22:00 / 20.08.2020
2 338

Коронавирус касаллигидан кейин хотира пасайиши кузатиладими?

Коронавирус касаллигидан кейин хотира пасайиши кузатиладими?
Фото: iStock
Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Абдусаматова АОКАда бўлиб ўтган брифингда фуқаролардан келиб тушган саволларга жавоб берди.

Мурожаатлардан бери фуқаро коронавирус инфекцияси билан касалланиб, даволанганини айтиб, касалликдан кейин ўзида хотира пасайишини сезганини айтган. Хотирани илгари ҳолига қайтариш учун қандай муолажалар қилиш ҳақида сўраган.

“Тўғри, ушбу касаллик айниқса ўрта ва оғир кечган бўлса тест натижалари манфий чиқиши билан касал тезда олдинги ҳолатига келади, деган гап эмас. Беморда тез чарчаш, ҳолсизлик, таъм ва ҳид билишни сезмаслиги, курак соҳасидаги оғриқлар, йўтал, депрессия ҳолатлари, хотиранинг пасайиши кузатилиши мумкин. Чунки касаллик енгил кечса ҳам ўз асоратини қолдириб кетади. Лекин барча аъзолар фаолияти секин-аста яхшиланади. Ушбу ҳолатлар бир неча ҳафта ёки ой ичида йўқ бўлиши, аммо баъзи одамларда бу узоқроқ вақт давом этиши мумкин. Хотирангизни тезроқ олдинги ҳолига қайтариш учун қуйидагиларни тавсия этамиз:
  • Жисмоний машқлар билан шуғулланинг. Чунки у мия фаолиятини тиклашга ёрдам беради.
  • Когнитив функцияни тиклашга янги қизиқишлар (хобби), жумбоқ машғулотлар, сўзли ва рақамли ўйинлар, хотирани тикловчи машқлар ва китоб ўқиш ёрдам беради.
  • Ўзингиз учун қилишингиз керак бўлган ишларни соат нечада ва қайси куни бажаришингиз ҳақида эслатиб туриш учун турли хил эслатмалардан фойдаланинг. Масалан, бажарилиши керак бўлган ишларингиз рўйхатини тузиб ёзинг, турли эслатмалар ва телефон товушларидан фойдаланишингиз мумкин.
  • Режалаштирилган ишларингиз мураккаб ва ҳатто имконсиз бўлиб кўринмаслиги учун уларни алоҳида ҳаракатларга бўлишингиз керак.
  • Витаминга озиқ овқатлар, мева ва сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилинг”, - деди Барно Абдусаматова саволга жавобан.

Брифингда бемор шифохонада коронавирусдан даволаниб чиққач, қанча муддат давомида поликлиника назоратида бўлиши ҳақидаги саволга ҳам жавоб берилди.

Беморнинг стационар муассасада даволанганлиги ҳақидаги касаллик тарихидан кўчирма бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасига бемор орқали юборилади. Стационарда даволаниб чиққан беморлар ҳудудий бирламчи тиббий-санитария муассасаларидаги умумий амалиёт шифокорлари томонидан биринчи 3 кун давомида назоратга олинади.

Умумий амалиёт шифокори томонидан беморнинг саломатлик ҳолатидан келиб чиқиб, пневмония (зотилжам) билан касалланганлар 6 ой муддатга диспансер назоратга олинади ва соғломлаштириш режасига асосан 1 ой муддатда қоннинг умумий таҳлили, кўкрак қафаси рентгенографияси ва кўрсатмага асосан МСТК текшируви ўтказилади.

Қўшимча тиббий текширувлар бемор ҳолатига ва тиббий кўрсатмага асосан ўтказилади. Беморнинг ҳолати ва текширувларда салбий ўзгаришлар бўлмаган ҳолатларда бемор 6 ой муддатда диспансер назоратидан чиқарилади. Касаллик пневмония билан асоратланмаган бўлса, бундай беморлар 1 ой давомида тиббий кузатувга олинади
”, - деди штаб аъзоси.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Коронавирус касаллигидан кейин хотира пасайиши кузатиладими?