12:22 / 12.02.2021
1 808

Бахт ўзи нимадир? (Суд залидаги ўйлар)

Бахт ўзи нимадир? (Суд залидаги ўйлар)
Баъзан бошимизга кулфат тушганда ўзимизни овутишга ҳаракат қиламиз. Бу дунё кимга вафо қилибдики, мен меҳрга умидвор бўлсам, деймиз тан бериб. Аслида ҳам шундаймикин? Балки, ўзимиз дунёга вафо қилмаётган бўлсак-чи? Фукаролик ишлари бўйича Андижон вилоят судида навбатдаги очиқ суд жараёнида иштирок этар эканман, хаёлимдан шу фикрлар ўтди. Бунга даъвогару, гувоҳларнинг кўрсатмалари сабаб бўлди.

— Аслини олганда атрофимдаги инсонлардан фарқланиб турадиган жиҳатим йўқ эди, — ҳикоя қилади даъвогар Светлана Рашидова (айрим сабабларга кўра исм-шарифлар ўзгартирилмоқда). — Хонобод шаҳрида туғилиб, вояга етдим. Боғчага, мактабга бордим. Ҳамма қатори яшадим, ўйладим, ишладим. Ўзбек йигити билан турмуш қурдим. Қиз фарзандли бўлдик. Унга муҳаббатимиз меваси бўлгани боис «Муҳаббат» дея исм бердик.

Инсон йўлдан адашмасин экан. Баъзан билиб-гоҳи билмай нотўғри йўлга кириб қолдим. Спиртли ичимликка ружу қўйдим. Кайфу сафода ўтаётган ҳар бир кунимни бахт, деб ўйладим. Мана шу ҳаёт тарзи умрим мазмунига айлана бошлади. Қизалоғимга яхши она бўлиш, уни ахлоқли қилиб тарбиялаш хаёлимга ҳам келмади. Ҳар бир босган ножўя ҳаракатим мени ғафлат сари бошлади. Қарабсизки, жиноят содир этдим. Натижада 2010 йилнинг апрель ойида 12 йил муддатга озодликдан маҳрум этилдим. Ўшанда қизим атиги уч ёшда эдим. Оилам парокандаликка юз тутиб бўлгани боис фарзандимни тарбиясига оладиган яқинларим топилмади.

Шунинг учун у Андижон шаҳридаги «Болалар шаҳарчаси»да тарбиялана бошлади. Жазони ижро этиш муассасаси жазоловчи эмас, балки қайта тарбияловчи маскан экан. Бу ердаги ҳар бир куним ортда қолган чиркин хотиралардан сабоқ чиқаришга ундади. Ўзимни оқлаш учун ҳар қанча сабаб ахтармайин, барибир жўяли сабаб топа олмасдим. Аламимни меҳнатдан ола бошладим. Қарабсизки, бинойидек ҳунармандга айланиб қолдим. Йиллар ўтгани сари бир пайтлар спиртли ичимлик учун керак бўлса боламни четга сурганимни ўйлаб, виждоним азоб чека бошлади.

Бу ерда мен каби аёллар кўп эди. Ҳар ойда уларнинг ортидан йўқлаб келгувчи яқинларини кўриб юрагим алланечук орзиқиб кетарди. Гарчи, жиноятчи бўлсада, ортидан йўқлагувчилари, излаб келгувчилари, кутгувчилари бор эди уларнинг. Мени-чи? Мен ҳам кимгадир керакмикинман? Ана шу саволлар ҳаётимдаги хатоларимнинг салмоғи нечоғли оғир эканлиги ифода эта бошлади.

Кўзларимни чирт юмиб, аламдан оқаётган аччиқ ёшни ичимга ютгим келади. Шу заҳоти кўз ўнгим қоронғулашади ва жажжигина қўлчаларини менга чўзганча йиғлаётган қизимнинг сиймоси пайдо бўлади... Мен уни соғина бошладим, уни кўргим кела бошлади, сал бўлса хотирамдан ўчиб кетай деган қиёфасини хаёлан чиза бошладим...

Ҳар бир куним йилга татигулик дамлар аста ортга чекина бошлади. Кутилмаганда менга нисбатан афв эълон қилинди. Тасаввур қиляпсизми? Мени афв этишди. Мендек жиноятчи аёл мени йўқлагувчи ҳеч ким йўқ, деб бу бевафо дунёга юз ўгириб юрган бир паллада мени, менинг тақдиримни ўйлагувчи ҳукуматим борлигидан нечоғли бахтиёр эканлигимни билсангиз эди. Мен бу давлатнинг қонунларига қарши чиқдим, унинг ахлоқ меъёрларини менсимадим, у бўлса менга яна бир имкон берди, ҳаётга бўлган иштиёқимни оширди.

