20:46 / 18.08.2020
1 092

Коррупциянинг мавжудлик шартини жамият юзага келтиради-ми?

Коррупциянинг мавжудлик шартини жамият юзага келтиради-ми?
Коррупция жамият ривожидаги энг катта тўсиқлардан биридир. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам мазкур муаммони ҳал қилишга қаратилган бир қатор ислоҳотлар амалга оширилиши натижасида мамлакатимизнинг коррупцияга қарши курашга ихтисослашган нуфузли халқаро ташкилотларнинг рейтингларидаги мавқеи секинлик билан бўлсада, яхшиланиб бормоқда.

Масалан, “Transparency International” халқаро ташкилотининг 2019 йилги рейтингида Ўзбекистон 153-ўринни эгаллаган бўлиб, мамлакатимизнинг коррупцияга қарши курашиш динамикаси 17%дан 25%га ошгани эътироф этилган.

Халқаро “Rule of Law Index”сининг 2020 йилги статистик кўрсаткичларида Ўзбекистон “Коррупциянинг йўқлиги” индикатори бўйича 0.40 баллни олган. Ўтган йилга қараганда бу соҳада умумий ўсиш 0.2%ни ташкил этади.

Нега коррупция Ўзбекистонда ҳалигача жиддий муаммо бўлиб қолмоқда?
Ҳуқуқий нуқтаи-назардан коррупцияга қарши барча чоралар кўрилмоқда: “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида” алоҳида қонун қабул қилинди, давлат органларида коррупция ҳолатларини олдини олишга қаратилган идоравий ички ҳужжатлар ишлаб чиқилди, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди, коррупция учун оғирроқ жазо чораси тайинланди, оммавий ахборот воситаларида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Лекин, масаланинг яна бир томонига, муаммонинг ижтимоий жиҳатига, яъни жамиятнинг коррупцияга нисбатан муносабати ва нуқтаи-назарига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Асуски, коррупциянинг жамиятдаги ижтимой норма сифатида ўрни ҳалигача ўз аҳамиятини сақлаб турибди. Кўпчиликда давлат хизматига қўшимча даромад манбаи сифатида қараш ҳозиргача мавжуд. Фуқаролар коррупцияга ўз муаммоларини тез ҳал этиш воситаси сифатида муносабат билдиришда давом этмоқда.

Маълумот учун: прокуратура органларининг 2020 йил 1-ярмидаги иш фаолияти тўғрисидаги статистик маълумотларга кўра, прокуратура органларида порахўрлик жинояти бўйича 670 та жиноят иши рўйхатга олинган.

Хориж тажрибаси
Хориж давлатларида коррупцияга қарши курашишнинг турли усуллари қўлланган. Жумладан, Сингапурда коррупцияга қарши кураш тизими ва антикоррупция бюросини кучайтиришга, Японияда давлат хизматчиларининг касб этикасига амал қилинишига алоҳида эътибор қаратилган бўлса, Финляндияда аҳоли менталитети ва сўз эркинлигига, АҚШ, Буюк Британия каби давлатларларда суд ҳокимияти мустақиллиги, матбуот фаоллиги, судяларнинг касб этикаси муҳим аҳамиятга эга бўлган.

Швецияда давлат хизматчиларига юқори иш ҳақи тўлаш коррупцияга қарши курашнинг асосий шартларидан ҳисобланган бўлса, Сингапур, Хитой сингари давлатларда коррупция учун ўта оғир жазо чоралари белгилаш устиворлик қилган. Лекин ушбу ҳолатлар коррупцияга қарши курашиш стратегиясининг фақат моддий тарафидир.

Коррупцияни минимал даражада пасайтира олган давлатларда давлат ҳокимияти билан жамият коррупция масаласида аниқ келишувга эришишган, яъни улар коррупцияни жамият тартибини бузувчи ҳолат сифатида тан олишган.

Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирларида айнан шу ҳолатга эътибор қаратилиши лозим, яъни фуқаролар онгига давлат хизматчилари давлат хизматидаги вазифасига қўшимча пул келтирадиган восита, аҳоли эса коррупцияни муаммоларини тез ҳал этадиган ечим сифатида қарашдан воз кечиш ғояси сингдирилиши лозим.

Марказий Лондон Политехника институтининг (ҳозирги Вестминстер университети) иқтисодиёт кафедраси катта маърузачиси Д. Шеклтоннинг фикрича, давлат қайсидир шаклда жамият ҳаётини бошқарар экан, у коррупциянинг муайян даражаси билан муроса қилишига тўғри келади.

Халқаро “Rule of Law Index”сининг 2020 йилги статистик кўрсаткичларида Ўзбекистоннинг “Хавфсизлик ва тартиб” индикатори 90%ни ташкил этади, Яъни давлат учун мамлакатнинг хавфсизлиги ва ҳуқуқий тартиби биринчи даражали аҳамиятга эга. Лекин, фундаментал инсон ҳуқуқлари, давлатнинг очиқлиги, давлат ҳокимияти ҳуқуқларини чеклаш соҳасида мамлакатимиз кўрсаткичлари нисбатан пастлигини кўришимиз мумкин. Ваҳоланки, ушбу индикаторлар коррупцияни табиий ҳолда чекловчи мезонлар ҳисобланади.

“Transparency International” халқаро ташкилоти раиси Делиа Ферреира Рубио айтганидек, коррупция демократик пойдеворлар заиф бўлган жойларда муваффақиятли ривожланади. Хорижий давлатларнинг коррупцияга қарши курашиш сиёсатида фундаментал инсон ҳуқуқлари, давлатнинг очиқлиги, давлат ҳокимияти ҳуқуқларини чеклаш масалаларига катта эътибор қаратилган ҳамда бу жамият ва давлатнинг коррупцияга қарши кураш масаласида ўзаро келишишига сабаб бўлган.

Калифорния университетининг (Лос Анжелес, АҚШ) сиёсий фанлар кафедраси катта ўқитувчиси Д. Трейсмен шуни қонуният деб таъкидлайдики, демократия бўйича катта тарихий тажрибага эга бўлган давлатларда бундай тажрибага эга бўлмаган ёки тажрибаси кам бўлган давлатларга қараганда коррупциянинг даражаси пастлиги кузатилади. Дарҳақиқат, “Transparency International” халқаро ташкилоти рўйхатидаги коррупция даражаси паст бўлган АҚШ, Швеция, Финляндия, Сингапур, Буюк Британия, Франция, Канада, Япония давлатларида демократия юқори даражада.

Бундан шундай хулоса чиқариш мумкинки, ушбу давлатлардаги сингари сўз эркинлиги, ОАВ мустақиллиги, жамоат бирлашмаларининг фаоллигини мумкин қадар ошириш коррупция даражасининг пасайишига таъсир кўрсатади.

Юқоридаги фикрларни умумлаштириб, шуни хулоса қилиш мумкинки, коррупция давлат ва жамият ривожидаги ички душмандир. Коррупциянинг мавжудлиги жамиятнинг муайян қатламларини қониқтирар экан, у йўқолмайди.

Коррупцияни ижтимоий қадрият сифатидаги аҳамиятини йўқотишнинг ривожланган хорижий мамлакатлар томонидан тан олинган усулларидан бири бу демократик қадриятларни мустаҳкамлаш ва демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришдир.

Зафар Эргашев,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат
тадқиқот институти масъул ходими
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)