
Зарифбой Ибодуллаев
Ғалати туш кўрибман. Тушимда Германиядаги Гумбольд университетида тиббиётдан дарс бераётган эканман. Талабаларга маърузамни тугатиб каридорга чиқсам мен танийдиган Клаус исмли бир немис талабаси ўзида йўқ ҳурсанд. У отасига телефон қилаяпти: “Ота! Мени табрикланг! Мен халқаро таълим грантини ютдим. Буюк Ибн Сино юрти бўлмиш Бухоро шаҳрига кетаяпман. Ахир у ерда дунёга машҳур Халқаро тиббиёт институти жойлашган! Тиббиёт, биология ва физиология соҳасида дунёни титратган олиму-фузолалар чиққан! Ҳар кимга ҳам ушбу университетда таҳсил олиш насиб қилавермайди! Гумбольд ва Кох университетлари раҳбарлари Бухорони тугатган”. Отаси кўзига ёш олиб: Наҳотки ўғлим! Наҳотки сен ўқишингни дунёга машҳур Бухорои шарифда давом эттирасан! Ишонгим келмайди! Бу қандай бахт!
Клаус қадимий ва навқирон Бухорои шарифга учиб келибди ва Ибн Сино номидаги Халқаро тиббиёт институтида ўқишни бошлабди. Бу университетда дарс берувчи устозларнинг аксарияти дунёга донғи кетган маҳаллий олимлар экан. Университет территорияси шу қадар катта экан-ки, уни ичида электромобил билан ҳаракатланишаркан. Ҳатто тиббий вертолётлар учун иккита учиш-қўниш майдончаси ҳам бор экан. Бухорода 120 та минора ва мадрасалар бўлиб, ҳар йили 24 млн сайёҳ келаркан.
Айниқса Имом ал Бухорий номидаги Халқаро Ислом университетига ўқишга кира олмай юрган ҳорижликлар сон-саноқсиз экан. Бу олий таълим даргоҳи дунёда ягона бўлиб, қанчадан-қанча давлатларга шайх ва шайхулисломларни етказиб бераркан. Бухоро халқи юксак даражада маданиятли бўлиб, бу ерга ташриф буюрган дунё халқлари бухороликлар урф-одати, кийиниш маданияти ва мулоқот санъатидан ҳайратда қолишаркан. Бухоролик аёллар ва эркакларнинг миллий кийимлари шу қадар гўзал ва ўзига ярашиб турар эканки, бу юртни тугатиб кетган талабалар ўз юртига боргач умрининг охиригача фахр билан бухороча кийиниб юришаркан...
Клаус Бухорода 10 йил ўқиб тиб илмини ўрганиб ўз юртига, яъни Германияга қайтибди. Уни қариндошлари, бирга ўқиган талабалар ва врачлар ўраб олибди. Қани гапир Клаус! Буюк Бухорода тиб илми қандай ривожланган экан? Бизлар ҳам эшитайлик! Айтишларича Бухорода тиббиёт 100 йилга илгарилаб кетганмиш! Бухорони тугатиб қайтган Клаус дипломни фахр билан ушлаб бағрига босиб, кўзларида қувонч билан сўзлай кетибди. Ҳа шундай! Бухородаги тиббиётдан ҳайратим чексиз! Инсон тасаввурига сиғмайдиган оламшумул кашфиётларнинг қай бирини айтсам экан?! Барчаси Бухорода кашф қилинган!
Майли, бу ютуқларнинг баъзиларини айтиб бера қолай: Бухорода рак касаллиги, масалан оққон касаллигини бемалол даволай олишади. Бизда эса йўқ. У ерда ҳар қандай ўсмани тиғ тегизмай даволайдиган “Гамманайф” ва “Кибернайф” деган ускуналар кашф қилинган. Уларда “Ибн Сино” деган роботлаштирилган жаррохлик комплекси бор. Бу аппарат ҳар қандай операцияни инсон иштирокисиз ўзи бажара олади. Италияликлар худди шундай хусусиятга эга “До Винчи” аппаратини ҳалигача ярата олмай хуноб. Бухоро – наномедицина ватани.
Бизда, яъни Германияда қонни суюлтиришга бир таблетка, моддалар алмашинувига иккинчи таблетка, қон босимга учинчи таблетка, юрак оғриғига тўртинчи таблетка, ич қотишига бешинчи таблеткани ичиб юрган пайтда Бухорои шарифда шундай ақлли нанотаблеткалар кашф қилинган экан-ки, унинг бир донаси мана шу бешта вазифасини бирваракайига бажара олади. Бизда, яъни Германияда инсоннинг ҳар бир аъзосини шкафдек-шкафдек аппаратларда текширса, Бухорода тугмадек битта чипни терига ёпиштириб қўяди ва ўша чип бир соат ичида организмдаги барча касалликларни аниқ айтиб ташхис қўя олади ва кўз олдингизда голограммада намоён бўлади. Бизда, яъни Германияда ДНК тестини ўтказишнинг ўзи бир азоб ва фақат Берлинда бор.
