Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда «самосуд» ҳолати акс этган видеотасвирлар кўпайиб, мазкур мавзулар «тренд»га чиқмоқда.
Навоийда фуқарони бўйин ва қўл қисмларини арқон билан боғлаган ҳолатда трактор тиркамасида мажбурий равишда олиб кетаётганлиги, Фарғонада икки нафар қизлар синглисини ранжитгани учун учинчи қизни «самосуд» қилгани ва ҳоказолар.
Куни кеча эса ижтимоий тармоқларда «Айтишларича, самосуд қилинаётган фуқаро йўлдаги қоидабузар ҳайдовчиларни суратга олиб, ГАИга жўнатган» деган «тамға» билан видеолавҳа тарқалди. Андижонда содир бўлгани айтилган мазкур воқеада бир гала одамнинг фуқарони машина юкхонасига солиб қўйиб сўроққа тутаётгани, ҳақоратлаётгани акс этган.
Кейинчалик Андижон вилояти ИИБ ахборот хизматининг ушбу ҳолат юзасидан маълумот берди. Қайд этилишича, фуқаро бозорга мевалар нарх-навосини билиш учун келиб, бозорни фотосуратга олаётган вақтида бир неча фуқаролар уни бошқа мақсадда суратга олаётганликда гумонлаб, жамоат жойида турли уятли сўзлар билан ҳақорат қилишган.
Бир неча фуқаролар ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги боис, ҳуқуқбузарларнинг ҳар бирига БҲМнинг 3 баравари миқдорида жарима жазоси белгиланди.
Ҳозир гап фақатгина бу воқе ҳақида эмас.
Биз қандай жамиятда яшашни истаймиз ўзи? Бир томондан қонунлар ишламаслиги, жамоатчилик назорати пассивлиги, адолатсизликлар кўплигидан нолиймиз, қонун устувор жамият биз учун утопиядек тутамиз ўзимизни.
Иккинчи томондан жамоатчилик назоратига ҳам чидай олмай қоламиз, ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар қилган фуқарога ёвқараш қиламиз, дарров уни «суд қилиб», ҳукмни ҳам чиқарамиз-қўямиз. Инсон ҳуқуқлари, эркинликларини оёқости қиламиз. Кучли давлат кучли фуқаролик жамияти орқали бунёд бўлишини тан олгимиз келмайди.
Хўш, «Самосуд» ўзи нима, у учун қонунчилигимизда қандай жазо бор?
Мутахассислар изоҳига кўра, «ўзича судлаш» (самосуд) бу ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этган ёки ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этишда гумон қилинган шахс ҳақида тегишли давлат органига хабар бермай, уни ўзбошимчалик билан қонунга хилоф равишда жазолаш ҳисобланади.
Шуни ҳеч бир фуқаро унутмаслиги керакки, Конституциянинг 26-моддасига кўра, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Яъни, тегишли суднинг қарорисиз бировни айбдор ҳисоблаш ҳам, жазолаш ҳам мумкин эмас.
«Ўзича судлаш (самосуд), яъни қонун тили билан айтганда «ўзбошимчалик» Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 200-моддасига мувофиқ, ўзбошимчалик, яъни ўзининг ҳақиқий ёки назарда тутилган ҳуқуқини фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатларига, давлат манфаатлари ёки жамоат манфаатларига жиддий зарар ёки зиён келтирмаган ҳолда ўзбошимчалик билан амалга оширса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг учдан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса-бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши, Жиноят кодексининг 229-моддасига кўра, ўзбошимчалик, яъни ҳақиқий ёки фараз қилинган ҳуқуқларни ўзбошимчалик билан амалга ошириш фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгилаб ўтилган», дейди Адлия вазирлиги масъул ходими Зафар Раҳмонов.
Шунингдек, самосуд қилиш натижасида ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказганлик учун ҳам қонунчиликда жавобгарлик белгиланган.
«Яъни Жиноят кодексининг 103-моддасига кўра шахсни қўрқитиш, унга раҳмсиз муомала қилиш ёки унинг шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда камситиш натижасида уни ўзини ўзи ўлдириш даражасига ёки ўзини ўзи ўлдиришига суиқасд қилиш даражасига етказиш, уч йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Бундан ташқари, ўзича судлаш (самосуд) оқибатида қасддан одам ўлдириш жинояти содир этилса, Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноий жавобгарликка тортилиб, ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши, жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдирса Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмининг «л»-банди яъни безорилик оқибатида қасддан одам ўлдириш, ўн беш йилдан йигирма беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланиши белгиланган», деди З.Раҳмонов.
Хулоса ўрнида айтганда, ҳуқуқий-демократик давлатда ҳар қандай низолар суд орқали, қонунчиликда белгиланган тартиблар орқали ҳал этилиши керак. «Боғлаб қўйиш», «машина юкхонасига қамаш», омма олдида сазойи қилиш билан эмас. Ҳуқуқингиз, шаънингиз топталдими, бошқалар ҳуқуқини ҳам топтамасдан, марҳамат қилиб судга мурожаат қилинг. Ўзингиз қоидаларни бузган ҳолатда эса, энергиянгизни қоидабузарликни тегишли жойга хабар қилган инсонни жазолашга эмас қоидаларга нисбатан эътиборлироқ бўлишга сарфланг!
Инобат АҲАТОВА
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар