23:33 / 06.09.2020
1 894

Энди судларга берилган даъволарни кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиш мумкин

Энди судларга берилган даъволарни кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиш мумкин
Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари ҳисобланади.

Шу боисдан кейинги йилларда мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ва нуфузини ошириш, уни илгариги жазоловчи органдан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган, жамиятдаги демократик ўзгаришларнинг муҳим воситаси бўлган институтга айлантиришга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилди.

Ўтган давр мобайнида судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини берди.

Жорий йил 3 сентябрь куни Президентимиз томонидан имзоланган «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борада навбатдаги қадам бўлди.

Унга мувофиқ, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилишини таъминлаш, шунингдек, махсус ахборот дастурларини жорий этиш орқали судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг кейинги босқичдаги вазифалари этиб белгиланди.

Шу билан бирга, 2021 йил 1 июлдан бошлаб апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш, 2022 йил 1 январдан бошлаб суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш, 2023 йил 1 январдан бошлаб суд ишларини давлат архивига электрон шаклда топшириш ва қабул қилишни назарда тутувчи 2020-2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури ҳам тасдиқланди.

Қарорда 2022 йил 1 январдан бошлаб судлар фаолиятига қуйидаги имкониятларни берувчи «Адолат» ахборот тизимлари комплекси жорий этилиши ҳам белгиланган.

Унинг ёрдамида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда юборишлари ҳамда манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш мумкин.

Шунингдек, Президентимиз қарорига асосан Олий суд 2020 йил якунига қадар суд мажлисларида видеоконференсалоқа режимида иштирок этиш имконини берувчи мобил дастурни ишлаб чиқади ва уни амалиётга жорий этади.

Таъкидлаш жоизки, Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, уни фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қила оладиган мустақил давлат институтига айлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва ушбу қарорнинг Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан илгари сурилган дастурий вазифаларига мослигини алоҳида эътироф этамиз.

Бинобарин, партиямиз учун қонунчилик ва суд-ҳуқуқ соҳаси доимо муҳим аҳамият касб этиб келган. Биз судлар фаолияти очиқлиги ва ошкоралигининг кучайтирилиши, «электрон ва рақамли суд» концепциясининг амалга оширилиши, судлар томонидан ўз фаолияти ҳақидаги ҳисоботларнинг халқ депутатлари Кенгашларига тақдим этилиши, маҳалла, корхона ва ташкилотларда кўчма суд йиғилишлари ўтказилишини – адолатли суднинг гарови, деб биламиз. Биз учун суд фаолияти ва мустақиллигининг энг муҳим мезони – фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоялангани, адолатли судлов таъминлангани, якуний ва барқарор суд қарорларининг қабул қилинганидир.

Хулоса шуки, бугунги давр судлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив хизматлар турини кенгайтириш бўйича ишларни жадаллаштиришни талаб этмоқда. Мазкур қарор суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш, судлар ва бошқа идоралар ўртасида маълумот алмашинувини яхшилашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Актам ХАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Энди судларга берилган даъволарни кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиш мумкин