Бухорода эса бир томчи сўлакдан инсон организмидаги барча генлар тури ва жойлашувини аниқ айтиб бера оладиган кашфиётлар қилинган. Бизда инсульт оқибатида тилсиз қолиб, танасининг ярми ишламай ётганлар сон-саноқсиз, уларда эса инсульт ривожланган захоти 3 соат ичида битта дорини вена томиридан юборишади ва инсульт белгилари шу захоти орқага чекиниб тананинг фалажланган бир томони ўша захоти ишлаб кетаркан. Бемор эртаси куни уйига чиқарилади ва ўз касбини давом эттираверади. Ундан: “Кеча нега ишга келмадинг”? деб сўрашса, инсульт бўлиб қолувдим, бир кун шифохонада ётдим, дер экан.
Эртакомуз бу гаплар ҳақиқатнинг ўзгинаси. Германияда эса инсульт бўлган бемор бир томони фалажланиб умрбод ногирон бўлиб қолади ва ўла-ўлгунча укол-дорилар билан ўтади. Бухорода бемор комага тушмайди, тушса ҳам докторлар бир кунда хушига келтиришади...
Юқорида айтиб ўтганимиздек, Клауснинг уйига Германия тиббиёт институтларида ўқиётган талабалар ва у ердаги шифохоналарда ишлаётган врачлар тўпланишган экан. Бухорода тиб илмини ўрганиб келган Клауснинг суҳбатини ҳангу-манг бўлиб эшитиб ўтиришибди. Улардан бири жуда ватанпарвар экан, чидай олмай савол берибди: Нега биз немислар қолоқмиз?! Нега бизда тиббиёт ҳам қолоқ, одамлар ёвуз, бир-бири билан уришади, бир-бирини ҳақорат қилади, маданият йўқ, маънавият йўқ?! Кўчалар хароб! Немислар йиртиқ иштон кийиб юришади? Нега биз Бухоро ҳалқи каби маданиятли, маърифатли, илмли ва гўзал эмасмиз?! Нега?! Нега улар биздан 100 йил илгарилаб кетган?!
Клаус шундай деб жавоб қайтарибди: Ахир Бухорода Ибн Сино туғилган. Агар Ибн Сино Германияда туғилганида биз ҳам тиб илмида 100 йил олдинда кетардик. Бутун Европа 800 йил Ибн Сино асарларини ўқиб тиб илмини ўрганган! Тасаввур қилаяпсанми? Нақ 800 йил! Ахир Европанинг бирорта давлатида туғилган тиббиёт соҳаси олимлари Ибн Сино даражасига ета олмаган. Шунинг учун ҳам биз орқада қолиб кетдик.
Ибн Сино авлодлари унинг ўгитларига амал қилиб илгарилаб кетди. Боз устига улар жуда аҳил, бир-бирини сотмайди, фақат илм олади, илмли у ерда ҳеч қачон хор бўлмайди. Биздагидек амалдорлар олимларга эмас, аксинча олимлар амалдорларга ақл ўргатади. Имом Бухорийнинг “Илмдан бошқа нажот бўлмагай” деган ўгитига шох ҳам, гадо ҳам амал қилади Бухорода. Шунинг учун ҳам Бухоро – бутун дунё учун илм-фан машъали!
Биздачи? Бизда эса деб сўзини давом эттирибди, Клауса ёвуз ва бузғунчи Гитлер туғилган. Шу боис Гитлер қандоқ бўлса, немис ҳалқи ҳам шундоқ, яъни илмсиз, маданиятсиз, манавиятсиз, ёвуз... 1945 йили қанчадан қанча давлатлар устимизга бомбалар ёғдирди, шаҳарлар вайрон бўлди, катта-катта олимлар Германияни ташлаб Америкага қочди. Шундан бўлса керак биз немислар ҳалигача қаддимизни тиклай олмаяпмиз.
Немислар бир-бирини кўра олмайди, Берлинда яшайдиган немис, Франкфуртда яшайдиган немисни кўра олмайди, яъни маҳаллийчилик авж олган, илмли одамлар қадрланмайди. Эээ гапирса гап кўп... Шу боис немис халқи шу аҳволга тушиб қолди. Бухоро ҳалқи юқори даражада маданиятли ва маърифатли бўлмай бизни ҳалқ бўлсинми? Ахир Имом ал Бухорий ва Нақшбандий Бухорода туғилган бўлса! Ислом маданиятидан юксак маданиятнинг ўзи йўқ, дўстим, ўзи йўқ!
Четроқда индамай ўтирган яна бир врач Клаусга савол берибди: Ибн Сино, Имом ал Бухорий ва Баховуддин Нақшбандий каби 3 та буюк зот битта юртга кўплик қилмайдими? 1000 йилда бир маротаба дунёга келадиган бундай алломаларнинг ҳеч бўлмаганда биттаси Германияда туғилса бўлмасмиди? Клаус: Билмадим дўстим, билмадим. Бунинг сабаби ёлғиз Худога аён!
Шу пайт эрта тонгда кўчадаги бақир-чақирдан уйғониб кетдим. Қарасам тушим экан. Ғалати туш... Бироқ жуда ёқимли!
Зарифбой Ибодуллаев,
16 март 2021 йил.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! 16 март 2021 йил.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар