
Пенсия жамғармаси мамлакатда нафақа миқдорини ошириб беришни ваъда қилаётган фирибгарлар фаолияти ҳақида огоҳлантирди, деб хабар берди Жамғарма матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, сўнгги пайтларда айрим шахслар фуқароларнинг ишончига кириш мақсадида “пенсиянгизни ошириб берамиз”, деган ёлғон ваъдалар билан уларнинг шахсий маълумотларини сўраб, ҳатто пул талаб қилаётган ҳолатлар қайд этилган.
Пенсия жамғармаси бу каби ҳаракатлар қонунга зид эканини таъкидлаб, пенсия миқдорини ошириш фақат жамғарманинг расмий туман (шаҳар) бўлимлари орқали амалга оширилишини эслатди.
“Пенсия жамғармасининг ҳеч бир ходими фуқароларга кўчада ёки телефон орқали пенсияни ошириб беришни таклиф қилмайди. Бегона шахсларга паспорт, пластик карта, ЖШШИР (ПИНФЛ) ёки банк маълумотларингизни тақдим этманг”, – дейилади расмий огоҳлантиришда.
Шу билан бирга, ташкилот фуқаролардан шубҳали шахслар билан дуч келганда дарҳол 1271 (жамғарманинг ишонч телефони) ёки 102 (Ички ишлар органлари) рақамларига хабар беришни сўради.