18:05 / 26.01.2021
2 484

«Қирғизлар 2 та оилани гаровга олганди...». «Сўх воқеалари» ишида жабрланувчилар ва гувоҳлар тингланди

«Қирғизлар 2 та оилани гаровга олганди...». «Сўх воқеалари» ишида жабрланувчилар ва гувоҳлар тингланди
Фото: «Дарё»
Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида 2021 йил 25 январь куни «Сўх воқеалари» бўйича жабрланувчилар ва гувоҳлар кўрсатмаси тингланди. Бу ҳақда суд ишида қатнашган «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов хабар берди.

Суд ишида жабрланувчилар Раҳимжон Тоиров, Боқижон Пирназаров, гувоҳлар Улуғбек Мамажонов ва Дониёр Эрматов 31 май кун содир бўлган воқеа бўйича кўрсатма берди.

Жабрланувчи Раҳимжон Тоиров: «Ўша куни мени отишди. Оёғимдан ўқ едим»
«31 май куни дарвешона — ҳашар бўлди. Қўшнимиз билан Чашмага бордик. Булоқни тозаладик, унинг атрофларини тартибга келтирдик. Кейин пастга қараб ариқларни тозалаб келаётган эдик, одамлардан Чашмадаги уйлар ёнаётганини эшитдик. Бориб, ёнаётган уйлардаги ўтни ўчиришга ёрдам бердим. Бирданига ўқ овози эшитилди. Қирғизлар мени отишди. Оёғимдан ўқ еб, йиқилдим. Ўзимдан кетиб қолдим. Кейин нималар бўлганини билмадим. Чунки ўзимда эмасдим. Шифохонада ҳушимга келдим. 15 кун ётиб, даволандим.

Қирғизлар анча тепада жойлашган эди. Улар томондан тошлар учиб келаётганди. Бизникилар ҳам тош отишди. У ерда судланувчилардан ҳеч кимни кўрмадим. Буларнинг ҳеч бирига давойим йўқ. Чунки менга теккан ўқ қирғизлар томондан отилди. Бизнинг фуқароларда қурол йўқ эди. Шифохонада жанжал, тўполон бўлганидан хабарим йўқ. Мени ҳеч ким урмади. Ўқ еб, жароҳат олганим бўйича ҳеч кимга мурожаат қилмадим. Жабрланувчи сифатида ҳеч кимдан давойим йўқ
», — деди Раҳимжон Тоиров.

Фото: «Дарё»
Жабрланувчи Боқижон Пирназаров: «Қирғизлар иккита оилани гаровга олганди»
«2019 йилнинг 28 сентябридан бери Сўх тумани ИИБда тарбиявий ишлар бўйича ўринбосар бўлиб ишлайман. 31 май, якшанба куни соат 08:00 да хизматни бошладим. Маҳалладаги ўсмир ўз жонига қасд қилган экан, шу ҳодисани жойига бориб ўрганиб келдик. Кейин шифохонага бориб, жонига қасд қилган ўсмирни уйидагиларга топширдик. Соат 11:00 ларда бўлимда, иш жойимда эдим. Чашмада вазият яхши эмас, деб телефон қилишди.

Туманнинг собиқ ҳокими, ўринбосарлари, солиқ идорасининг раҳбари билан Чашмага етиб бордик. У ерда 200 тача одам тўпланган экан. Шу пайт тепадан тошлар отила бошланди. Бизнинг фуқаролар ҳам жавоб қайтаришди. Тошбўрон бошланиб кетди. Пана жойга ўтишга мажбур бўлдик. Фуқароларни тинчлантиришга ҳаракат қилдик. Лекин вазият оғирлашиб кетди. Соат 12:00 ларда рация орқали туман ИИБ билан боғланиб, қўшимча кучларни ёрдамга чақирдик.

Бўлимдаги барча куч-воситаларни воқеа жойига жалб қилдик. Бошимизга ‘каска’ кийиб, қўлимизга қалқон олиб, биринчи қаторга ўтдик. Ҳарбийлар билан бирга жонли девор ҳосил қилиб, соат кундузги иккиларгача фуқароларни ҳимоя қилиб турдик.Қирғизлар тепада жойлашгани учун улар томондан кўпроқ тош отилди. Битта катта тош учиб келиб, ёнимдаги ҳарбийнинг қалқонига урилиб, менинг тиззамга тегди. Тош катта эди, жароҳат олдим. Бир амаллаб пастга тушиб, 5—10 дақиқа нафас ростлаб олдим.

Фуқароларимизнинг бирортасида қурол кўрмадим. Қирғизларда эса ов қуроллари бор эди. Қирғизлар фуқароларимиздан бир-иккитасини отишгач, бизнинг одамларимиз ҳам агрессив ҳолатга киришди. Ҳарбийларимизнинг қуролларини тортиб олишга ҳаракат қилишди. Биз уларни тинчлантиришга уриндик. Қирғиз томоннинг ҳарбийлари томонидан қурол ишлатилмади. Ўқлар ов қуролларидан отилди. Соат 5—6 ларда қирғизлар томоннинг раҳбарлари биз билан учрашмоқчи бўлди. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари, туман ИИБ раҳбарининг ўринбосарлари, оқсоқоллар билан биргаликда қирғизлар билан музокара ўтказишга ҳаракат қилдик.

Шу вақтда ўзини Қадамжой ички ишлар бўлимининг раҳбари деб таништирган одам қирғизлар бизнинг иккита оилани гаровга олганини айтди. У гаровга олинган Ўзбекистон фуқаролари ўзининг хизмат хонасида соғ-саломат ўтирганини, уларга ҳеч қандай зиён етмаганини, вазият ўнгланиши билан уларни бизга олиб келиб топширишларини таъкидлаб, хавотир олмаслигимизни билдирди. Гаровга олинган фуқароларимиз ҳақида бошқа маълумот эшитмадим. Чунки у эрда мендан катта раҳбарлар ва бу ишга масъул бўлган соҳавий хизмат вакиллари бор эди. Биз фуқароларимизга қарши ҳеч нарса қилмадик, куч ишлатмадик. Тинчлантиришга ҳаракат қилдик, холос. Ўша куни 7—8 нафар ички ишлар ходими, 10 дан ортиқ ҳарбий жароҳат олди.


Фото: «Дарё»
Кеч соат 8—9 ларда вилоятдан ёрдам кучлари етиб келди. Ҳаммани тинчлантириб, тўпланган одамларни тарқатиб юборгинимизгача соат тунги 11—12 бўлди. Туман ИИБга тунги 1 ларда етиб келдик. ИИБ биносининг ойналари синиб ётган экан. Янги олинган ‘УАЗ’ хизмат машинасининг ойналари ҳам синдириб ташланганди. ИИБ биносига кимлар тош отганини кўрмадим. У пайт Чашмада эдим. Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевга тош отилган ҳолатни ҳам кўрмадим. Мен олди қаторда, жонли деворда турган эдим.

2 та ҳолатда қирғизлар палохмондан, ипга ўралган тошлардан фойдаланганини кўрдим. Улар тепаликда жойлашгани учун уларга тош отиш қулай эди. Улар томонда 3—4 минг фуқаро бор эди. Икки нафар фарғоналик фуқаронинг хонадонини ёқиб юборишди. Оёғимга тош тегиб, жароҳат олганим ҳақида ҳеч қаерга ариза билан мурожаат қилмадим. Судланувчиларга жароҳатим бўйича давойим йўқ. Чунки оёғимга тош қирғизлар томондан отилди. Вазият оғирлиги учун 3—4 кун жароҳатимга қарай олмадим. Кейин шифохонага бориб, енгил муолажа олдим
», — деди ИИБ ходими.

Гувоҳ Улуғбек Мамажонов: «Бензин сепиб, уйларни ёқиб юборишди»
«Чашма қишлоғида яшайман. Сўх тумани ИИБ 11-сонли бўлимда профилактика инспектори бўлиб ишлайман. 31 май куни эрталаб туман ИИБ раҳбарларидан топшириқларни олиб, ўзимнинг бўлимимга бордим. Соат 10 ларда туман ИИБдан Чашмага бориш топшириғи берилди. Машинамда Чашмага бордим. У ерда одам жуда кўп эди. 4 мингга яқин одам бор эди. Машинамни пастроқда қолдириб, булоққа пиёда чиқиб бордим. Қалқон билан каска беришди.

Биринчи қаторда жонли деворда турдик. Қирғизлар тош отаётган эди. Биз томондан тан жароҳати олганлар кўп эди. Эрталаб соат 10 ларда бориб, кечки етти-саккизларгача фуқароларни ҳимоя қилиш мақсадида жонли деворда турдим. Вилоятдан ёрдам кучлари етиб келгач, ўзимнинг бўлимимга кетдим. Ўзим аввал Чашмада профилактика инспектори бўлиб ишлаганман. Кўпчиликни яхши танийман. Бизга фуқароларимиз ёмон муомала қилишмади. Қўл кўтаришгани йўқ.

30—40 нафар қирғиз қўлларида бензин ва бошқа нарсалар билан биз томонга тушиб келишди. Равшан аканинг уйига кириб, ўт қўйиб, ёқиб кетишди. Яна битта уйга ўт қўйиб юборишди. Фуқароларимиз ёнғинни ўчириб, уйдаги нарсаларни ташқарига олиб чиқишди. Уйларни, одамларни ҳимоя қилишга ҳаракат қилишди. Фуқароларимизни қирғизларни ур, уларга тош от, деганини эшитмадим. Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев ички ишлар ходимлари, ҳарбийлар ва одамлар қуршовида бизнинг олдимизгача келди.

Одамларни тинчлантиришга ҳаракат қилди. Лекин нималар деганини эшита олмадим. Ҳамма ёқда бақир-чақир, тошбўрон бўлаётганди. Кўпчилик вилоят ҳокимининг гапига қулоқ солмади. Орқага қайтишмади. Кейин ҳоким ва бошқа раҳбарлар ўша ердаги уйлардан бирига кириб, орқа томондан пастроққа тушиб кетишди. Пастда вилоят ҳокими билан нима воқеа юз берганини билмайман. Кимдир ҳокимнинг қўлидан тортиб, судраганини, ҳақорат қилганини кўрмадим
», — деди Улуғбек Мамажонов.

Фото: «Дарё»
Гувоҳ Дониёржон Эрматов: «Бўлимга борсак, ИИБ биносининг ойналари ҳам синган экан».
«Сўх тумани ички ишлар бўлимида ишлайман. 31 май куни раҳбарлардан топшириқ бўлди. Ҳушёр қишлоғида ўғрилик содир бўлган экан. Шу ҳодисани жойига бориб, ўрганиб келдик. Соат 11 ларда тезда Чашмага боришимизни айтишди. Таксига ўтириб, булоққа етиб бордим. Қалқон ва каска олиб, жонли деворда турдим. Тошбўрон 5—6 соат давом этди. Иккала томон ҳам тош отди бир-бирларига. Орада раҳбарларимиз ўзаро келишмоқчи бўлиб, музокара ўтказишди.

Кейин яна тошбўрон бошланиб кетди. Қирғиз фуқаролари биз томондаги битта-иккита уйни ёқиб юборди. Ўт ўчирувчилар келиб ёнғинни ўчиришди. Лекин қирғизлар яна қайтадан ёқиб юборди ўша уйни. Кечки пайт вилоятдан қўшимча кучлар келди. Фуқароларни тарқатишга ҳаракат қилдик. Қоронғи эди, аниқ кўра олмадим, кимдир идишдаги бензинни ёқиб, ҳарбийларимизнинг устига отиб юборди. Қўшимча куч ёрдамида одамларни секин-аста пастга тушириб, тарқатиб юбордик.

Ички ишлар бўлимига келсак, марказий шифохонада одамлар тўпланибди, жанжал бўляпти, деган хабар келди. Шифохонага борсак, одамлар у ердан чиқиб кетаётган экан. Фақат тан жароҳати олганлар қолибди. Кейин ички ишлар бўлимига ҳужум бўляпти, зудлик билан етиб келинглар, дейишди. Бўлимга борсак, ИИБ биносининг ойналари синиб ётган экан. Иккита жойимга қирғизлар томондан отилган тош теккан. Жароҳатим енгил бўлгани учун шифокорларга учрашмадим. Бирор ерга шикоят ҳам қилмадим. Гаровга олинган фуқароларимиз соғ-саломат қайтариб олиб келинганини кейинчалик эшитдим
», — деди ИИБ вакили.

Жабрланувчилар ва гувоҳлар кўрсатмалари тинглангач, адвокатлар ва прокуратура ходимлари уларга саволлар билан мурожаат қилди.

Эслатиб ўтамиз, вилоятнинг Сўх тумани Чашма қишлоғида қўшни давлат фуқаролари билан сув масаласидаги можарода иштирок этган 22 нафар шахсга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини судда кўриб чиқиш жараёни 2020 йил 9 ноябрь куни бошланган эди. Шундан сўнг 23—30 ноябрь кунларига тайинланган суд мажлислари айрим сабабларга кўра белгиланган вақтда ўтказилмади.

Жиноят иши доирасида 9 нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш ва 13 нафар шахсга уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган. Судланувчилар орасида икки нафар вояга етмаган шахс ҳам бор. Судда вояга етмаган судланувчиларнинг қонуний вакиллари иштироки таъминланган.

Фото: «Дарё»
Ушбу жиноят иши доирасида дастлабки тергов органи томонидан 22 нафар шахсга Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек, қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилиш) ва 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) билан айблов эълон қилинган.

Суд ишида 27 январга қадар танаффус эълон қилинди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Қирғизлар 2 та оилани гаровга олганди...». «Сўх воқеалари» ишида жабрланувчилар ва гувоҳлар тингланди