
Англия футболи тарихидаги энг ёрқин шахслардан бири Дэвид Бекхэм энди расман рицарлик унвонига сазовор бўлди. BBC хабарига кўра, 50 ёшли собиқ жамоа сардори 4 ноябрь куни Беркширда бўлиб ўтган тантанали маросимда қирол Чарлз III томонидан тақдирланган.
Бу унвон Бекхэмнинг нафақат футболдаги, балки Британия жамияти ривожига қўшган ҳиссаси учун берилган. Қирол унвонни шахсан топширган ва бу лаҳза мамлакат тарихидаги спорт арбоблари учун янги саҳифа сифатида қайд этилган.
“Мен ниҳоятда фахрланаман. Ҳар доим ватанимни севаман, монархия эса оилам учун жуда муҳим бўлган. Мен дунё бўйлаб саёҳат қилдим ва ҳар жойда одамлар мен билан айнан монархия ҳақида гаплашишни исташади — бу мен учун фахр”, — деди Бекхэм маросимдан сўнг.
Бекхэм 2013 йилда футболдан кетганига қарамасдан, унинг номи спорт дунёсида ҳануз юқори ўринда. У “Манчестер Юнайтед”, “Реал Мадрид”, ПСЖ, “Милан” ва “Лос-Анжелес Гэлекси” клубларида ўйнаб, Англия, Испания ва Франция чемпионликларини қўлга киритган.
Ҳозирда Бекхэм Лионел Месси тўп суриб келаётган “Интер Майами” клубининг эгаси ҳисобланади.
Шу тариқа, дунё футболида услуб ва эътибор тимсолига айланган Дэвид Бекхэм энди расман “Сэр Дэвид” мақомига эга бўлди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!