Жазони ижро этиш муассасасидан қайтгач, Хонобод шаҳрида яшай бошладим. Инсон ҳаётга қанчалар яхши нигоҳ билан боқса ҳаёт ҳам унга ўз яхшиликларини раво кўрар экан. Кутилмаганда Степан билан танишиб қолдим. Ўртада фарзанд бўлмаганлиги боис оиласи айро тушган экан. Биз оила қурдик. Унинг онаси билан бир хонали уйда бирга яшай бошладик. Бу орада қайнонам ва Степанга қизим борлигини айтдим. Улар эса фарзандимни олиб келишимни, катта бир оила бўлиб яшашимиз лозимлигини айтишди. Бироқ мен қизимни ўз вақтида тарбиямга қайтариб олмаганлигим сабабли 2018 йилнинг 7 ноябрь куни Хонобод шаҳар прокурорининг даъво аризасига кўра Қўрғонтепа туманлараро судининг қарорига биноан оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган эдим.

Шундан сўнг қизимни қайтариб олиш мақсадида судга мурожаат қилдим. Афсуски, бунинг имкони бўлмади. Боиси, бир хонали уйда фарзандимни катта қилиш, тарбиялаш учун етарли шароит мавжуд эмас экан. Шундан кейин турмуш ўртоғим билан икки хонали уйни ижарага олиб, бир хонасини қизим учун ҳозирладик. Андижон шаҳрига бориб, ундан хабар олиб турдик. Муҳаббат ҳам энди аввалги мурғаккина қизалоқ эмас эди. Степанни кўрган заҳоти «Дада» деб бўйнига осилиб олди».

Аёлнинг ҳикоясини тинглаяпману, хаёлим яна ўйлар исканжасига ғарқ бўлди. Биз баъзан бахт тушунчасини ўзимизча англаймиз. Болаликда чиройли кўйлак кийсак, дадамиз велосипед олиб берса, ота-онамиз жанжаллашмаса биз учун бахт шудир! Мактабда ўқитувчидан ёки болалардан дакки емасак, институтда ўқисак, ўзимиз севган касбда ишласак, кўнгил қўйган инсонимиз билан турмуш қурсак шуни бахт деб ўйлаймиз.

Бахтнинг шакли шунчалар кўпми? Нега ҳаётимиздаги ҳар бир яхши амаллару, қувончли дамларнинг номини бахт, деб атаймиз! Билсангиз агар, менга ҳозир бу саволга жавоб топишнинг умуман аҳамияти ҳам қолмаганди. Чунки, қаршимда турган аёлнинг наздидаги бахтни кўргим келарди! Аёл бу бахтга эришармикин? Фарзандига оналик ҳуқуқини қайтариб олишига йўл қўйилармикин?

— Ўзбекистон Республикаси Олий суд Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги «Болалар тарбияси билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги 22-сонли қарорининг 20-бандига кўра, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 82-моддасига мувофиқ судлар ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъволарни кўришда ота-оналарнинг хулқ-атвори ва турмуш тарзи ўзгарган- ўзгармаганлигини, уларнинг болаларини тарбия қила олиш-олмасликларини синчиклаб текширишлари лозим, — дейди Андижон вилоят суди судьясининг катта ёрдамчиси Камроншох Расулов. — Ота-оналик ҳуқуқини тиклашга агар бу болаларнинг манфаатларига мос келса, йўл қўйилади.

Суд залидан чиқар эканман, бир-бирини бағрига маҳкам босганча, бахти бекамликни ўзида ифода этган оилага энди асло кўз тегмаслигини тиладим. Она боладан, бола онадан, оила аъзолари бир-бирларидан айро тушмасин.

Ҳа айтганча, боя бахт ҳақида гапираётгандим... Билсангиз агар бахт дегани ўтаётган ҳар бир дақиқамиздан миннатдор бўлиб, унга шукр келтириб яшашда экан. Ана шу бахтдан бенасиб қўймасин...

Саминжон ҲУСАНОВ

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бахт ўзи нимадир? (Суд залидаги ўйлар)