фикримизча, қонун лойиҳасининг асл мақсад-муддаосидан анча фарқ қилади.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, давлат хизмати соҳасида ягона, тизимлаштирилган талабларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйиш зарур. Мамлакатимизда амалга оширилаётган давлат бошқаруви органларининг демократик тамойиллар асосида босқичма-босқич модернизация қилишининг мантиқий давоми сифатида “Давлат хизмати тўғрисида”ги ягона қонунни қабул қилиш зарурати мавжуд.

Республикамизнинг турли ҳудудларида (вилоят, туманларда) ишга қабул қилинаётган давлат хизматчилари, шу жумладан ижро органлари хизматчиларининг бир хил даражадаги билим-савияга эга бўлиши аввало уларга нисбатан ягона имтиҳон тизимининг жорий этилишига боғлиқдир. Бундан ташқари, кадрларни доимий равишда марказлаштирилган ҳолда режали тарзда қайта тайёрлаш, тренинглар ўтказиш ҳам мамлакатимизда кадрлар бошқаруви соҳасида ягона стандарт, қоидаларга асосланиб ишлайдиган давлат бошқарув органини ташкил этилишини талаб қилади.

Юқорида таҳлили келтирилган Япония давлат хизмати тизимининг кўпгина афзалликлари мавжуд ва улардан мамлакатимиз қонунчилигини янада такомиллаштиришда давлат хизмати соҳасида хорижий мамлакатлардаги ҳуқуқий тажрибанинг бири сифатида фойдаланиш мумкин. Ўйлаймизки, давлат хизматидаги ҳуқуқий ислоҳотларни янада такомиллаштириш давлат хизматчиларининг халққа виждон билан, ҳалол хизмат қилишини таъминлайди.

Жўрабек Нематов
Тошкент давлат юридик университети
доценти, юридик фанлар доктори
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)