Ходим фойдасига иш ҳақлари ундириб берилди

Иш ҳақи — инсоннинг пешона тери, ҳалол меҳнати эвазига топган ҳаққидир. Уни ўз вақтида тўлаш нафақат қонуний мажбурият, балки ходим меҳнатига бўлган ҳурмат ҳисобланади.
Мажбурий ижро бюросининг Сергели туман бўлими иш юритувига Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судининг ижро варақасига асосан, қарздор “P.S.” МЧЖдан ундирувчи фуқаро М.А. фойдасига 282 миллион 618 минг 521 сўм иш ҳақи ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати 2026 йил 7 апрель куни келиб тушган.
Мазкур ижро иши Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасига асосан қўзғатилиб, давлат ижрочиси А.Абдумажидов томонидан кечиктириб бўлмайдиган ижро ҳаракатлари амалга оширилган.
Олиб борилган самарали ижро чоралари натижасида фуқаронинг ҳалол меҳнати эвазига ишлаб топган ойлик иш ҳақи қисқа муддат ичида тўлиқ ундириб берилди.
Зеро, ходимнинг ойлиги — унинг оиласи ризқи, фарзандлари таъминоти ва эртанги кунига бўлган ишончидир. Шу боис ҳар бир иш берувчи ходим олдидаги мажбуриятини вақтида бажариши лозим.
Шу тариқа, ижро ҳужжати талаблари тўлиқ таъминланиб, ижро иши Қонуннинг 41-моддаси 1-қисмига асосан тамомланди.