23:37 / 05.09.2020
3 623

Соддалик ҳам эви билан

Соддалик ҳам эви билан
Етти ўлчаб бир кесадиган, қонун-қоидага риоя қилган киши фирибгарга алданиб қолмайди. Аммо…

– Алдаркўсалар кўпайиб кетди, – дея гапга қўшилди Жонибек. – Мен ҳам куйганман, қатиқниям пуфлаб ичадиган бўлиб қолганман. Хотиним бозордаги «Матбуот» дўконида ишларди. «Хажалхон опани беш-олти йилдан бери танийман. Ёнимда савдо қилади. Бозор ёнидаги домда туради. Қизини унаштирганида хонадонида бўлганман. Куёви андижонлик. Дилер, машина сотади. Асаканинг заводидан олиб чиқаркан. Пулнинг ярмини бериб, қолганини уч йил бўлиб-бўлиб тўларканмиз. «Тико»ни сотинг, янги «Матиз» оламиз» деб қулоқ-миямни еди.

– Қайданам сенга айтдим-а машинани сотаман деб. Сотаману янгисини банк кредитига оламан. Кредитга бераяпти, – дея қўл силтадим.

– Мақсудахоннинг хўжайини кредит олмоқчи бўлиб банкка саксон беш фоиз пулини топшириб қўйган экан. Ўн ойда навбати етганда «нархи ошди, қўшимча тўлов қиласиз» дейишибди. Ўша пулини савдода айлантирганда бир ярим-икки баробар кўпайтириб оларди. Пулни бериб қўйиб бир йилда, нархи ошганда оламизми? Хажалхоннинг куёви машинани бир ҳафтада келтириб бераркан.

Охири кўндирди. «Тико»ни бозорда сотдим. Пулни Хажалхон аянинг куёвига икки қўллаб топшириб қўйдим… «Келаси якшанба машинани миниб келиб калитини қўлингизга бераман» деган «дилер» бу якшанба ҳам, ундан кейинги якшанбаларда ҳам қорасини кўрсатмади. Қўнғироқ қилдим. Ҳайдарали Андижон шаҳрига кираверишдаги ошхонада кутиб оладиган бўлди. Кўришганда у енгимдан кириб бу енгимдан чиқди. «Икки кундан кейин машинани миниб бораман» деб чиппа-чин ишонтирди. Орадан икки кун ўтгач ўзи қўнғироқ қилмади, қўнғироқ қилсам «завод тўхтаб турибди, келаси ойда ишга тушади» дея яна аравани қуруқ олиб қочди. Бир-икки ой ўтди. Ҳайдарали қўнғироқларимга жавоб бермай қўйди.

Фирибгарнинг тўрига тушганимни англаб, «сен қилдинг» дея хотинни бўғдим. Рухсора «машина керакмас, айт куёвингга, пулни қайтарсин» деб қисти-бастига олганда Хажалхон «мен ҳеч нимани билмайман, пул олди-бердисида бўлмаганман» дея тўнини тескари кийди. Асаканинг заводига бориб учрадим. Завод тўхтамаган экан. Ҳайдарали деган дилерни ҳеч ким танимас экан. Хажалхондан унинг уйини сўраб топиб бордим. Андижон шаҳрининг четидаги маҳаллада тураркан. Уйда йўқ, уч-тўрт кундан бери келмабди, кекса ота-онаси, хотини Фарғонада бева аёлга уйланганини, заводдан машина олиб сотишини билишмас экан.

Фарғона шаҳар ИИБга учрадим. Ариза ёзиб бердим. Икки кундан кейин ИИБ ходими қўнғироқ қилди. Уни Андижон шаҳридаги фирибгарнинг уйига бошлаб бордим. Бироқ Ҳайдарали бу гал ҳам тутқич бермади. Ўртада турган Хажалхонни ИИБга чақиришганида «чет элга кетиб юборибди» деди. Хажалхон Рухсорага «ўша пулларингни ўзим қайтарай» дея ёлворибди. Кўнмай иложим қанча? Бўлиб-бўлиб қайтарилган пулнинг баракаси учди. Боққа пиёда қатнаб қийналдим. Кузда мева пулига эски «Москвич» олдим. Келаси йили ҳосил баракали бўлди. Машина бозорида икки йил минилган, яхши сақланган «Матиз» машинасини олдим. Сохта дилер мен каби қанча одамни чув туширди – худо билади.

Айб ўзимда, ўшанда дилерлик ҳужжатингни кўрсат, идорангга олиб бор деб таг-тугини суриштирганимда фирибгарнинг ўзи йўқ бўларди, алданиб қолмасдим. Бўларкану, мана ҳозир банкка аввалдан тўлов қилиб машина чиқишини ойлаб кутишлар бекор бўлди. Тўлов қилган заҳоти машинани расмийлаштириб беришади. Газеталарда эълон беришаяпти. Кредитга машинани нархи, устамаси, бари неча пул бўлишини ҳисоб-китоб қилиб, маъқул келса, ҳамён кўтарса олаверасиз.

– Мени қурувчиман деган олғир алдаб кетди, – дея суҳбатга қўшилди Ҳосилбек. – Уйнинг томини ёпиш керак эди. Бирга бориб бозордан керакли нарсаларни олдик. Эртаси куни учта шогирди билан ишга киришди. Хизматчилик, ишнинг тепасида тура олмадим. Арафа куни шифер қоқишга тайёр бўлганида уста «ҳайитни ўтказиб келамиз» деди. Хомлик қилиб қўлига сўраган пулини, иш ҳақининг тўртдан уч қисмини бериб қўйибман. Ҳайит ўтди, келмади. На манзили, на телефон рақами бор. Бошқа, ўзимизнинг маҳалладан, қўли бўшаган устани гаплашдим. Томга чиқиб, бошини чайқади.

– Тўсинлар нимжон, том силкинаяпти, стропила мустаҳкам эмас, қаттиқ шамолда қулаб тушади, – деди. – Қайтадан қилмасак бўлмайди. Кейин кўз-кўзга тушади, ишимга жавоб беришим бор.

Хуллас, бузиб, янгидан қилди. Том икки баробар қимматга тушди. Танимаган-билмаган билан иш қилиб бўлмас экан.

– Пулга иймонини сотган таниш, ҳатто қариндош ҳам фириб бераяпти-ю, – деди Жонибек. – Қўшни қишлоқда уч-тўрт йил бурун чет элда ишлаб қайтган аёл қариндошларига мақтанган. Қозоғис­тонда қурувчиларни ишга жойлаштирадиган хотин билан танишганини айтган. Беш-олтита қариндош йигитларни чегарадан олиб ўтиб ўша аёл билан гаплашиб иш топиб беришига ишонтирган. Йўлкирага пулларини йиғиб Тошкент вилоятидаги чегара постидан Қозоғистонга ўтказган. Жамбул шаҳрига олиб бориб, ўзи айтган аёлга рўбарў қилиб, ортига қайтган. Йигитлар бир одамнинг уйини пойдеворидан бошлаб қуришга киришишган.

Бир ой ишлаб, иш ҳақини беришни, уйга пул жўнатишларини айтишган. Уй эгаси «сени олиб келганга пул бериб қўйганман, ўша пулимни ишлаб берасанлар» дея уйи битганида ҳам сариқ чақа бермаган. Иш топиб берган аёлга учраганларида, «сизларни чегарадан олиб ўтган хотин билан ҳисоб-китоб қилганман» дея фақат йўлкирага яраша пул берган. Уйга қайтгач, йигитлар департаментга мурожаат этишган. Суд бўлиб, фирибгар аёлдан ҳар бирига бир-бир ярим минг доллардан иш ҳақи ундириб берилди. Ҳам фирибгарлик, ҳам одам савдоси жиноятига қўл урган қариндош аёл қамалди.

Дарвоқе, фирибгарлар муайян соҳага ихтисослашган. Нафақат соддадил, ҳуқуқий савияси саёз, қонун ҳужжатларининг моҳияти, жамиятдаги ўзгаришлар, барча идораларнинг ошкора фаолият юритишга ўтганидан етарлича хабардор бўлмаганлар, балки хабардор бўлса-да, ўз билганидан қолмаган, кўпни кўрган одамлар ҳам пул эвазига боласини боғчага, мактабга, университетга ўқишга, дипломи бўйича ишга жойлаб қўйишга, коммунал қарзларини йўққа чиқаришга, имтиёзли шартларда уй олиб беришга, ҳуқуқбузар ўғилни очиқда қолдиришга оид қарор ёки ҳукм чиқартиришга камарбаста устаси фаранглар ташлаган қармоққа илиниб қолишаяпти.

Судланиб туриб ҳам такроран фирибгарлик жиноятига қўл уриш ҳолатлари камаймаяпти. Суд ҳукмларида фирибгарлиги учун уч-тўрт, етти-саккиз марта судланиб, жарима, ахлоқ тузатиш, озодликни чеклаш жазосини ўтаган, такроран фирибгарлик қилганларга ҳам тағин ўша ахлоқ тузатиш ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланганини кўриш мумкин. Кечиримлиликнинг ҳам чегараси бор. Бундайларга қилмишидан хўжакўрсинга эмас, чинакамига афсусланишига мажбурловчи озодликдан маҳрум этиш жазосини қўллаш лозим эмасми?! Қамоқ жазоси қайта-қайта фирибгарликка қўл уришга мойил кимсаларни жиловлаши аниқ.

Исроил Иброҳимов

Манба: Huquq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Соддалик ҳам эви билан