17:50 / 25.07.2020
2 528

«Сўнгги дамгача ишлаган шифокор синглим коронавирусдан вафот этди, аммо эътироф тугул, бирор жойда қайд этилмади ҳам» – таажжубда қолган опа билан суҳбат

«Сўнгги дамгача ишлаган шифокор синглим коронавирусдан вафот этди, аммо эътироф тугул, бирор жойда қайд этилмади ҳам» – таажжубда қолган опа билан суҳбат
19 июль куни Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири Марҳабо Аҳмедова COVID-19'дан вафот этди. Шифокорнинг ўлими расман эълон қилинмаган ва умумий рўйхатга қўшилмаган.

– Синглим Марҳабо 62 ёшда эди, – дейди марҳуманинг опаси Маҳмуда опа Kun.uz билан суҳбатда. – Оиламиздаги кўпчилик сингари шифокорлик касбини танлаганди. 62 ёшга кирганди, пенсияга чиқиши мумкин эди. Шу касаллик тарқала бошлаганда ундан пенсияга чиқишини сўрадик. «Шундай оғир пайтда ташлаб кетсам уят бўлади. Пандемия тугасин, кейин дам оларман...» деб кўнмаганди. Мана – шу иши ортидан касалликка чалиниб, вафот этди.

– Касаллик расман тасдиқлангани маълум бўлди. Шундан кейин сизлар билан кимдир боғландими?
– Вафот этган кунлари раҳбариятидан ҳеч ким келмаганини тушунамиз, карантин ҳозир. Энг ачинарлиси, бирорталари телефон қилиб кўнгил сўраб ҳам қўйишмади. Бу ҳақда эълон қилганимиздан кейин Чилонзор тумани СЭОМ раҳбари телефон орқали таъзия билдирибди.

Давлатимиз раҳбари шу касалликка қарши курашда вафот этганларни бирма-бир тақдирлаб чиқдилар ва бу жуда эзгу иш бўлди. Аммо синглим ишлаган тизим раҳбарияти уни бирор жойда эътироф этиш бўйича таклиф киритиш тугул айнан шу касалликдан вафот этганлар рўйхатига қўшишмади ҳам. Наҳот инсоннинг қадри шундай бўлса?..

– Синглингиз бу соҳада анчадан бери ишлаб келармидилар?

– Синглим ва куёвим ТошМИни битирганларидан кейин йўлланма бўйича Сирдарёга ишга жўнатилишган. 2 йиллик муддат ўрнига 8 йил ишлаганларидан сўнг Тошкентга қайтишган. Синглим аввал шифокор бўлиб ишлади, кейин Чилонзор тумани СЭСга ишга ўтди. Вафотига қадар СЭОМ бактериология лабораторияси мудири бўлиб ишлади. Яъни ҳар куни бевосита шу вирус билан тўқнаш келарди.

– Касалликка чалингани қачон маълум бўлди?
– 13 июль куни тест топширган ва 16 июль куни COVID-19’га чалинганлар билан мулоқотда бўлганлар қаторига киритилган. Аммо жуда қисқа вақтда – 19 июлдаёқ умри поёнига етди. Олти кун ётган бўлса, сўнгги кунини кислород аппаратида ўтказди.

Ҳамкасблари, шогирдлари қаттиқ куюнишди. Кўпчилиги билан бир оиладек бўлиб қолишганди-да. Ҳатто шогирдлари синглимнинг хотирасига бағишлаб қўлбола клип ишлашибди.

Биз зиёлилар оиласимиз, ота-онамиз бутун умр халқ хизматида ўтган инсонлар. Оилада ўн фарзанд – олти қиз, тўрт ўғилмиз. Ҳаммамиз олий маълумотлимиз, шундан беш қиз ва бир ӯғил – тиббиёт ходимлари. Синглимни йўқотганимиз оғир бўлди... Олд қаторда ишлаган шифокорга муносабат шундай бўлса, энди ишга таклиф қилинаётган мутахассисларда ишонч қоладими?

Ҳозир тиббиёт ходимларига эътибор тўғрисида кўп гапириляпти. Вазирликка тавсиям, уларнинг қадрига етинг, касалликка чалинсалар, дарҳол кўмак беринг. Умри қисқа бўлиб, вафот этса, икки оғиз ширин сўзингизни аяманг.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Сўнгги дамгача ишлаган шифокор синглим коронавирусдан вафот этди, аммо эътироф тугул, бирор жойда қайд этилмади ҳам» – таажжубда қолган опа билан суҳбат